Контрагентимиз шартнома бўйича маҳсулотни етказиб бериш муддатларини бузмоқда, биз эса ўз навбатида бошқа шартнома бўйича ўз мажбуриятларимизни бажара олмаяпмиз. Биз қандай йўл тутайлик? Бу вазиятда биз неустойка тўлашга мажбурмизми?
«Икки ўт орасида»ги бундай мураккаб ҳолатдан қандай қилиб кам йўқотишлар билан чиқиш мумкинлигини юридик масалалар бўйича «Норма» эксперти Олег ЗАМАНОВ гапириб берди:
– Бундай вазиятлар амалиётда юзага келиб туради. Кўпинча уларнинг ривожланиши ва пировард натижаси тарафлар ўртасида тузилган шартнома шартларига боғлиқ. Қолаверса, контрагентларингиз қандай хатти-ҳаракатлар йўлини тутганлиги аҳамиятга эга:
● кредиторингиз сизнинг ҳолатингизни тушунишга тайёрми ёки «принципга бориш» ниятидами;
● дебитор яқин истиқболда аниқ санасини айтган ҳолда ўз мажбуриятларини бажаришга қодирми ёки йўқ.
Қоидага кўра, юқорида кўрсатилган омилларни инобатга олган ҳолда саъй-ҳаракат қилиб, тарафлар қуйидаги ечимлардан бирига келадилар.
1-ечим. Иккала шартномада ҳам мажбуриятларни бажариш муддатларини узайтириш
Контрагент билан қўшимча келишувни расмийлаштирган ҳолда, ўз позициянгизни мустаҳкамланг. Хусусан, дебитор билан:
а) агар шартномада дастлаб қонуний неустойка назарда тутилган бўлса – уни кўпайтиринг. Бундай имконият қонун ҳужжатларида назарда тутилган (ФК 263-м. 2-қ.; «Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг шартномавий-ҳуқуқий базаси тўғрисида»ги Қонун 24-м. 4-қ., 25-м.);
б) контрагентингиз мажбуриятларини таъминлашнинг қўшимча имкониятларини кўриб чиқинг (ФК 263-м. 22-боб). Масалан – унга тегишли ликвид мол-мулкни гаровга қўйиш (ФК 263-м. 22-боб 2-§; «Гаров тўғрисида»ги Қонун). – . Ёки – уни контрагент-кредиторингиз олдидаги сизнинг мажбуриятларингиз бўйича кафил бўлишига кўндиринг. Кафил кредитор олдида қарздор билан баравар ҳажмда жавоб беради, шу жумладан фоизлар тўлайди, қарзни ундириб олиш бўйича суд чиқимларини ва қарздор мажбуриятини бажармаганлиги ёки лозим даражада бажармаганлиги туфайли кредитор кўрган бошқа зарарларни тўлайди (ФК 293-м. 2-қ.).
в) контрагент ўз шартнома мажбуриятларини бузган ҳолатда сизда ҳосил бўлган зарар неустойкадан ташқари тўла ҳажмда ундириб олиниши мумкинлигини келишиб олинг. Ўзгача ҳолатда зарарнинг неустойка билан қопланмаган қисми тўланади (ФК 325-м.).
Ўз навбатида, контрагент-кредитор билан ўзаро муносабатларда юқорида баён этилган шартларга тескари шартлар сиз учун қулай бўлади: неустойка – қонуний ёки пастроқ, зарарлар тўғрисида келишув – ёки мавжуд эмас (демак, миқдори чекланган) ёхуд зарарнинг неустойка билан қопланмаган қисми тўланиши тўғридан-тўғри кўрсатилиши.
Шунингдек, кредитор билан шартномада низоларни кўриб чиқишнинг талабнома тартиби назарда тутилганлигига ишонч ҳосил қилинг. Талабномага жавоб қайтариш қонунда назарда тутилган 15 кундан кам бўлмагани маъқул («Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг шартномавий-ҳуқуқий базаси тўғрисида»ги Қонун 18-м. 1-қ.). Вақт бўйича захира сизга контрагент-дебитордан ундириш жараёнини амалга ошириш имконини беради.
Амалиётда айни бир кунда дебитордан товарни олиб, уни шу куниёқ кредиторга етказиб беришнинг имкони бўлмайди. Иккинчи шартнома бўйича муддатларни узайтирган ҳолда дебитор билан келишувда шартлашилган саналарни ва сизга товарларни қайта ишлаш, қадоқлаш (зарурат бўлганда) ва уларни харидорга етказиб бериш учун талаб қилинадиган вақтни инобатга олинг.
2-ечим. Дебитор билан шартномани бекор қилиш, бошқа етказиб берувчини топиш
Кредитор мажбуриятларингизни муайян вақтга кечиктиришга тайёр бўлса, лекин дебитор муддатда бажаришга улгура олмаса ёки аниқ жавоб бермаса ёхуд мурожаатингизни эътиборга олмаса, у билан шартномани бекор қилишингиз мумкин. Келишув шартларини ўрганинг:
● агар шартномада сотувчи (етказиб берувчи) томонидан ўз мажбуриятлари бузилган тақдирда харидорнинг уни кейинчалик бажаришдан бир тарафлама бош тортиш ҳуқуқи назарда тутилган бўлса – контрагентга тегишли хабарнома йўлланг (ОХСПнинг 18.12.2009 йилдаги 203-сон қарори 25-б. 3-хатбошиси);
● агар шартномада бир тарафлама бош тортиш ёзилмаган бўлса, шартномани бекор қилиш тўғрисида келишувни расмийлаштиринг. Унда етказиб берувчи томонидан илгари сиздан шартнома бўйича олинган маблағларни қайтариш муддатини кўрсатинг.
Етказиб берувчи шартномани бекор қилиш тўғрисидаги келишувни имзолашдан бош тортса ёки тўловни унда кўрсатилган муддатда қайтармаса, судга мурожаат қилинг. Ҳар қандай ҳолатда сиз ундан неустойкани ва зарарларни, шу жумладан сизнинг бошқа етказиб берувчидан оширилган нархларда товарлар харид қилишга харажатларингизни ўз ичига оладиган зарарни ундиришга ҳақлисиз.
Контрагент-кредитор билан етказиб бериш муддатини узайтиришингиз ёки мажбуриятни янгилашга мурожаат қилишингиз мумкин. Мажбуриятни янгилаш – бу тарафлар ўз ўрталаридаги дастлабки мажбуриятни айнан шу шахслар томонидан бошқа нарсани ёки бошқача ижро этиш усулини назарда тутувчи бошқа мажбурият билан алмаштириш (ФК 347-м.). Ўзаро муносабатлар хусусиятига кўра, сизга воситачилик яқинроқ. Воситачилик шартномасининг ижобий томонлари:
● у амал қилиш муддати кўрсатилмаган ҳолда тузилиши мумкин (ФК 832-м. 3-қ.).;
● умумий қоидага кўра, комитент ҳисобидан учинчи шахс билан тузилган битим учинчи шахс томонидан бажарилмаганлиги учун воситачи комитент олдида жавобгар бўлмайди (ФК 834-м. 4-қ.).
Бироқ солиқ солиш хусусиятини эътиборга олинг. Хусусан, воситачилик шартномаси бўйича воситачилик хизматлари кўрсатишда алоҳида-алоҳида ҳисоб юритиш билан (СК 468-м.) 25% ставка бўйича айланмадан олинадиган солиқ тўланади (СК 467-м. 5-б.). Шу боис, воситачилик шартномасини расмийлаштирган ҳолда унда воситачилик ҳақини ажратинг (ФК 833-м.). Бу сизнинг солиқ базангиз бўлади.
Бошқа етказиб берувчини топиш имкони бўлмаса, контрагент-кредитор билан ҳам шартномани бекор қилишга тўғри келади. Қуйидаги алгоритмга риоя қилинг:
● агар етказиб беришнинг дастлабки муддати узайтирилган бўлса – янги, узайтирилган муддат тугагунга қадар шартномани бекор қилиш ташаббуси билан чиқинг;
● агар мажбуриятни янгилашни қўллаган бўлсангиз ва воситачилик шартномасини унинг амал қилиш муддатини кўрсатмаган ҳолда расмийлаштирган бўлсангиз – комитентга шартнома бекор қилиниши тўғрисида камида 30 кун олдин хабар беринг, агар хабар қилишнинг узоқроқ муддати шартномада назарда тутилган бўлмаса (ФК 844-м. 1-қ.).
Шу тарзда сиз неустойка тўлашни олдини оласиз, бироқ кредитор кўрган зарарини, хусусан – бой берилган фойдани сиздан ундириш ҳуқуқини сақлаб қолади.
3-ечим. Суд жараёни
Шунга ўхшаш вазиятларда суд муҳокамалари, қоидага кўра, домино принципи бўйича ишлайди: кредитор сизни судга беради, сиз – дебиторни судга берасиз. Иккала ҳолатда одатда шартномани унинг шартлари бошқа тараф томонидан жиддий бузилганлиги сабабли бекор қилиш ва қуйидагиларни ундириш тўғрисида талаблар баён этилади:
а) контрагентга товарларга ҳақ тўлаш ҳисобига ўтказилган маблағлар суммасини;
б) шартнома шартлари бўйича ёки «Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг шартномавий-ҳуқуқий базаси тўғрисида»ги Қонуннинг 25-моддаси асосида ҳисобланган неустойкалар.
Қарздорнинг контрагенти томонидан мажбуриятлар бажарилмаганлиги форс-мажор ҳисобланмайди ва тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишда ўз мажбуриятини бажармаганлиги учун уни жавобгарликдан озод этмайди (ФК 333-м. 3-қ.).
Бунда:
● агар шартномада айнан битта мажбуриятнинг бузилиши учун неустойкани ҳам жарима, ҳам пеня кўринишида тўлаш назарда тутилган бўлса, даъвогар фақатгина бир шаклдаги неустойка қўллашни талаб қилишга ҳақли (ОХСПнинг 15.06.2007 йилдаги 163-сон қарори 3-б.)
● қарздор мажбуриятни қай даражада бажарганлиги, мажбуриятда иштирок этаётган тарафларнинг мулкий аҳволи, шунингдек кредиторнинг манфаатлари эътиборга олиниб, суд неустойкани камайтиришга ҳақли (ФК 326-м.). Бироқ неустойканинг энг кам миқдори ФКнинг 327-моддасида назарда тутилган фоизлардан кам бўлиши мумкин эмас.
в) зарарларни, яъни харажатларни:
● тараф шартнома мажбуриятлари бажарилмаганлиги ёки лозим даражада бажарилмаганлиги муносабати билан кўрган зарарни (харажат);
● ҳуқуқи бузилган шахснинг бузилган ҳуқуқини тиклаш учун қилган ёки қилиши лозим бўлган харажатларини (масалан, суд чиқимлари ва ҳ.к.).
Бундай харажатларнинг зарурийлиги ва уларнинг тахминий миқдори асослантирилган хисоб-китоб ёки бошқа далиллар билан тасдиқланган бўлиши керак (ОХСПнинг 163-сон қарори 19-б. 1-хатбоши).
Зарар суммасига тарафнинг бой берилган фойдаси – ўз ҳуқуқлари бузилмаганида олиши мумкин бўлган, лекин ололмай қолган даромадлари ҳам киритилади (ФК 14-м. 2-қ.). Унинг миқдори агар мажбурият бажарилганида, кредитор қилиши лозим бўлган «оқилона» харажатларни ҳисобга олиб аниқланиши шарт (ОХСПнинг 163-сон қарори 19-б. 2-хатбошиси).