Norma.uz
Норма маслахатчи / 2020 йил / № 33 / Кадрлар бўлими

Директор бош бухгалтернинг ишдан бўшатилишини чеклаганда

Директор ўз ихтиёрига кўра меҳнат шартномасига бош бухгалтер ҳисобот даври якунланганидан кейин ишдан бўшаши мумкинлиги ҳақидаги шартни киритмоқчи бўлганда қандай йўл тутиш керак? Меҳнат шартномасида ҳисоботларни тайёрлаш ва топшириш даврида ишдан бўшаш мумкин эмаслиги, акс ҳолда жарима тўланиши белгиланган. Ҳаётда ҳар хил жиддий вазият юзага келиши мумкин-ку, ахир...Бундай меҳнат шартномасини имзолаш зарурми?  

 

Бундай меҳнат шартномасини имзоламаслик керак, сабаби у меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларига зиддир. Бухгалтер билан тузилган меҳнат шартномасида унинг ҳуқуқлари ва кафолатлари норматив ҳужжатларда белгиланган даражадан паст бўлмаслиги лозим (МК 73-м. 3-қ.).

 

Меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларида ишдан бўшаётган ходимни, шу жумладан ишни якунламаганлиги, ишдан бўшаш варақаси имзоланмаганлиги, ходимда ҳисобда турадиган моддий қимматликлар топширилмаганлиги сабабли ушлаб туришга йўл қўйилмайди (ОСПнинг 17.04.1998 йилдаги 12-сон қарори 15-б. 5-хатбошиси).

 

Бироқ сиз бундай шартномани имзоласангиз ва оқибатда ўзингиз хоҳлаган вақтда ишдан бўшашга қарор қилсангиз, бу ҳақда директорни 2 ҳафта олдиндан хабардор қилган ҳолда бемалол ишдан бўшашингиз мумкин.

Иш берувчи ҳатто судга мурожаат қилганда ҳам сиздан жарима ундира олмайди, имзоланган шартнома банди қонунга зид бўлганлиги сабабли ушбу бандга асосан ҳисобот даври якунлангунга қадар ишлаб беришингизни талаб қила олмайди.

Ишдан бўшашда икки ҳафталик огоҳлантириш муддати сизга ҳам татбиқ этилади. Қонунда ушбу муддатни узайтириш назарда тутилмаган. Ҳатто сиз ҳисоботларни топшириш муддати ишлаб берадиган даврингизга тўғри келмаганлиги сабабли навбатдаги ҳисоботларни топширмаган бўлсангиз ҳам иш берувчи сизни 2 ҳафтадан ортиқ ушлаб қолиши мумкин эмас. 

Директор барча ҳисоботлар топширилмагунига қадар сиздан аризани олишни рад этса, аризани расман топширинг. Буни қуйидаги        2 усулда амалга ошириш мумкин:

 аризани девонхона ёки котиб орқали бериб юборинг – ўзингиздаги нусхасига имзо қўйдириб олинг. Шу пайтдан 2 ҳафталик муддат (огоҳлантириш муддати) бошланади;

 аризани почта орқали жўнатинг – манзили бўйича топширилганлиги ҳақида хабарномани олинг. Огоҳлантириш муддати ариза олинган санадан бошланади.

Мазкур ҳолатда иш берувчида сизни ушлаб туришга ҳеч қандай сабаб қолмайди. У барча ходимлар учун белгиланган муддатда ишдан бўшатиш тўғрисида буйруқ чиқариши, ҳисоб-китобни амалга ошириши ва қўлингизга қоғоз шаклидаги меҳнат дафтарчасини (агар у мавжуд бўлса) топшириши шарт.

Директор сизга меҳнат дафтарчасини беришни рад этса ёки ҳисоб-китоб қилиш чоғида топширилмаган ҳисоботлар учун жарима ушлаб қолса, бу сизнинг ҳуқуқларингизни қўпол равишда бузиш ҳисобланади. Бундай ҳуқуқбузарлик ҳолати ҳақида меҳнат инспекциясига хабар қилишингиз мумкин:

  •  Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг mehnat.uz расмий сайтига онлайн-мурожаатнома юборган ҳолда;
  • (+998 71) 200-06-00 рақамли ишонч телефонига қўнғироқ қилган ҳолда;
  •  шахсан келган ҳолда.

Ёдда тутинг: меҳнат инспекциясига мурожаат қилиш сизнинг ҳуқуқ ва манфаатларингизни ҳимоя қилиш учун фуқаролик судига мурожаат қилиш ҳуқуқидан маҳрум этмайди.

Меҳнат низолари бўйича даъволардан давлат божи олинмайди («Давлат божи тўғрисида»ги Қонуннинг 8-м. 1-қ. 1-б.).

Прочитано: 352 раз(а)

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика