Машҳур эртакда келтирилганидек, баъзилар қўлидан келмайдиган юмушларга уриниб, ўзларини ҳам, ўзгани ҳам ноқулай аҳволга соладилар – худди осмон узра учишни орзу қилган бақа мисоли.
Маълумки, божхона органлари тизимида коррупция кўринишларига муросасиз муносабатни шакллантириш, халқнинг ишончини мустаҳкамлаш ва давлат божхона хизмати обрўсини ошириш мақсадида мунтазам равишда чора-тадбирлар амалга ошириб келинмоқда. Хусусан, божхона органлари сафини малакали кадрлар билан жамлаш ишларини адолатли ташкил этиш, бу жараёнда шаффофликни таъминлаш мақсадида оммавий ахборот воситаларида вакант жойларга доир эълонлар берилади, ўқув муассасаларида учрашувлар ўтказилиб, божхона органларига ишга кириш истагини билдирган фуқароларга танловдан ўтиш имконияти яратилади. Сўнгра ишга кириш истагидаги номзодлар божхона органларининг мутасадди ходимлари иштирокидаги коллегиал комиссия суҳбатидан ўтказилади.
Аммо ҳаётда шунақаси ҳам учрар эканки, божхона органларига умуман алоқаси бўлмаганлар мўмай даромад орттириш мақсадида кишиларга «ҳожатбарорлик хизматлари»ни таклиф этар экан.
ДБҚнинг Тошкент шаҳар божхона бошқармаси Ўз хавфсизлик гуруҳи ходимлари томонидан республика Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг Тошкент шаҳар бошқармаси ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда ана шундай фирибгарларнинг қинғир қилмишларига чек қўйилди.
Аниқланишича, Г.И. ва Д.С. ўзаро тил бириктирган ҳолда пойтахт ҳудудида божхона органларига ишга киритиб қўйишни ваъда қилиб, алдов йўли билан фуқаролардан пул маблағларини ўзлаштиришган. Хусусан, улар С.Н.га ўзини божхона идораларининг масъул ходимлари деб таништиришган ҳамда Тошкент шаҳар божхона бошқармасига ҳайдовчи лавозимига ишга киритиб қўйиш эвазига 500 АҚШ доллари сўрашган.
Тезкор тадбир давомида Д.С. сўралган пулнинг 300 АҚШ долларини С.Н.дан пора тариқасида олаётганда қўлга олинди.
Тезкор суриштирув тадбирлари давомида «ҳожатбарор» Г.И. ҳам ўзини ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоранинг масъул ходими сифатида таништириб, турли ваъдалар эвазига бошқа фуқаролардан пул ундириб келганлиги маълум бўлди. Жумладан, уй олиб бериш учун Н.Х.дан 120 млн сўм, автомашина олиб бериш учун С.А.дан 3 100 АҚШ доллари, С.Н.дан 2 800 АҚШ доллари, Д.А.дан салкам 7 млн сўм, ижарага автомашина олиб бериш учун У.А.дан 100 АҚШ доллари олган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилди.
Шу ўринда юртдошларимизга божхона қоидабузарликлари ёки божхона ходимларининг ноқонуний хатти-ҳаракатлари юзасидан Давлат божхона қўмитасининг 11-08 рақамли «Ишонч телефони»га қўнғироқ қилишлари мумкинлигини эслатиб ўтамиз.
Тошкент шаҳар божхона бошқармаси
Ахборот хизмати.