МЖТКга янги модда қўшилди ва таълим соҳасида жавобгарлик кучайтирилди (21.07.2020 йилдаги ЎРҚ-629-сон Қонун).
Таълим муассасалари педагог ходимларига қуйидагиларга нисбатан суд ҳимояси кафолатланди:
- уларнинг касбий фаолиятига ўқувчиларнинг билимларини тўғри ва холис баҳолашга таъсир кўрсатадиган қонунга хилоф равишда аралашиш;
- унинг хизмат вазифаларини бажаришга тўсқинлик қилиш.
Кўрсатиб ўтилган ҳаракатлар учун санкциялар ҳуқуқбузарнинг мақоми ва такрорийлигига боғлиқ ҳолда ўзгаради. Фуқароларга биринчи ҳуқуқбузарлик учун БҲМнинг 5 бараваридан 7 бараваригача ва маъмурий жазо қўлланилганидан кейин бир йил давомида такроран содир этилса - БҲМнинг 7 бараваридан 10 бараваригача, мансабдор шахсларга эса – тегишинча, БҲМнинг 7 бараваридан 10 бараваригача ва БҲМнинг 10 бараваридан 15 бараваригача миқдорида жарима солинади.
Бунда педагог маъмурий баённома тузмасдан ўз аризасида ҳуқуқбузарнинг шахси, ҳуқуқбузарлик содир этилган жой, вақт ва унинг моҳияти тўғрисидаги маълумотларни ҳамда бошқа зарур бўлган маълумотларни кўрсатган ҳолда судга мурожаат қилишга ҳақли.
Бундан ташқари, болаларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш борасидаги мажбуриятларни бажармаганлик учун жавобгарлик чоралари кучайтирилди. Хусусан,
а) ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар томонидан вояга етмаган болаларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш борасидаги мажбуриятларни бажармаслик, шу жумладан вояга етмаган болаларнинг маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этишига олиб келиши – БҲМнинг 1 бараваридан 5 бараваригача жарима (аввал БҲМнинг ½ қисмидан 3 бараваригача бўлган);
б) маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса – БҲМнинг 5 бараваридан 10 бараваригача жарима (аввал БҲМнинг 3 бараваридан 5 бараваригача бўлган);
в) болаларнинг мажбурий умумий ўрта таълим, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими олишига ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар томонидан тўсқинлик қилиш – БҲМнинг 10 бараваридан 15 бараваригача жарима (аввал БҲМнинг 5 бараваридан 10 бараваригача бўлган);
г) маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса – БҲМнинг 15 бараваридан 25 бараваригача жарима ёки 15 суткагача муддатга маъмурий қамоққа олиш (аввал БҲМнинг 10 бараваридан 20 бараваригача жарима ёки 15 суткагача муддатга маъмурий қамоққа олиш) қўлланилади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 22.07.2020 йилдан кучга кирган.
Олег Заманов.