Norma.uz
СБХ / 2018 йил / № 52 / Божхона

Ҳар йили қулоғимизга танбур чертиладими?

 

Юртимизда пиротехника буюмлари муомаласини тартибга солишга доир қонун ва бошқа бир қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиниши эвазига сўнгги йилларда қулоқларимиз «пақ-пуқ»лардан анча тинчиб қолди. Лекин нафси ғолиб келган айрим «тадбиркорлар» бор экан, бундай товарлар контрабандаси баъзида учраб туради. Маълумотларга кўра йил бошидан буён яширинча олиб ўтишда фош қилинган пиротехника буюмлари 92 минг донадан ошади.

 

Божхона чегаралари орқали бундай воситаларнинг ноқонуний олиб ўтилишига доир аниқланган ҳолатлар юзасидан айни пайтда Давлат божхона қўмитасининг ҳудудий бошқармаларидан тезкор хабарлар келиб тушмоқда. Масалан, Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси «Доут-ота» чегара-божхона пости орқали қўшни давлатдан кириб келган Қ.Л.га тегишли қўл юклари назорат-рентген аппаратида кўздан кечирилганда, ушбу шахснинг йўловчи божхона декларациясида кўрсатмай ҳамда божхона ходимларининг оғзаки сўрови вақтида маълум қилмай, 5,4 кг оғирликдаги 43 дона пиротехника воситаларини олиб киришга урингани фош бўлди.

Шунингдек, қорақалпоғистонлик божхоначилар «Волгоград-Тошкент» йўналишидаги йўловчи поездини божхона кўригидан ўтказишганда йўловчи И.Б. 2 турдаги 4 дона пиротехника воситасини пойабзалига яширган ҳолда олиб кирмоқчи бўлганда тўхтатиб қолинди.

Сирдарё вилояти божхона бошқармасининг «Сирдарё» чегара-божхона постида эса қўшни давлатдан пиёда кириб келган фуқаро М.А.нинг хатти-ҳаракатлари божхоначиларда шубҳа уйғотди. Ушбу шахс холислар иштирокида шахсий кўрикдан ўтказилганда, кийимлари остидан 400 дона пиротехника воситаси пақиллашга улгурмасдан «чиқиб келди».

Сурхондарё вилоятида эса Афғонистондан ташриф буюрган Н.Х. «қуруқ қўл» билан келгиси келмай, ўзи билан 23 дона пиротехника воситасини совға сифатида олиб кирмоқчи бўлганда «Айритом» чегара-божхона пости ходимлари томонидан тўхтатиб қолинди.

Самарқанд вилояти божхона бошқармаси ходимлари ички ишлар идоралари билан ҳамкорликда ўтказган тезкор тадбирда пиротехника воситаларининг яширин савдосини фош қилишди. Самарқанд шаҳридаги темир йўл вокзали ҳудудида П.Ф., А.А. ва О.Ж. оғирлиги 3,6 кг дан зиёд бўлган 13 дона пиротехника воситасини 3 млн сўмга пуллаётганда ашёвий далили билан қўлга олинди.

Фарғона вилояти божхона бошқармаси «Фарғона» чегара-божхона постида эса қўшни давлатдан кириб келган Қ.О. гумонланиб, холислар иштирокида шахсий кўрикдан ўтказилганда, ушбу шахс курткаси чўнтакларига яширганча 41 дона пиротехника воситасини олиб киришга урингани фош бўлди.

Тошкент шаҳар божхона бошқармаси «Келес» темир йўл чегара-божхона постида эса вагонларга йўл-юк кузатув ҳужжатларида умуман қайд этилмаган 822 кг оғирликдаги, дастлабки ҳисоб-китобларга кўра 164 млн сўмлик пақилдоқлар ортилганлиги фош бўлди.

Ҳозирда ушбу ҳолатлар юзасидан дастлабки божхона текширувлари олиб борилмоқда.

Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида республикамиз божхоначилари бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар вакиллари билан ҳамкорликда аниқлаган 83 та қонунбузарлик ҳолатида қиймати 416 млн сўмдан ортиқ бўлган 92 минг дона пиротехника воситасининг ноқонуний олиб ўтилишига чек қўйишган.

 

ДБҚ Ахборот хизмати.

Прочитано: 1360 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика