Маълумки, мамлакатимиз Президентининг «Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона хизмати органлари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонида (12.04.2018 йилдаги ПФ-5414-сон) Божхона кодексининг янги таҳрирдаги лойиҳасини ишлаб чиқиш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилди.
Бугунга келиб Давлат божхона қўмитаси томонидан Ташқи савдо, Молия, Иқтисодиёт вазирликлари ва бошқа манфаатдор идоралар билан ҳамкорликда ушбу ҳужжатнинг янги таҳрирдаги лойиҳаси ишлаб чиқилди. Лойиҳада асосий эътибор унинг барча учун тушунарли ва турлича талқин қилиш имконияти истисно этилишига, ташқи иқтисодий фаолият қатнашчилари томонидан божхона қонунчилигига риоя этилишини рағбатлантириш механизмининг яратилишига, Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномалари нормалари, умумэътироф этилган халқаро ҳуқуқ тамойиллари, халқаро ташкилотларнинг тавсия ва стандартлари имплементация қилинишига қаратилган.
Шунингдек, божхона маъмуриятчилиги соҳасида ривожланган мамлакатлар тажрибасини кенг татбиқ этиш мақсадида кодекс лойиҳасини ишлаб чиқиш жараёнида халқаро экспертлар ҳам фаол иштирок этди. Жумладан, муҳокамалар жараёнида Германия халқаро ҳамкорлик жамиятининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси (GIZ) «Марказий Осиёда савдони енгиллаштириш» дастури ҳамда Европа Ҳамжамиятининг «Марказий Осиёда чегараларни бошқаришга кўмаклашув минтақавий дастури» доирасида иштирок этаётган Литва божхона хизмати халқаро экспертлари Римантас Рачкаускас ва Юозас Шарунас Авиженис лойиҳа бўйича ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришди.
Кодекс лойиҳасини ишлаб чиқиш бўйича тузилган ишчи гуруҳ билдирилаётган ҳар бир асосли таклифни ўрганиб чиқиб, лойиҳада акс эттирмоқда.
Давлат божхона қўмитаси
Ахборот хизмати.