Бугунги кунда юртимизда тадбиркорлик субъектларига яратилаётган барча имтиёз ва енгилликлар уларнинг фаолият кўрсатиши жадал суръатларда ривожланишига имкон яратмоқда.
Сирдарёда пандемия шароитида ўз фаолиятини бир зумга ҳам тўхтатмаган корхонлар талайгина. Полипропилен грануласи хом ашёсидан қадоқлаш маҳсулотлари (озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат маҳсулотлари учун қоплар) ишлаб чиқарадиган Сирдарё туманидаги «Sirdaryo Mega Lux» МЧЖ шаклидаги қўшма корхонаси ана шундай хўжаликлардан ҳисобланади.
Карантин қоидаларига тўлиқ амал қилган ҳолда қарийб 1 000 нафар ишчи меҳнат қилаётган мазкур корхонада бир кунда ўртача 580 минг дона қадоқлаш воситалари ишлаб чиқарилмоқда.
– Коронавирус пандемияси даврида тадбиркорлик субъектларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида Президентимиз томонидан қабул қилинаётган фармон ва қарорлар бошқа ишлаб чиқариш корхоналари қатори биз учун ҳам катта имкониятлар эшигини очди, – дейди қўшма корхона раҳбари Муҳиддин Норматов. – Натижада ўтган йили 2,4 млн АҚШ долларига тенг ва 2020 йилнинг июнь ҳолатига кўра корхонамизда ишлаб чиқарилган 1,6 млн АҚШ доллари миқдоридаги тайёр маҳсулотлар Россия, Қозоғистон, Украина, Қирғизистон, Тожикистон, Афғонистон ва Арманистон каби давлатларга экспорт қилинди, корхонамиз ўтган давр мобайнида 43,14 млрд сўмлик божхона имтиёзларидан фойдаланган.
Корхонада замонавий ахборот тизимлари маҳсули бўлган электрон ҳисобварақ-фактура дастуридан фойдаланиб келинаётган бўлиб, 2019 йилда 114 млрд сўмлик жами 1 214 та ҳисобварақ-фактура расмийлаштирилган. Бунинг натижаси ўлароқ бухгалтерларнинг вақти тежалган, қолаверса ортиқча қоғозбозликларга барҳам берилган.
Корхона ихтиёрида қолган соф фойда ҳисобидан ишчиларга барча қулай шароитлар яратилган. Хусусан, 500 ўринга мўлжалланган ошхона, ишчиларни ташиш учун 6 та автобус ажратилган, ишчилар доимий равишда махсус кийим-бош билан таъминланган.
Тўғри, дастлабки пайтда карантин даврида корхона фаолиятида ишчи-ходимларни ташиш, тайёр маҳсулотни харидорларнинг ўз транспортида олиб кетишда баъзи муаммолар пайдо бўлган эди. Лекин Президентимиз томонидан 2020 йилнинг март–май ойлари давомида коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича қабул қилинган бир нечта фармонлари ҳамда карантин бўйича чекловларни босқичма-босқич юмшатишга доир кўрсатмалари ишлаб чиқариш корхоналари фаолиятини янада жонлантирди.
Сирдарё вилояти божхона ва солиқ бошқармалари Матбуот хизматлари.