Корхонамиз (МЧЖ) бир неча йил давомида завод қурди. Қурилиш пайтида қарз – бир нечта корхонадан молиявий ёрдам олдик. Бу йил заводни ишга тушириб, маҳсулот ишлаб чиқаришни бошламоқчимиз.
Молиявий ёрдамни пул ўрнига маҳсулот кўринишида қайтариш мумкинми? Буни ҳужжатлар билан қандай қилиб тўғри расмийлаштириш мумкин?
Қандай солиқ оқибатлари юзага келиши мумкин?
– Операция тўғри расмийлаштирилса, қонун ҳужжатлари бузилишига йўл қўйилмайди.
Бугунги кунга келиб корхонангиз қарз шартномаси бўйича шартномавий мажбуриятларини бажармаганлиги сабабли, агар қарз берувчилар пул ўрнига маҳсулотингизни олишга рози бўлсалар, тарафларнинг келишувига мувофиқ мажбурият қуйидаги йўл билан бекор қилиниши мумкин:
● воз кечиш ҳақини бериш (мол-мулк бериш ва шу кабилар). Воз кечиш ҳақининг миқдори, муддатлари ва уни бериш тартибини тарафлар ФКнинг 342-моддасига мувофиқ белгилайдилар;
● қарз шартномасини янгилаш тўғрисида келишув тузиш. Унда мажбурият юзага келишига асос бўлган қарз шартномаси реквизитлари, қарз суммаси, қарз маблағлари ўрнига берилаётган мол-мулк тури (товарлар, пуллар ва ҳ.к.) ҳамда қабул қилиш-топшириш тартибини акс эттириш зарур. Мустақил битим тури сифатида мажбуриятнинг янгиланиши ФКнинг 347-моддаси билан тартибга солинади.
Қонунда дастлабки мажбуриятни янги мажбурият билан алмаштиришга йўл қўйилади. Буни қуйидагича амалга ошириш мумкин:
● янги шартнома тузиш, унда алоҳида бандда (бандларда) мажбурият нарсаси ёки уни ижро этиш усулини ўзгартирган ҳолда аввалги шартноманинг амал қилишини тўхтатиш назарда тутилади;
● мавжуд шартномага нарса ёки мажбуриятни ижро этиш усулига дахл этадиган ўзгартириш ва қўшимчаларни киритиш;
● алоҳида ҳужжат билан битим тузиш.
Қонунда корхона амалдаги қонун ҳужжатлари қоидаларига зид келмайдиган исталган усулни танлаб, мажбуриятни янгилаши мумкинлиги белгиланган.
Қарз маблағлари ўрнига ишлаб чиқарилган маҳсулотни бериш реализация қилиш деб тан олинади.
Реализация қилиш – сотиш, айирбошлаш, беғараз бериш мақсадида товарларни жўнатиш (топшириш), ишларни бажариш ва хизматлар кўрсатиш (Солиқ кодексининг 22-моддаси).
Бинобарин, қарз олган корхона реализация қилишдан тушган тушумни жами даромадга киритади ва унга қўлланадиган солиқ солиш тизимига мувофиқ солиқ солади.
Жавобни «Norma» МЧЖ экспертлари тайёрладилар.