Корхонамиз Россия Федерациясидаги юридик шахсдан ёғоч-тахта материалларини сотиб олди. Ушбу мақсад учун банкдан кредит олганмиз. Ҳозир ёғоч-тахта материалларини ички бозорда маҳаллий корхоналарга реализация қилмоқчимиз. Бироқ солиқ инспекциясидагилар бундай қилишга ҳақли эмаслигимизни айтишмоқда, Президентнинг 17.01.2018 йилдаги ПҚ-3479-сон қарорига мувофиқ товар биржа орқали реализация қилиниши керак экан.
Монополист корхона бўлмасак ҳам бу товарни биржа орқали реализация қилишимиз керакми?
– ТИФ ТНнинг 4403, 4404, 4406, 4407 кодлари бўйича таснифланадиган ёғоч-тахта материаллари фақат биржа савдолари орқали реализация қилинади (Рўйхатга изоҳ, 17.01.2018 йилдаги ПҚ-3479-сон қарорга 3-илова).
«Қишлоқ қурилиш инвест ИК» МЧЖ томонидан олиб кириладиган (Рўйхатга изоҳ), шунингдек «Қишлоқ қурилиш инвест ИК» МЧЖга реализация қилинадиган ёғоч-тахта материаллари бундан мустасно (ПҚ-3479-сон қарорнинг 10-банди).
Шу сабабли сотиб олинган ёғоч-тахта материаллари кўрсатилган кодлар бўйича таснифланса, юқорида тилга олинган ҳоллардан ташқари, бундай маҳсулотларни биржа савдолари орқали реализация қилиш лозим.
Александр Лобанов, «Norma» МЧЖ эксперти.