Norma.uz
СБХ / 2018 йил / № 52 / Божхона

Ваколатли иқтисодий операторлар: янги имконият, янги афзалликлар

 

Пойтахтимиздаги «Тараққиёт стратегияси» марказида Давлат божхона қўмитаси ва БМТнинг Тараққиёт дастури ҳамкорлигида ташки иқтисодий фаолият иштирокчилари ва ОАВ вакиллари учун ваколатли иқтисодий оператор институтига бағишланган семинар-тренинг ташкил қилинди.

 

Маълумки, Президентимизнинг «Божхона маъмуриятчилигини такомиллаштириш ва Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона хизмати органлари фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармонига (24.11.2018 йилдаги ПФ-5582-сон) мувофиқ, 2019 йил 1 февралдан бошлаб халқаро стандартларга мувофиқ ваколатли иқтисодий операторлари институтининг жорий этилиши белгиланган.

Ўзбекистонда илк бор ташкил қилинаётган мазкур институт ҳақида ҳали кенг жамоатчилик етарли даражада хабардор эмаслиги табиий. Халқаро тажрибалардан келиб чиқиб, шунингдек, Жаҳон божхона ташкилотининг тавсияларига таяниб айтиш мумкинки, бу турдаги институтларнинг амалиётга самарали жорий қилинишидан кенг жамоатчиликни етарлича воқиф қилиш ҳам муҳим аҳамиятга эга. Шу жиҳатдан келиб чиқилса, ушбу тадбирни мазкур мавзудаги илк семинар-тренинг деса бўлади.

 

Фармонга кўра, ваколатли иқтисодий оператор институти мақоми берилган виждонли ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларига соддалаштирилган божхона тартиб-таомилларидан фойдаланиш ҳуқуқи тақдим этилади. Яъни уларнинг юкларини соддалаштирилган тартибда божхона назоратидан ўтказиш, товарларни ўз омборига тушириш, божхона кузатувисиз товарларни ташиш, божхона тўловларини белгиланган тартибда кечиктириб ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имкониятлари берилди.

 

Тан олиш керак, шу вақтга қадар божхоначилар томонидан назорат функциялари тадбиркорларга нисбатан ишончсизлик руҳида амалга ошириб келинган. Ваҳоланки барча ривожланган давлатларда божхона қонунчилигига оғишмай риоя этган ҳалол тадбиркорларни рағбатлантириш, уларга маъмурий тўсиқларни камайтириш бўйича аниқ механизмлар жорий этилган.

Хўш, бу ўзи қандай институт? Ваколатли иқтисодий оператор мақомига эга бўлган ТИФ иштирокчиси ўзи учун назарда тутилган қулайлик ва афзалликларга эга бўлиш учун қандай талаблар мавжуд?

Шу мақсадда ваколатли иқтисодий оператор институтини жорий этиш чора-тадбирларини назарда тутиб ишлаб чиқилган Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори лойиҳасида бу масалалар атрофлича ёритилган. Лойиҳа айни пайтда Ўзбекистон Республикаси норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига жойлаштирилган.

Лойиҳа божхона органлари ва ТИФ иштирокчилари ўртасидаги ўзаро алоқаларни янада ривожлантириш, хусусан соддалаштирилган божхона тартиб-таомиллари орқали афзалликлар тақдим этиш мақсадида ишлаб чиқилган.

Лойиҳага кўра, ваколатли иқтисодий оператор мақоми юридик шахсларга берилади. Уни қўлга киритиш учун ТИФ иштирокчиси ариза тақдим қилаётганда қуйидаги шартларга жавоб бериши талаб қилинади:

● юридик шахс раҳбари ва бош бухгалтери, шунингдек унинг ваколатли шахси божхона органларига мурожаат қилган санадан эътиборан ўтган бир йил давомида МЖТКнинг 174, 175, 176 ва 22727-моддаларига биноан маъмурий жавобгарликка тортилмаган бўлиши;

● юридик шахс раҳбари ва бош бухгалтери, шунингдек унинг ваколатли шахси божхона органларига мурожаат қилган санадан эътиборан ўтган 5 йил давомида Жиноят кодексининг 182, 184 ва 246-моддаларига биноан жиноий жавобгарликка тортилмаган бўлиши;

● солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар, шунингдек жарималар ва уларнинг пенялари бўйича қарздорликнинг мавжуд бўлмаслиги;

● мурожаат қилинган санадан ­эътиборан камида 3 йилдан бери ТИФ билан шуғулланаётганлиги;

● товарларни сақлашга мўлжалланган омбор сифатида фойдаланиш учун баҳолаш қиймати ЭКИҲнинг 10 минг баробаридан кам бўлмаган бино-иншоот ёки очиқ майдонларининг мавжудлиги;

● мурожаат қилинган санадан эътиборан сўнгги 12 ой давомида фактура қиймати 2 млн АҚШ долларидан кам бўлмаган эквивалентдаги товарларнинг импорт ва (ёки) экспортини амалга оширганлиги ҳамда 100 тадан кам бўлмаган импорт ва (ёки) экспорт божхона юк декларацияларининг расмийлаштирилганлиги ёки сўнгги 12 ой давомида расмийлаштирилган 50 тадан кам бўлмаган импорт ва (ёки) экспорт божхона юк декларациялари асосида ЭКИҲнинг 20 минг баробаридан кам бўлмаган божхона тўловларини тўлаган бўлиши лозим.

Ваколатли иқтисодий оператор мақомига эга бўлган юридик шахсларга 2 хил кўринишдаги «А» ва «Б» махсус тоифалари берилади. Операторлар назарда тутилган енгилликлар ва афзалликлардан мазкур тоифалар асосида фойдаланишади.

Энг аввало, уларнинг товарларига нисбатан божхона операциялари навбатдан ташқари ва операторнинг ҳудудида амалга оширилади, божхона тўловларини кечиктириб ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имкони берилади.

Буларнинг барчаси ТИФ иштирокчиларининг молиявий харажатларини ҳамда экспорт-импорт жараёнларини тезлаштириш ҳисобига вақтини тежаш имконини беради.

Бир сўз билан айтганда, ушбу институционал ўзгариш божхона органлари фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш, божхона назорати самарадорлигини ошириш ва тартиб-таомилларини соддалаштириш, пировардида республикамизнинг инвестицион жозибадорлигини кўтаришда муҳим аҳамият касб этади.

 

Ҳусан ТАНГРИЕВ,

ДБҚ Ахборот хизмати бош инспектори.

Прочитано: 955 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика