Ходим бухгалтер-кассир лавозимига ўриндошлик бўйича ишга қабул қилинган. У асосий иш жойи бўйича бошқа корхонада ҳафтасида 40 соатли иш куни билан 6 кунлик иш ҳафтаси бўйича ишлайди. Ўриндошликка ишга қабул қилиш тўғрисидаги буйруқда 0,25 ставка кўрсатилган. Ўриндошлик бўйича меҳнат шартномасида ставка кўрсатилмаган, фақат ҳафтасига 20 соатлик иш вақти режими акс эттирилган. Май ойи учун табелда бир ҳафтада 20 соат ишланган иш вақти билан 6 кунлик иш ҳафтаси кўрсатилган.
Корхона 0,25 ставкага ўриндошлик бўйича ишга қабул қилинган ходимнинг меҳнат шартномасида ва тегишинча, табелда ҳафтасига 20 соатлик иш вақти режимини кўрсатишга ҳақлими?
Буйруқ бўйича 0,25 ставка белгиланган бўлиб, табель бўйича ҳафтасига 20 соатлик иш вақти кўрсатилган ҳолда қандай ҳақ тўланади?
– Йўқ, ҳақли эмас.
Ходимлар учун иш вақтининг нормал давомийлиги ҳафтасига 40 соатдан ошмаслиги лозим (МК 115-м.), бу тўлиқ ставкага (1,0) тўғри келади. Ҳафтасига 20 соат эса саволда кўрсатилган чорак ставкага (0,25) эмас, балки ярим ставкага (0,5) тўғри келади. Шу боис ставка миқдорини ва иш вақти давомийлигини аниқлаштириб олиш лозим, улар бир-бирига мувофиқ бўлиши керак.
Чорак (0,25) ставка учун ҳафтасига 10 соатлик иш вақти давомийлиги меъёр ҳисобланади. Ушбу иш вақти соатларини табелда томонларнинг келишувига кўра тақсимлаш мумкин. Ўриндош учун асосий талаб асосий иш вақтидан бўш вақтда иш билан банд бўлиш ҳисобланади, унинг бир кундаги умумий давомийлиги 12 соатдан ошмаслиги лозим.
Меҳнат шартномасида ходим қандай ставкага ишга қабул қилинганлигини кўрсатиш, унинг иш вақтини ва ишланган вақтга мутаносиб ҳолда меҳнат ҳақини тўғри белгилаш лозим.
Ишга қабул қилиш тўғрисидаги буйруқ тузилган меҳнат шартномаси мазмунига мос келиши керак (МК 82-м.).