Norma.uz
СБХ / 2018 йил / № 52 / Солиқ солиш

Чет элликлар учун солиқлар

 

Ҳиндистон фуқароси қисқа муддатли контракт бўйича (183 кундан кам) Ўзбекистонга келаяпти, бошқа ходим – Буюк Британия фуқароси эса 2019 йилда узоқ муддатли контракт бўйича (183 кундан кўп) Ўзбекистонга ишлашга келаяпти. Иккала экспат Ўзбекистонда 2019 йилда муҳандис ишини бажарганлик учун иш ҳақи олади.

Мазкур ходимлар Ўзбекистонда (183 кундан кам ва 183 кундан кўп) бўлганларидан кейин Ҳиндистон ва Буюк Британияга қайтгач ЖШДСни қўшимча тўлайдиларми?

 

Экспатлар – таклифга кўра маҳаллий компанияларда ишлаш учун хориждан келган ёлланма ходимлар.

Эслатиб ўтамиз, агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади (Солиқ кодексининг 4-моддаси).

 

Ҳиндистон

Мамлакатларимиз ўртасидаги ушбу ўзаро муносабатлар Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Ҳиндистон Республикаси Ҳукумати ўртасида икки томонлама солиқ солишга йўл қўймаслик ҳамда даромад ва сармоядан солиқ тўлашдан бош тортишнинг олдини олиш тўғрисида битим (Нью-Дели, 29.07.1993 йил, 25.01.1994 йилдан кучга кирган) билан тартибга солинган.

Аввало шуни қайд этиш лозимки, Ўзбекистонда 183 кундан кам яшовчи Ҳиндистон фуқароси Битимнинг 4-моддаси ва ЎзР Солиқ кодексининг 19-моддасига мувофиқ Ҳиндистон резиденти ҳисобланади.

«Аҳдлашувчи давлат резиденти» атамаси ана шу давлатнинг қонунлари бўйича ўзининг яшаш жойи, доимий бўлиш жойи, раҳбар орган жойлашган жойи ёки шунга ўхшаш ҳар қандай мезонлар асосида унда солиқ тўлаши лозим бўлган ҳар қандай шахсни англатади (Битимнинг 4-моддаси).

 

Битимнинг 16-моддаси 2-банди «а» кичик бандига мувофиқ, сизнинг ҳолатда Ҳиндистон резиденти Ўзбекистондаги ёлланма иши учун оладиган ҳаққа, агар олувчи Ўзбекистонда тегишли молия йилида 183 кундан ошмайдиган муддат мобайнида бўлса, фақат Ҳиндистонда солиқ солинади.

Солиқ солиш соҳасидаги халқаро шартнома қоидалари фақат резидентлик сертификати мавжуд бўлганда қўлланилади. Уни Ҳиндистон Давлат молия вазирлиги (Даромад департаменти) ёки у томонидан ваколат берилган вакил беради (Битимнинг 3-моддаси 1-банди «д» кичик банди).

Норезидент даромад тўланаётган пайтда ушбу ҳужжатни тақдим этмаса, у билан ўзаро муносабатларда ЎзР солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатлари қоидалари қўлланилади. ­Яъни норезидентга даромад тўлаётганда солиқ агенти унинг иш ҳақи тарзидаги даромадидан 20%лик ставкада ЖШДСни ушлаб қолиши (Солиқ кодексининг 182-моддаси) ва уни бюджетга тўлаши керак бўлади.

Солиқ солинмаслик ҳуқуқига эга бўлган ЎзР норезидентининг даромадларидан ЖШДС бюджетга тўланган тақдирда, у тўланган солиқ суммасини қайтариб олиш ҳуқуқига эга. Бунда Ўзбекистон норезиденти ЎзР солиқ органларига ариза, шунингдек:

● у ЎзР билан иккиёқлама солиқ солишнинг олдини олиш тўғрисида халқаро шартномага эга бўлган давлатнинг резиденти эканлигини расмий жиҳатдан тасдиқловчи;

● олинган даромадларни тасдиқловчи;

● унинг томонидан ЎзР ҳудудидан ташқарида ЎзРдаги манбалардан олинган даромадлардан ЖШДС тўланганлиги тўғрисидаги тегишли хорижий давлатнинг ваколатли органи томонидан тасдиқланган ҳужжатларни тақдим этади.

Норезидент бюджетга тўланган солиқни Солиқ кодексининг 38-моддасига мувофиқ солиқ мажбурияти бўйича даъво муддати, яъни 5 йил мобайнида бюджетдан қайтариб олиш ҳуқуқига эга (Солиқ кодексининг 195-моддаси).

Хулоса: Ҳиндистоннинг резидентлик сертификати мавжуд бўлганда ЎзРда ярим йилдан кам бўлган Ҳиндистон фуқаросининг иш ҳақидан ЖШДС ушлаб қолинмайди.

 

Буюк Британия (Бирлашган Қироллик)

Мамлакатларимиз ўртасидаги ушбу ўзаро муносабатлар Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Буюк Британия ва Шимолий Ирландия Бирлашган Қироллиги Ҳукумати ўртасида икки томонлама солиқ солишга йўл қўймаслик ҳамда даромад ва капитал қиймати ўсишидан солиқ тўлашдан бош тортишнинг олдини олиш тўғрисида конвенция (Тошкент, 15.10.1993 йил, 10.06.1994 йилдан кучга кирган) билан тартибга солинган.

Ўзбекистон қонунчилигига мувофиқ, резидент – ЎзРда доимий яшаб турган ёки жорий солиқ даврида якунланаётган ҳар қандай кетма-кетликдаги 12 ойлик давр ичида жами 183 кун ва ундан ортиқ муддат ЎзРда турган жисмоний шахс (Солиқ кодексининг 19-моддаси). Демак, Буюк Британиядан келган ходимингиз – ЎзР резиденти.

Конвенциянинг 15-моддаси 1-бандига мувофиқ, бир аҳдлашувчи давлат резиденти бошқа аҳдлашувчи давлат – яъни ЎзРда ёлланиб ишлаганлиги учун оладиган иш ҳақи ва бошқа шу каби ҳақларга Ўзбекистонда солиқ солиниши мумкин.

ЎзР резиденти сингари Бирлашган Қироллик фуқаросининг даромадларига умумбелгиланган шкалада ЖШДС солинади. У даромадлар тўғрисида декларация ҳам топшириши керак. Йил давомида у билан тузилган шартнома бекор қилиниб, у ЎзР ташқарисига чиқиб кетаётган бўлса, даромадлар тўғрисидаги декларация чиқиб кетишидан 1 ой аввал тақдим этилиши керак (Солиқ кодексининг 192-моддаси 3, 4-қисмлари).

Декларация топшираётган чет эллик шахс барча, шу жумладан хорижда олинган даромадлари ҳақида хабардор қилиши шарт. Жисмоний шахслардан – ЎзР резидентларидан олинадиган, ундан ташқарида тўланган даромад солиғи суммалари Ўзбекистонда солиқ тўлашда Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига мувофиқ ҳисобга олинади.

Ўзбекистондан ташқарида тўланган ЖШДС суммасини ҳисобга олиш учун ваколатли орган – Бирлашган Қироллик Солиқлар ва йиғимлар департаментининг маълумотномаси (Конвенциянинг 3-моддаси 1-банди «i» кичик банди) ёки жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ЎзРдан ташқарида тўланганлигини тасдиқловчи бошқа ҳужжат асос бўлади (Солиқ кодексининг ­196-моддаси).

ЎзР қонунларига мувофиқ тўланиши лозим бўлган Ўзбекистон солиғи, унга нисбатан Ўзбекистон солиғи ҳисоблаб чиқарилган худди шундай даромадга нисбатан ҳисоблаб чиқарилган Бирлашган Қиролликнинг исталган солиғига қарши кредит шаклида қабул қилинади (Конвенциянинг 22-моддаси 1-банди «а» кичик банди).

Чет эллик ходимингиз ЎзРда тўланган солиқни чегириш ҳуқуқидан фойдалана олиши учун ЎзР Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат солиқ бош бошқармасининг маълумотномасини олиши зарур (Конвенциянинг 3-моддаси ­1-банди «i» кичик банди).

 

Жавобни «Norma» МЧЖ экспертлари тайёрладилар.

 

Прочитано: 1200 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика