Norma.uz
СБХ / 2018 йил / № 47 / Божхона

«Ўзи йўқнинг – кўзи йўқ»ми?

 

Божхона органлари божхона юк декларацияси ва бошқа ҳужжатларни уларда кўрсатилган маълумотлар тўғрилиги ҳамда қонун ҳужжатларига мувофиқлиги борасида текширади ва бу жараёнда тегишли божхона тартиб-таомилларини амалга оширади.

Шундай текширувлар вақтида айрим тадбиркорлар томонидан божхона тўловларидан қочиш мақсадида божхона расмийлаштирувига қалбакилаштирилган ҳужжатларни тақдим этиш ва товарларга тегишли кодларни ўзгартириш ҳоллари учраб турибди.

 

Яқинда Тошкент шаҳар божхона бошқармаси ходимлари ана шундай уринишлардан бир нечтасини бартараф этишди. Жумладан, «Арк-булоқ» ТИФ божхона постида ўтказилган тезкор тадбир давомида навбатдаги божхона қоидабузарлиги фош қилинди. Бирлашган Араб Амирликларидан пойтахтимизда фаолият юритаётган МЧЖ номига келтирилган 673 кг қуруқ чой ва каноп толасига доир божхона юк декларацияси ва унга тегишли ҳужжатларни божхона органларига электрон тарзда тақдим қилишда декларацияловчи шахс М.Ё. «уддабуронлик» қилган: мазкур товарларга тегишли карантин кўриги далолатномаси сохталаштирилган. Яъни ҳужжатлар компьютер дастурлари кўмагида ўзгартирилган.

Шунингдек, мазкур постда юридик шахс номига Туркиядан келтирилган иситиш-совутиш тизими жиҳозларини импорт қилишда декларацияловчи шахс Р.Ю. ушбу товарлар учун ундирилиши лозим бўлган 10 фоиз миқдордаги акциз солиғидан қочишга уринганлиги фош бўлди. Яъни «уддабурон» божхона юк декларациясининг тегишли катагида кўрсатилиши лозим бўлган акциз солиғига доир маълумотларни очиқ қолдирган. Шу тариқа у 516 млн сўмдан ортиқ божхона тўловларини тўламасликни кўзлаган эди.

«Чуқурсой» ТИФ божхона постида эса бошқача ҳолат қайд этилди. Декларацияловчи шахс О.Б. пойтахтимизда фаолият юритаётган МЧЖ номига келтирилган 1 940 кг тўқимачиликда фойдаланиладиган елимларга тегишли божхона юк декларацияси ва бошқа ҳужжатларни божхона органларига масофадан туриб тақдим қилади. Ҳужжатларда ушбу товарнинг Ташқи иқтисодий фаолият товар номенклатурасидаги (ТИФ ТН) кодини тўлов ставкаси нисбатан паст бўлган бошқа кодга ўзгартиради. Бу билан у давлат бюджетига ундирилиши лозим бўлган салкам 18 млн сўмлик божхона тўловларини «тежаб» қолмоқчи бўлган.

«Тошкент товар» ТИФ божхона постида эса 334 минг дона канцелярия елимларининг божхона қийматини нотўғри кўрсатишга уриниш фош қилинди. Бу билан декларацияловчи шахс Е.С. давлат бюджетига ундирилиши лозим бўлган 30 млн сўмлик божхона тўловларини тўлашдан бўйин товлаган.

Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан текширув ҳаракатлари бошлаб юборилган.

 

Эслатиб ўтамиз! Яқин-яқингача товарларни республикамизга олиб кириш ёки экспорт қилишда тадбиркорлар божхона юк декларациясини тўлдириб беришлари, бунинг учун божхона брокерлари ва божхона расмийлаштируви бўйича мутахассислар кўмагидан фойдаланишлари керак бўлган. Бу тартиб-таомиллар ТИФ иштирокчиларининг ортиқча вақт ва маблағ сарфлашига сабаб бўлар эди. 2018 йил 1 июлдан бошлаб эса тадбиркорлар интернет ёрдамида божхона юк декларацияларини ўз офисларидан чиқмасдан туриб, мустақил равишда тўлдириш ва божхона органларига тақдим этиш имкониятига эга бўлдилар. Давлат солиқ қўмитаси томонидан бериладиган электрон рақамли имзога эга бўлган ҳар бир тадбиркор ҳозирги кунда бу имкониятдан тўлиқ фойдалана олади. Бунинг учун у электрон рақамли имзо ёрдамида Ягона интерактив давлат хизматлари ёки Давлат божхона қўмитасининг расмий веб-сайтига кириб, дастлаб ўз ташкилоти номидан товарларни декларацияловчи шахслар рўйхатини шакллантиради. Шундан сўнг «Декларацияловчи шахслар рўйхати» интерактив хизматидан фойдаланган ҳолда божхона юк декларацияларини реал вақт режимида тўлдириб, божхона органларига тақдим этади.

 

Тошкент шаҳар
божхона бошқармаси
Ахборот хизмати.

 

Прочитано: 1060 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика