Norma.uz
Норма маслахатчи / 2020 йил / № 33 / Қонунчиликдаги янгиликлар

Янги ҳужжатларни тақдим этамиз

Олий Мажлис текширув ўтказиш ҳуқуқига эга бўлди

 

Қонун ҳужжатларига қонун ижодкорлиги ҳамда парламент назорати жараёнлари такомиллаштирилишига оид тузатишлар киритилди (10.08.2020 йилдаги ЎРҚ-631-сон Қонун).

 

Биринчидан, янги механизм – парламент текшируви жорий этилади. Жамият ва давлатнинг энг муҳим манфаатларига дахл қилувчи, мамлакат хавфсизлиги асосларига, унинг барқарор ривожланишига салбий таъсир кўрсатиши мумкин бўлган муайян фактларни ёки воқеаларни ўрганиш мақсадида парламент текшируви ўтказилади.

Қонунчилик палатаси ёки Сенат томонидан парламент текшируви ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилинади (қўшма қарор қабул қилиниши ҳам мумкин) ҳамда уларнинг вакилларидан иборат Комиссия тузилади, у:

  • давлат органларининг, хўжалик бошқаруви органларининг вакилларини, мутахассисларни, экспертларни ва олимларни комиссия ишига жалб этишга ҳақли;
  • давлат органларидан, хўжалик бошқаруви органларидан, бошқа ташкилотлардан, шунингдек фуқаролардан зарур маълумотларни сўраб олишга, уларни тушунтириш бериш учун таклиф этишга ҳақли;
  • Парламентнинг тегишли палатасини бажарилган ишлар тўғрисида белгиланган муддатда хабардор қилади.

Иккинчидан, Қонунчилик палатаси ва Сенатга давлат органлари, хўжалик бошқаруви органлари раҳбарларининг ўз фаолиятига доир масалалар юзасидан ахборотини эшитиш ҳуқуқи берилди. Бу ҳукумат аъзоларига нисбатан белгиланган тартибга кўра амалга оширилади.

Учинчидан, парламент сўрови, сенаторнинг сўрови, Қонунчилик палатаси ёки тегишли халқ депутатлари Кенгаши депутатининг сўровига жавоб ким томонидан имзоланиши аниқлаштирилди. Жавобни ўз номига сўров юборилган мансабдор шахс ёки унинг вазифаларини вақтинча бажараётган шахс имзолайди.

Эслатиб ўтамиз, сўров қуйидаги масалалар юзасидан асосланган тушунтириш берилиши ёки ўз позициясини баён этиш талабини ифодалайди:

  • қонунлар, турли соҳалардаги давлат дастурлари ижроси ҳамда давлат органлари, хўжалик бошқаруви органларининг мансабдор шахслари юритувидаги бошқа муҳим масалалар юзасидан – парламент сўрови;
  • тегишли ҳудудларнинг манфаатлари билан боғлиқ масалалар юзасидан – сенатор сўрови;
  • тегишли сайлов округи сайловчиларининг ҳуқуқларини ва қонуний манфаатларини таъминлаш билан боғлиқ масалалар юзасидан – депутат сўрови.
  • Статистикага кўра кўпгина сўровларга жавоблар сўров юборилган манзилдан берилмаётганлиги тузатишлар киритишни тақозо этди. Масалан, 2018 йилда юборилган 207 та парламент сўровига бошқа мансабдор шахслар томонидан имзоланган 120 та жавоб олинган. 2019 йилда 175 та (72%) депутат сўровига тегишли органлар раҳбарларининг ўринбосарлари, 13 та (5%) сўровга – тобе ташкилотлар раҳбарлари, 2 та сўровга (1%) – бошқа ташкилотларнинг мансабдор шахслари томонидан жавоб берилган.

Тўртинчидан, қуйидагилар қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъекти киритган қонун лойиҳасини биринчи ўқишда кўриб чиқилаётганда иштирок этиши ва маъруза билан сўзга чиқиши мумкин:

  • Жўқорғи Кенгес, Вазирлар Маҳкамаси, Конституциявий ва Олий судлар – улар тайинлаган вакил орқали;
  • Президент ва Бош прокурор – шахсан иштирок этиши ёки вакил тайинлаши;
  • Қонунчилик палатаси депутатлари – шахсан иштирок этиши.

Қонун лойиҳасини Қонунчилик палатасига киритиш тўғрисидаги қарорда кимлар лойиҳани кўриб чиқишда иштирок этиши ва маъруза билан сўзга чиқиши кўрсатилади.

Бешинчидан, Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари мақоми белгиланди. У:

  • халқаро парламент ташкилотлари билан алоқаларни ривожлантиради, бошқа давлатларнинг парламентлари ва халқаро парламент ташкилотлари билан ҳамкорлик бўйича бошқа тузилмалар (парламентлараро гуруҳлар, комиссиялар, қўмиталар, ишчи гуруҳлар ва бошқалар) фаолиятини мувофиқлаштиради, парламентлараро дипломатияни ривожлантиради, халқаро шартномаларнинг ҳукумат томонидан бажарилишини назорат қилишга доир ишларни ташкил этади, ташкилий ва бошқа вазифаларни бажаради;
  • ўз вазифаларини бажариш даврида сиёсий партияга аъзоликни тўхтатиб туради ва фракция таркибига кириши мумкин эмас;
  • Қонунчилик палатаси қўмиталарининг таркибига сайланиши мумкин эмас.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 10.08.2020йилдан кучга кирди.

 

 

 

Чет элдаги ишга жойлаштириш учун ҳақни ким тўлайди

 

 «Хусусий бандлик агентликлари тўғрисида»ги Қонунга тузатишлар киритилди (13.08.2020 йил­даги ЎРҚ–632-сон Қонун). Улар 3 ой ўтгач кучга киради.

 

Хусусий бандлик агентликларига (ХБА) мамлакатимиздан ташқаридаги ишни қидираётган шахсларни ишга жойлаштирганлик учун фуқароларнинг ўзидан ҳақ ундириш тақиқланади – ушбу хизматлар ҳақини иш берувчилар тўлаши керак. Фуқароларга ушбу тақиқ ҳақида ёзма шаклда билдиришнома берилади. Агентлик томонидан шартнома мажбуриятлари бажарилмаган ёки лозим даражада бажарилмаган тақдирда мурожаат қилиш учун билдиришномада ХБА ва Меҳнат вазирлигининг почта манзиллари ва телефон рақамлари ҳам кўрсатилиши керак.

Шу тариқа, тузатиш одамлардан ҳақ ундириб, бироқ уларни ишга жойлаштириш бўйича мажбуриятларини бажармайдиган ноҳалол агентликлардан ҳимоя қилади. Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан бундай фактлар бир неча бор қайд этилган, сўнгги вақтда 10 нафар ХБА раҳбарига нисбатан жиноий иш қўзғатилди. Уларнинг ноқонуний фаолиятидан 7 123 нафар фуқаро жами 72 млрд сўмдан ортиқ миқдорда зарар кўрган.

Тегишинча, ХБА эҳтимолий меҳнат мигрантларини ишга жойлаштириш бўйича хизматлар кўрсатиш учун чет эллик иш берувчи ва (ёки) шерик билан ҳамкорлик тўғрисида шартнома тузади. Ушбу ёзма шаклда тузилган ҳужжатда қуйидагилар акс эттирилади:

  • касб ёки мутахассислик тури, меҳнатга ҳақ тўлаш миқдори, ажратилган квоталар сони, иш вақтининг давомийлиги, иш жойигача ва иш жойидан транспортда ташиш, ишидан маҳрум бўлган тақдирда ижтимоий ҳимоя қилиш, санитария-гигиена тадбирларини ҳамда тиббиётга оид бошқа тадбирларни ташкил этиш, меҳнат ва дам олишни муҳофаза қилиш, ишлаб чиқаришда бахтсиз ҳодиса ёки касб касаллиги юзага келган тақдирда компенсация олиш тартиби ва бошқа шартлар;
  • тарафларнинг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва жавобгарлиги;
  • шартноманинг муддатлари, уни ўзгартириш ва бекор қилиш тартиби, шунингдек унинг бошқа шартлари.

Шартноманинг матни агентликнинг расмий веб-сайтида жойлаштирилиши керак. Шартномани тузмасдан хизматлар кўрсатиш тақиқланади.

ХБА фуқароларни чет элдаги ишга жойлаштириш билан шуғулланиш учун Меҳнат вазирлиги ҳузуридаги махсус жамғармада захира қилиб қўйиши керак бўлган сумма кўпайтирилади. Ҳозир у $50 мингни ташкил этади, энди эса 8 500 БҲМ бўлади. Эслатиб ўтамиз, захира қилинадиган сумма сарфланган тақдирда маблағларнинг ўрнини тўлдириш зарур, лицензия тугатилган ёки бекор қилинган тақдирда эса улар қайтарилиши лозим.

ХБА ишга жойлаштириш соҳасида тақдим этадиган ахборот ва маслаҳат хизматларининг «чегараланган қиймати» ҳам белгиланади. Уларнинг қиймати 1 БҲМдан ошмаслиги керак. Ўз навбатида, бундай хизматларни бепул асосда кўрсатиш имконияти истисно этилади.

Қўшимча назорат дастаклари жорий этилади:

биринчидан, ХБА хизматлар кўрсатиш тўғрисидаги шартномаларни рўйхатдан ўтказишлари шарт – буни Меҳнат вазирлигининг «labr-migratin» тизимида онлайн-режимда амалга ошириш мумкин;

иккинчидан, Меҳнат вазирлиги ХБАнинг молиявий-хўжалик фаолиятига аралашмасдан уларни текшириш ҳуқуқига эга. Бунда текширувлар Текширувларни электрон рўйхатга олиш ягона тизимида уларни рўйхатдан ўтказиш орқали бизнес-омбудсманни хабардор қилиш тартибида ўтказилади. Ушбу жараёнда вазирликнинг вакиллари:

  • ҳудудлар ва биноларга монеликсиз киришлари;
  • текширувга тааллуқли барча зарур ҳужжатлар билан танишиб чиқишлари;

ХБАнинг мансабдор шахсларидан текширув ўтказиш чоғида аниқланган қоидабузарликлар фактлари юзасидан ёзма тушунтиришлар, шунингдек ҳужжатларнинг зарур бўлган, тегишли равишда тасдиқланган кўчирма нусхаларини олишлари мумкин.

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz)  эълон қилинган ва 13.08.2020 йилдан кучга кирди.

 

 

Ўзбекистонда Skills Passprt тизими жорий этилади 

 

Президентнинг 11.08.2020 йилдаги ПҚ-4804-сон қарори билан мамлакатимизда касб-ҳунарга ўқитиш соҳасини янада риовжлантириш чора-тадбирлари белгиланди.

 

Ҳужжатга мувофиқ қуйидагилар ташкил этилади:

а) 2021 йил 1 январга қадар – Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда «Ишга марҳамат» мономарказлари;

б) бир ой муддатда:

  • Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида Меҳнат вазирлиги тизимидаги касб-ҳунарга ўқитиш марказлари;
  • пойтахт туманларида қисқа муддатли касб-ҳунарга ўқитиш курслари (Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан биргаликда);

в) 2 ой муддатда – маҳалла аҳолисини касб-ҳунарга ўқитиш масканлари (Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги билан биргаликда).

2021 йил 1 январдан бошлаб «Ишга марҳамат» мономарказлари ҳамда касб-ҳунарга ўқитиш марказлари битирувчиларининг касбий малакаси WrldSkills стандартлари асосида баҳоланади. Баҳолашдан муваффақиятли ўтган битирувчиларга мамлакатимизда ва хорижий давлатларда тан олинадиган Skills паспорти берилади. Касбий малакаси тасдиқланган битирувчиларнинг Ягона реестри шакллантирилади. Мономарказлар ҳамда касб-ҳунарга ўқитиш марказлари томонидан берилган ҳужжат ҳамда Skills паспорти ўрта махсус, касб-ҳунар таълими дипломи даражасига тенглаштирилади, бироқ таълимнинг кейинги турини давом эттириш учун асос ҳисобланмайди.

Параллель равишда соҳада хусусий секторни фаол ривожлантириш кўзда тутилмоқда. Рағбатлантирувчи чоралар сифатида преференциялар жорий этилмоқда.

Нодавлат касб-ҳунарга ўқитиш муассасаларини ташкил этаётган хусусий инвесторлар

Преференциялар тарзида:

  • Меҳнат вазирлигининг «Ишга марҳамат» мономарказлари ва касб-ҳунарга ўқитиш марказларининг, касб-ҳунарга ўқитиш муассасаларининг бинолари (уларнинг бир қисми)ни, маҳаллий ҳокимият ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тавсиясига кўра бошқа бўш турган бинолар (уларнинг бир қисми)ни оператив бошқарувга ёки узоқ муддатли имтиёзли ижарага оладилар;
  • ўқув дастури ва ўқитувчиларни мустақил танлаш ҳуқуқига эгалар;
  • касб-ҳунарга ўқитиш марказлари биноларининг бир қисми билан бирга ўқув жиҳозлари ва анжомларидан имтиёзли равишда фойдаланиш имконига эга бўладилар;

ўзлари ташкил этган муассасаларда Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси ҳисобидан ўқитиш учун давлат буюртмасининг кафолатланган энг кам даражасини белгилашлари мумкин

Қуйидагиларни таъминлашлари шарт:

  • касб-ҳунарга ўқитиш ва кўникмаларни баҳолаш сифатининг ташқи ва миллий меҳнат бозори талабларига мослигини;
  • ишсиз, камбағал фуқароларни касб-ҳунарга ўқитиш харажатларини Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси ҳисобидан тўланаётган давлат буюртмасининг миқдоридан оширмасликни;
  • касбий кўникмалари баҳоланаётган фуқаролар тўғрисида маълумотларни Тасдиқланган малакага эга шахслар миллий реестрига қўшиш учун тақдим этишни

Нодавлат касб-ҳунарга ўқитиш муассасалари битирувчилари

WrldSkills ва бошқа халқаро стандартлар даражасида касбий малака сертификатини (Skills паспорти) олган битирувчиларга Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан:

  • касб-ҳунарга ўқиш ва малака имтиҳонини топшириш харажатлари қопланади;
  • тадбиркорликка жалб этиш ва ўзини ўзи банд қилганлик учун рағбатлантириш субсидиялари ажратилади;
  • ўз бизнесини бошлаши учун имтиёзли кредит ажратишга йўлланма берилади

 

Давлат ва нодавлат касб-ҳунарга ўқитиш муассасаларида меҳнат органлари йўлланмаси билан юборилган ишсиз фуқароларни ўқитиш харажатлари Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан, бошқа фуқароларни ўқитиш харажатлари эса – қуйидаги манбалар ҳисобидан қопланади:

  • фуқароларнинг ўз маблағлари;
  • ўз ишчиларини касбий малакасини ошириш учун (касбий ўқитиш, қайта ўқитишга) юборган иш берувчилар маблағлари;
  • янги ишчиларни касбга тайёрлаш учун буюртма берган ташкилотлар маблағлари;
  • қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар.

2020 йилда тажриба ўтказилади, унинг доирасида:

биринчидан, тадбиркорлик субъектларига Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан қуйидагилар берила бошлайди:

а) қуйидаги шартлар билан (банклар орқали) микрокредитлар:

ногиронлиги бўлган шахслар учун иш ўринлари яратиш – яратилган иш ўрнида улар камида бир йил ишлашлари керак;

  • миқдори – ҳар бир яратилаётган иш ўрни учун БҲМнинг 25 бараваригача, бироқ жами ҳар бир тадбиркорлик субъекти учун БҲМнинг 500 бараваридан ошмаган миқдорда;
  • муддати – 3 йил муддатга, бир йиллик имтиёзли давр билан;
  • ставкаси – МБнинг асосий ставкасида (ҳозир – йиллик 15%, таҳр. изоҳи);

б) иш ўринлари ва шароитларини ногиронлиги бўлган шахсларга мослаштириш учун субсидия – ҳар бир мослаштирилаётган иш жойи учун БҲМнинг 40 бараваригача миқдорда;

иккинчидан, Ишга лаёқатли ногиронлиги бўлган шахсларнинг электрон реестри шакллантирилади – унга киритилган шахсларни бўш иш ўринларига жойлаштиришга кўмаклашилади;

учинчидан, Меҳнат вазирлиги тизимидаги касб-ҳунарга ўқитиш марказларида ижтимоий ҳимояга муҳтож, айниқса, кам таъминланган ва меҳнат мигрантлари оилаларининг аъзолари, ногиронлиги бўлган шахсларни бепул ўқитиш курслари ташкил этилади.

Бундан ташқари, Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан ҳар бир таълим олувчи учун бир ойда БҲМнинг 4 бараваридан ортиқ бўлмаган миқдорда грантлар ажратилади:

  • давлат ёки нодавлат касб-ҳунарга ўқитиш муассасаларига – ишсиз ва банд бўлмаган аҳолини, шунингдек «labr-migratin» дастурий мажмуасида рўйхатга олинган меҳнат мигрантларини тадбиркорлик кўникмалари, хорижий тиллар ва касб-ҳунарга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш учун;
  • ташкилотларга – ишлаб чиқаришнинг ўзида ўқитиш учун ҳамда «уста-шогирд» мактабларига.

РФ ҳудудида меҳнат фаолиятини олиб бораётган Ўзбекистон фуқароларини касб-ҳунарга ва рус тилига ўқитиш ташкил этилади. Харажатларни Хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширувчи фуқароларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш жамғармаси қоплайди.

 

Олег Заманов, «Nrma» МЧЖ эксперти.

 

 

Жойлаштириш хизматларини кўрсатиш ва хостеллар ташкил этиш тартиби тасдиқланди

Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикасида туризм соҳасини тиклаш ва ривожлантириш учун қулай шарт-шароитларни яратиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори (10.07.2020 йилдаги 433-сон) билан қуйидаги низомлар тасдиқланган:

 

  • Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлаштириш бўйича хизматларни кўрсатиш тартиби тўғрисидаги низом (1);
  • Ўзбекистон Республикасида хостеллар фаолиятини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низом (2);
  • Турар жойларни ижарага беришнинг Ягона электрон реестрини юритиш ва уларни сертификатлаш тартиби тўғрисидаги низом (3).

Низомга (1) мувофиқ меҳмонхона хизматларига, шу жумладан уларнинг ҳажми ва сифатига доир талаблар, қонун ҳужжатларида бошқа талаблар назарда тутилмаган бўлса, бажарувчи ва ташриф буюрувчининг (буюртмачининг) келишувига биноан белгиланади. Бунда номер (жой) нархи бажарувчи томонидан мустақил белгиланади.

Меҳмонхона хизматлари доимий яшаш жойи, фуқаролик, жисмоний шахсларнинг қариндошлик ва никоҳ муносабатлари, шунингдек шахсий ҳаёт ҳуқуқини чекловчи бошқа омиллардан қатъи назар кўрсатилиши лозим.

Меҳмонхона хизматларини кўрсатиш ва улардан фойдаланишнинг ички қоидалари ташриф буюрувчига маълум қилинади. Жойлаштириш воситасига ташриф буюрувчининг келиш вақтидан бошлаб ва унинг кетишигача бўлган муддатда у банд қилган номерга (жойга) турар жой дахлсизлиги тўғрисидаги қонун ҳужжатлари нормалари татбиқ этилади.

Жойлаштириш воситалари мажбурий равишда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳузуридаги «Туризм хизматларини сертификатлаштириш маркази» ДУК томонидан сертификатланади ва белгиланган тоифага мувофиқ бўлиши керак.

Меҳмонхона тўғрисидаги маълумотлар ташриф буюрувчилар танишиши учун қулай бўлган жойда, шунингдек расмий веб-сайтга (мавжуд бўлганда) жойлаштирилиши лозим.

Шунингдек Низомда қуйидагилар келтирилган:

  • меҳмонхона хизматларини тақдим этиш, шу жумладан номерларни брон қилиш, бепул тарздаги хизматларни кўрсатиш тартиби;
  • бажарувчи ва ташриф буюрувчининг жавобгарлиги.

Низом (2) хостеллар фаолиятини ташкил этиш ва хостел хизматларини тақдим этиш тартибини белгилайди.

Хостел эгалари фақат улар Оилавий меҳмон уйлари ва хостеллар ягона реестрига (кейинги ўринларда – Реестр) киритилгандан сўнг меҳмонхона хизматлари ва вақтинча яшаш бўйича хизматлар кўрсатиш ҳуқуқига эга бўлади.

Реестрга киритиш учун аризага ёнғин хавфсизлиги ва санитария-гигиена назорати бўйича ваколатланган назорат органларининг хулосалари нусхалари, шунингдек хостелларнинг стандартлаштиришга оид норматив ҳужжатларда белгиланган талабларга мувофиқлигини тасдиқловчи ҳужжатлар илова қилиниши керак.

Янгидан ташкил этилган хостеллар учун улардан фойдаланиш кунидан бошлаб бир йил давомида кўрсатиб ўтилган ҳужжатлар ўрнига давлат комиссиясининг фойдаланишга қабул қилиш тўғрисидаги далолатномаси нусхаси ҳам тақдим этилиши мумкин.

Ваколатли орган хостелларнинг Низом ва стандартлаштириш бўйича норматив ҳужжатлар талабларига мувофиқлигини ўрганиб чиқади. Мониторинг қуйидаги тартибда амалга оширилади:

  • жойлаштириш воситалари ва улар томонидан кўрсатиладиган хизматларнинг белгиланган талабларга мувофиқлигини ўрганиш орқали;
  • хостелларга ташриф буюрувчиларни (туристларни) ваколатли давлат органи томонидан тасдиқланган шаклда анкеталаштириш йўли билан.

Низом (3) амалдаги автоматлаштирилган махсус электрон дастурда ижарага бериладиган турар жойлар ва яшовчилар ҳисобини юритиш, шунингдек сертификатлаштириш ва Турар жойларни ижарага беришнинг ягона реестрини юритишнинг тартибини белгилайди.

Низомда белгиланишича, жисмоний ва юридик шахслар тасарруфида бўлган, туристларга 30 кунгача ижарага бериладиган турар жойлар солиқ солиш мақсадларида рўйхатдан ўтказилади, шунингдек туристлар турган жойи бўйича вақтинча рўйхатдан ўтказилади. Улар турар жойлар Реестрга киритилгандан сўнг ижарага бериш ҳуқуқига эга бўладилар.

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳузуридаги «Туризм хизматларини сертификатлаш маркази» ДУК томонидан соддалаштирилган тартибда сертификатлаш амалга оширилади ва Реестр юритилади. Марказга онлайн-режимда тақдим этилган аризалар ва илова қилинган ҳужжатлар бир кун ичида кўриб чиқилади. Ўрганиб чиқиш натижалари бўйича турар жой Реестрга киритилади ва бу ҳақда турар жой эгасига автоматик режимда QR-коддан фойдаланган ҳолда хабар юборилади.

Ижарага берилаётган турар жой «Туристик хизматлар, жойлаштириш воситалари ва умумий талаблар»га мувофиқ бўлиши лозим. Ижарага берувчи турар жойдаги санитария-гигиена ва ёнғин хавфсизлиги учун жавобгар бўлади.

Реестрга киритиш тўғрисидаги аризани кўриб чиқиш учун йиғим ҳар бир турар жой учун қуйидаги миқдорларни ташкил этади:

  • жисмоний шахслар (якка тартибдаги тадбиркорлар) учун – БҲМнинг 50%;
  • юридик шахслар учун – 1 БҲМ.

Шунингдек Низомда қуйидагилар қайд этилган:

  • турар жой эгасининг белгиланган талабларга риоя қилишини мониторинг қилиш тартиби;
  • турар жой эгалари Туризм хизматларини сертификатлаш марказининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари.

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 10.07.2020 йилдан кучга кирди.

 

Лола Абдуазимова.

 

 

 

Қанча нақд валютани декларацияламасдан олиб кириш ва олиб чиқиш мумкин

 

Вазирлар Маҳкамасининг 10.08.2020 йилдаги 472-сон қарори билан Жисмоний шахслар томонидан нақд хорижий валютани Ўзбекистон Республикасининг божхона чегараси орқали олиб кириш ва олиб чиқиб кетиш қоидаларига (1-илова, ВМнинг 30.01.2018 йилдаги 66-сон қарори) ўзгартиришлар киритилди. Улар 2020 йил 1 сентябрдан кучга киради. 

 

«Нақд хорижий валюта» атамаси «Ўзбекистон Республикаси нақд валютаси» ва «нақд чет эл валютаси» атамалари билан алмаштирилди.

2020 йил 1 сентябрдан жисмоний шахслар томонидан эквиваленти 70 млн сўмга тенг ёки ундан ошмайдиган сумма доирасидаги нақд валюта маблағларини Ўзбекистонга олиб киришда ва мамлакатдан олиб чиқиб кетишда мажбурий ёзма декларациялаш бекор қилинади. Кўрсатилган сумма доирасидаги нақд валюта маблағларини йўловчи божхона декларациясида кўрсатмай олиб кириш ва олиб чиқиб кетиш мумкин бўлади. Ушбу суммадан ортиқ миқдордаги нақд валюта маблағларини олиб кириш ва олиб чиқиб кетиш чоғида жами сумма ёзма равишда декларацияланади.

Қиёслаш учун: ҳозир жисмоний шахслар томонидан олиб кирилаётган ва олиб чиқиб кетилаётган 2 000 АҚШ доллари эквивалентидан ортиқча миқдордаги нақд хорижий валюта декларацияланиши лозим.

Эслатиб ўтамиз, жисмоний шахсларга божхона назорати қоидаларига риоя қилган ҳолда нақд валюта маблағларини чекланмаган миқдорда олиб киришга, эквивалентда 100 млн сўмга тенг ёки ундан ошмайдиган сумма доирасида олиб чиқиб кетишга рухсат берилган («Валютани тартибга солиш тўғрисида»ги Қонуннинг 22-моддаси). Фақат қуйидаги шахслар кўрсатилган суммадан ортиқ миқдордаги нақд валюта маблағларини республика ташқарисига олиб чиқиб кетишлари мумкин:

  • резидентлар – хорижий давлатларга хизмат сафарига кетаётган Ҳукумат делегацияси аъзолари учун Вазирлар Маҳкамасининг фармойиши асосида;
  • норезидентлар – республикага кириш чоғида расмийлаштирилган йўловчи божхона декларацияси асосида декларация қилинган маблағлар доирасида, шунингдек республикада белгиланган тартибда ташкил қилинган халқаро мусобақалар (танловлар, олимпиадалар) совриндорлари ёки қатнашчилари томонидан маблағларнинг қонунийлигини тасдиқловчи ҳужжатлар асосида.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 1.09.2020 йилдан кучга киради.

 

Эльмира Сиразиева.

 

 

Соддалаштирилган тартибда импорт қилинадиган дори воситалари ва тиббий буюмлар рўйхати қайта кўриб чиқилди

 

Вазирлар Маҳкамасининг 11.08.2020 йилдаги 474-сон қарори билан Ҳукуматнинг «Коронавирус пандемияси даврида дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техникалар муомаласини тартибга солишга доир чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига (22.07.2020 йилдаги 449-сон) ўзгартиришлар киритилди.

 

Ҳужжатда белгиланишича, CVID-19 инфекцияси билан касалланган беморларни даволашда қўлланиладиган дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техникаларнинг Ўзбекистондан ташқарига олиб чиқилиши (реэкспорт божхона тизими бундан мустасно) 1 октябрга қадар вақтинчалик тўхтатилади. Илгари барча фармацевтика маҳсулотларини олиб чиқиш тақиқланган эди.

Бунда CVID-19 инфекцияси билан касалланган беморларни даволашда қўлланиладиган айрим дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техникаларни экспорт қилишга Республика махсус комиссияси томонидан Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳамда Фармацевтика соҳасини ривожлантириш агентлигининг қўшма хулосаси асосида рухсат берилади.

Қарор билан қуйидагилар тасдиқланган:

  • Ўзбекистон Республикасида рўйхатдан ўтказмасдан ҳамда сертификатлаштирмасдан импорт қилинадиган, CVID-19 инфекцияси билан касалланган беморларни даволашда қўлланиладиган тиббий буюмлар ва тиббий техникалар рўйхати;
  • Ўзбекистон Республикасида рўйхатдан ўтказмасдан, мажбурий сертификациялаштириш шарти билан импорт қилинадиган, CVID-19 инфекцияси билан касалланган беморларни даволашда қўлланиладиган дори воситалари ва биологик фаол моддалар рўйхати.

Дори воситаларининг янги рўйхатидан қуйидагилар чиқариб ташланган: умифеновир, меглюмина акридонацетат, рибавирин, ритонавир, лопинавир, циклоферон, ивермектин, нелфинавир, ингаверин, анаферон, гроприносин, арепливир, сульфокамфокаин 99,2 мг/мл, интерферон, гелофузин, дофамин ва криопреципитат.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 12.08.2020 йилдан кучга кирган.

 

Баҳодир Қаюмов.

Прочитано: 411 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика