Norma.uz
Норма маслахатчи / 2020 йил / № 30 / Расмий ҳужжатлар

«Цемент импорти тартибини соддалаштириш ҳамда ички бозорни сифатли цемент билан таъминлаш чора–тадбирлари тўғрисида»

 

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ ҚАРОРИ

 

Цементни импорт асосида республикага олиб киришда хўжалик юритувчи субъектларга қулайлик яратиш ҳамда ички бозорни сифатли цемент билан узлуксиз таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Қуйидагилар:

Цемент маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш ҳамда ички бозорни сифатли цемент билан таъминлаш бўйича «Йўл харитаси» 1-иловага** мувофиқ;

Цемент импортини соддалаштирилган тартибда амалга ошириш ҳамда ички бозорда унинг сифатини назорат қилиш схемаси 2-иловага** мувофиқ тасдиқлансин.

2. Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси, Давлат божхона қўмитаси, «Ўзстандарт» агентлигининг республикага олиб кириладиган цементни эркин муомалага чиқаришни соддалаштирилган тартиб асосида амалга ошириш амалиётини қўллаш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин. Бунда:

цемент республика ҳудудига олиб кирилгунга қадар импорт қилувчи хўжалик юритувчи субъект ва жисмоний шахс (кейинги ўринларда - импорт қилувчи) томонидан ихтиёрийлик асосида унинг намуналари техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига мувофиқлигини баҳолаш учун сертификатлаштириш органига тақдим этилади, бунда маҳсулотни эркин муомалага чиқариш («ИМ 40» режимига ўтказиш) давлат божхона хизмати органлари томонидан тегишли мувофиқлик сертификати асосида амалга оширилади, божхона қонун ҳужжатлари бузилиши хавфи белгилари аниқланган ҳолатлар бундан мустасно;

цемент аввал олиб кирилган ва охирги ўн икки ой давомида бир ишлаб чиқарувчининг цемент маҳсулотига нисбатан берилган мувофиқлик сертификати асосида (амал қилиш муддатидан қатъи назар) ушбу ишлаб чиқарувчининг кейинги маҳсулоти импорт қилувчи томонидан республика ҳудудига олиб кирилган ҳолларда «Ягона дарча» божхона ахборот тизимида маҳсулотни техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига мувофиқлигини баҳолаш учун сертификатлаштириш органининг ариза бўйича қабул қилган қарори давлат божхона хизмати органлари томонидан маҳсулотни эркин муомалага чиқаришга асос бўлади, божхона қонун ҳужжатларининг бузилиши хавфи белгилари аниқланган ҳолатлар бундан мустасно. Бунда аризада кўрсатилган миқдордаги цемент сифати бўйича даврий равишда лаборатория синовлари амалга оширилади ва натижалари бўйича импорт қилувчига синов баённомаси тақдим этилади.

Ҳар бир божхона юк декларацияси бўйича маълумот сертификатлаштириш органига «Ягона дарча» божхона ахборот тизими орқали юборилади ва цемент эркин муомалага чиқарилганда сертификатлаштириш органи билан импорт қилувчи ўртасида тузилган шартнома доирасида цементни хавф-хатарларни таҳлил қилиш асосида даврий равишда лаборатория синовларидан ўтказилади.

3. Белгилаб қўйилсинки:

лаборатория синови натижаларига кўра цемент белгиланган талабларга номувофиқ деб топилган тақдирда, бу ҳақда бир кун муддатда сертификатлаштириш органи томонидан импорт қилувчи, Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги, Давлат божхона қўмитаси, Монополияга қарши курашиш қўмитаси ва «Ўзстандарт» агентлиги хабардор қилинади;

белгиланган талабларга номувофиқ деб топилган цементни олиб кирган импорт қилувчи олти ой муддат давомида ушбу маҳсулотни эркин муомалага чиқаришда соддалаштирилган тизимдан фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлмайди;

«Ўзстандарт» агентлиги ҳузуридаги Техник жиҳатдан тартибга солиш, стандартлаштириш, сертификатлаштириш ва метрология соҳасидаги қонунчилик талабларига риоя қилинишини таъминлаш департаменти (кейинги ўринларда - Департамент) сертификатлаштириш органларининг хабарномасига кўра белгиланган талабларга номувофиқ бўлган маҳсулотни сотишни ва ундан фойдаланишни тўхтатиб қўйиш тўғрисида импорт қилувчига бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатма беради.

4. Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги Департамент билан биргаликда ички бозордаги цемент маҳсулотлари сифатини ўрганиш мақсадида чакана савдо шохобчаларида назорат харидларини амалга оширсин ва маҳсулотнинг техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига мувофиқлигини ўрганиб борсин.

5. «Ўзстандарт» агентлиги бир ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига қуйидагиларни назарда тутувчи тегишли қонун лойиҳасини киритсин:

техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига жавоб бермайдиган цементни олиб кирганлиги;

ички бозорда цемент маҳсулотларини чакана сотишда истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунчилик талабларини бузганлиги учун жарималар қўллаш.

6. Департамент ва Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларга номувофиқ бўлган цемент маҳсулоти ҳамда истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунчилик талаблари бузилишига олиб келган ҳолатлар оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилишини таъминласин.

7. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш агентлигининг фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2019 йил 24 апрелдаги 348-сон қарорига 3-иловага** мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.

8. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари А.Ж.Раматов ва Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ўринбосари - Ўзбекистон Республикаси иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Ж.А.Қўчқоров зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири

А.АРИПОВ.

Тошкент ш.,

2020 йил 23 июль

450-сон.

Прочитано: 394 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика