Norma.uz
Норма маслахатчи / 2018 йил / № 44 / Қонунчиликдаги янгиликлар

Янги ҳужжатларни тақдим этамиз

 

Тақдим этилаётган, шунингдек сўнгги пайтда қабул қилинган бошқа ҳужжатларнинг тўлиқ матни билан «Norma» АҚТ ва nrm.uz сайтида танишиб чиқишингиз мумкин.

 

Қачон газ учун тўлиқ тўлашга тўғри келади

 

Вазирлар Маҳкамаси Табиий газдан фойдаланиш қоидаларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритди (ВМнинг 20.10.2018 йилдаги 838-сон қарори).

 

Эслатиб ўтамиз, Табиий газдан фойдаланиш қоидалари Вазирлар Маҳкамасининг 12.01.2018 йилдаги 22-сон қарори билан тасдиқланган. Президентнинг 11.04.2018 йилдаги ПФ–5409-сон Фармони қабул қилиниши муносабати билан ва истеъмол қилинадиган табиий газ учун ўзаро ҳисоблашиш тизимини янада такомиллаштириш зарурати сабабли Қоидаларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

 

Шартномалар янгича тузилади

Илгари истеъмолчи ва газ таъминоти ташкилоти газ етказиб бериш бўйича шартномани тузиш чоғида Қоидалар билан тасдиқланган шартнома (намунавий шартнома) бланкасини далил бўйича тўлдиришлари ва имзолашлари керак эди. 

Бунда истеъмолчи фаолиятининг хусусиятидан келиб чиққан ҳолда шартномага жиддий ишлов беришга тўғри келар, вазият анча мураккаблашар эди. Қўшимча битимлар тузишга тўғри келар эди. Қоидаларга киритилган ўзгартиришлар ҳисобга олинса, намунавий шартнома томонлар имзолайдиган ҳужжатни тузиш учун фақатгина бошланғич нуқта вазифасини ўтайди.

Бундан ташқари, энди намунавий шартнома «Ўзтрансгаз» АЖ томонидан ишлаб чиқилади ҳамда Мажбурий ижро бюроси, Ўздавнефтгазинспекция ва Давлат рақобат қўмитаси билан келишилган ҳолда тасдиқланади. Шартноманинг намунавий шакли Қоидаларга иловалардан чиқариб ташланди.

 

Хатловдан ўтказиш далолатномасини унутманг

Газ ҳисоблагичини алмаштириш, таъмирлаш, хизмат кўрсатиш, давлат қиёсловидан ўтказиш ва созлигини мониторинг қилиш учун ечиб олиш чоғида энди хатловдан ўтказиш далолатномаси тузилади. У табиий газ истеъмолини ҳисобга олиш приборини давлат қиёсловидан ўтказиш учун ечиб олиш санасида тузилади. Маиший истеъмолчида ҳисобга олиш прибори мавжуд бўлмаганда хатловдан ўтказиш далолатномаси 3 йилда камида 1 марта тузилади.

 

Газдан фойдаланганлик учун қачон тўлиқ ҳақ тўланади?

Қоидаларга кўра илгари фақат ўзбошимчалик билан уланганлик далили аниқланган тақдирда тармоққа уланган газдан фойдаланиш ускунасининг бир суткада тўлиқ қувват билан 24 соат ишлаши ҳисобидан келиб чиқиб истеъмол қилинган табиий газ ҳажмларининг қиймати истеъмолчилардан ундирилиши мумкин эди. Энди ушбу амалиёт қуйидаги ҳолларда ҳам қўлланилади:

а) ҳисобга олишни нотўғри кўрсатиш мақсадида ҳисобга олиш приборининг конфигурацияси ва созлигини ўзгартириш учун табиий газ истеъмолини ҳисобга олиш приборига модем ёки бошқа алоқа воситаларининг рухсатсиз улангани аниқланганда – рухсатсиз аралашилган кундан бошлаб бутун вақт давомида (аралашиш ҳолати ва санасини тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд бўлганда), лекин даъво муддатидан (3 йил, таҳр.) кўп бўлмаган даврда;

б) табиий газ истеъмолини ҳисобга олиш приборининг хотирасидан истеъмолчининг айби билан назорат қилинадиган маълумотлар қисман ёки тўлиқ йўқотилишига йўл қўйилганда – маълумотлар йўқотилган вақтдан носозлик аниқланган вақтгача (аралашиш ҳолати ва санасини тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд бўлганда), вақтни (даврни) аниқлаш имкони бўлмаганда – охирги кўрик ёки Бюро ёхуд газ таъминоти ташкилоти вакили бориб кўрган вақтдан бошлаб, лекин даъво муддатидан (3 йил, таҳр.) кўп бўлмаган даврда;

в) газ истеъмоли ҳажмлари ҳисобга олиш приборининг рухсат этилган максимал ўлчов чегарасидан ортиқча бўлганда. Ушбу ҳолатда пломбаланмаган газ жиҳозларида фойдаланилган газ учун ҳисоб-китоблар охирги хатловдан ўтказиш далолатномаси тузилган кундан, хатлов далолатномаси мавжуд бўлмаганда эса – Бюро ёки газ таъминоти ташкилоти вакили томонидан охирги марта бориб кўрилган кундан бошлаб  амалга оширилади;

г) ҳисобга олиш приборини улаш тартиби ва схемаси ўзгартирилганда, прибордан ташқари визуал аниқлаб бўлмайдиган яширин йўл билан уланишлар (газ қувурлари, байпас линиялари ва бошқаларнинг яширинча монтаж қилиниши) аниқланганда – охирги хатловдан ўтказиш далолатномаси тузилган кундан, лекин даъво муддатидан (3 йил, таҳр.) кўп бўлмаган даврда;

д) ҳисобга олиш прибори бузилганда ёки мавжуд бўлмаганда (истеъмолчи айби билан), пломбалар узилганда ва визуал аниқланадиган табиий газнинг ҳақиқий истеъмоли кўрсаткичларини камайтириш мақсадидаги бошқа қоидабузарликларда (жумладан, ҳисобга олиш приборидан ташқари ёки ундан олдин газ қувурлари ва байпас линиялари уланганда) – 1 ҳисоб-китоб давридан (ой – таҳр.) кўп бўлмаган вақтда;

е) истеъмолчи томонидан газлаштириш учун зарур ҳужжатлар расмийлаштирилмасдан газдан фойдаланиш бўйича қўшимча ускуна ўрнатилганда – 1 ҳисоб-китоб давридан (ой – таҳр.) кўп бўлмаган вақтда.

Бунда қоидабузарлик тўғрисидаги далолатномага мувофиқ амалга оширилган қайта ҳисоб-китоб ҳажми ва суммаси Қоидалар бузилиши билан боғлиқ зарарни ҳисоблаш учун асос ҳисобланади.

 

 

 

Ҳар қандай электр ҳисоблагични сотиб олиш, ўрнатиш ва қиёсловдан ўтказиш – ЭТК ҳисобидан

 

Ҳудудий электр тармоқлари корхоналари ўз абонентларининг барча (нафақат ЭҲНАТга уланган) ҳисоблагичларини сақлаш харажатларини ўз зиммасига олади. Кўп квартирали турар жойлар ҳамда ётоқхоналарда яшовчи истеъмолчилар электр плиталар ўрнатиш техник шартларда назарда тутилган ҳолдагина электр энергияси ҳақини 50%лик чегирма билан тўлай оладилар.

 

Электр энергиясидан фойдаланиш қоидаларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритган ВMнинг 20.10.2018 йилдаги 838-сон қарорида ана шулар назарда тутилган.

Барча учун бепул

Энди, Қоидаларнинг 52-бандига мувофиқ, барча электр энергияси ҳисоблагичларини сотиб олиш, ўрнатиш, рўйхатга олиш, даврий давлат қиёсловидан ўтказиш ва пломбалаш, шунингдек мавжудларини (шу жумладан индукцион) алмаштириш ҳудудий электр тармоқлари корхонаси маблағлари ҳисобидан амалга оширилади. Илгари ушбу норма фақат ЭҲНАТга уланадиган, яъни замонавий ҳисоблагичларга тааллуқли эди.

Шу муносабат билан истеъмолчилар тегишли хабарномани олганларидан сўнг келгуси қиёслов хизмати учун тўловни амалга оширмаган бўлсалар, уларни электр энергияси учун тўловни белгиланган қувват бўйича тўлашга ўтказиш тўғрисидаги Қоидаларнинг ­125-банди ўз кучини йўқотди.

 

Ўғирланган ёки зарар етказилган ҳисоблагични ким тиклайди?

Ҳисоблагич ўғирланган ёки унга зарар етказилган ҳолларда Қоидаларнинг 98-банди қўлланилади, унга ҳам хонадонлар ичида ўрнатилган ҳисоблагичлар ҳақидаги норма қўшилди. Хонадон ичида ўрнатилган ҳисоблагични тиклаш истеъмолчининг мажбурияти эканлиги борасида аниқлик киритилди.

Шу билан бирга, зинапоя майдончаларида ўрнатилган ҳисоблагичлар учун илгаригидек ХУМШ ёки уйни бошқарувчи ташкилот жавобгар ҳисобланади.

 

Электр энергияси учун тарифнинг 50%ини тўлашга ким ҳақли

Овқат тайёрлаш учун электр плиталар билан жиҳозланган кўп квартирали турар жойлар ва ётоқхоналар аҳолисигина, уйнинг неча қаватлилигидан қатъи назар, электр энергияси учун белгиланган тарифнинг 50%и миқдорида тўлов тўлаш ҳуқуқига эга. Илгари фақат 10 қават ва ундан баланд уйларнинг аҳолиси ана шу ҳуқуққа эга эди.

Шуниси муҳимки, электр тармоқларига улаш бўйича техник шартларда аввалбошдан мазкур электр плиталарнинг қуввати ҳисобга олинган кўп квартирали турар жойлар ва ётоқхоналар аҳолисигина имтиёздан фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлади. Бу уйларда электр қурилмаларни (трансформаторлар, куч кабеллари, тақсимлаш шчитлари, коммутация аппаратлари, электр узаткичлар ва бошқаларни) лойиҳалаштириш ва монтаж қилиш техник шартларда кўрсатилган қувватни ҳисобга олган ҳолда амалга оширилиши лозим.

 

 

 

Электр энергиясидан фойдаланиш қоидалари: бизнес учун янгиликлар

 

Энергиянинг прогноз ҳажмига ҳар йилги буюртманомалар ва намунавий шартномалар бекор қилинди, юкламалар соатлари ва қувват коэффициенти пасайтирилганлиги учун қўшимча маблағларни ундириш тартиби ўзгартирилди (ВMнинг 20.10.2018 йилдаги 838-сон қарорига биноан). Ушбу шарҳда Электр энергиясидан фойдаланиш қоидаларидаги тадбиркорлар учун янгиликлар ҳақида сўз юритамиз.

 

Қоғозбозлик камаяди

Энди электр энергияси истеъмолчилари ҳар йили 1 сентябргача келгуси йил учун электр энергияси истеъмолининг прогнозлаштирилаётган миқдори тўғрисида буюртманома беришлари керак эмас. Буюртманомалар ҳудудий электр тармоқлари корхоналарига (бундан кейин – ҲЭТК) ёки истеъмолчи электр қурилмалари электр тармоқларига уланган электр таъминоти корхоналарига берилар эди. Буни аҳолидан ташқари барча амалга ошириши шарт эди.

Энди истеъмол прогнози ҲЭТК томонидан ҳар бир истеъмолчи билан тузилган электр таъминоти шартномаларида кўрсатилган эҳтиёж миқдорлари асосида аниқланади. Бунда иқтисодий ривожланиш, аҳоли сонининг ўсиши ва уй-жой қурилиши ҳисобга олинади.

Реклама, чироқлар билан безатиш, бино ва иншоотларни ёритиш учун электр энергиясини сарфлашга ҲЭТКнинг тегишли рухсатнома олиш керак эмас. Бунда истеъмол қуввати аҳамиятга эга эмас.

Бошқа турдаги энергия ўрнига электр энергиясидан фойдаланишни келишиш учун «Ўздавэнергоназорат» инспекциясига ТИА тақдим этиш тўғрисидаги талаб ўз кучини йўқотди. Илгари электр энергиясидан технологик мақсадда иситиш, тижорат мақсадида овқат тайёрлаш, шунингдек, хоналарни иситиш ва иссиқ сув таъминоти мақсадида фойдаланадиган ҳамда электр энергияси учун бир ставкали тариф бўйича ҳисоб-китоб қиладиган барча тадбиркорлар ушбу талабга риоя этишлари шарт эди.

Илгари Қоидаларга илова қилинган электр таъминотининг намунавий шартномалари бекор қилинди. Энди «Ўзбекэнерго» АЖ Мажбурий ижро бюроси, «Ўздавэнергоназорат» инспекцияси ҳамда Давлат рақобат қўмитаси билан келишган ҳолда уларни ишлаб чиқиш ва тузиш билан шуғулланади. Намунавий шартномаларнинг ўзи эса якунда имзоланадиган ҳужжатни тузиш учун бошланғич нуқта ҳисобланади. Газ таъминоти соҳасига ҳам худди шундай ўзгартиришлар киритилди.

 

Ўзаро ҳисоб-китоблардаги янгиликлар

Энди ҳисоблагичларни сотиб олиш, ўрнатиш, рўйхатга олиш, даврий давлат қиёсловидан ўтказиш ва пломбалаш бўйича барча харажатлар ҲЭТК зиммасига юклатилади. Бунда ишбилармон доиралар вакиллари Электр энергиясидан фойдаланиш қоидаларидаги бошқа ўзгартириш ва қўшимчаларга ҳам эътибор қаратишлари лозим.

Улар ҲЭТК томонидан берилган техник шартлар бўйича ёки электр таъминоти шартномасида кўрсатилган рухсат этилган қувват 50 кВт ва ундан ортиқни ташкил этган I ва II тариф гуруҳлари истеъмолчиларига реактив энергия компенсацияси учун чегирмалар ва устамаларни ҳисоблаб чиқаришга дахлдор.

Биринчидан, Қоидаларга қўшимча қилинган нормага кўра, ҳисоб-китоблар ва қўшимча маблағларни ундириш ҳисоб-китоб даврида электр таъминоти шартномасида кўрсатилганига нисбатан истеъмолчи томонидан қувват коэффициентининг амалдаги қийматини пасайтиришга йўл қўйилганлиги тўғрисида «Ўздавэнергоназорат» инспекциясининг тасдиқлови мавжуд бўлганда амалга оширилади.

Иккинчидан, ҳисоб-китобларда қўлланиладиган электр тармоғининг катта ва кичик юкламали соатларига тузатиш киритилди. Энди катта юкламали соатлар – соат 6:00 дан 22:00 гача (илгари – соат 7:00 дан 23:00 гача), кичик юкламали соатлар эса – соат 22:00 дан 6:00 гача (илгари – cоат 23:00 дан 7:00 гача). Эслатиб ўтамиз, тарифларнинг ҳисоб-китоб қилиниши катта ва кичик юкламали соатларга боғлиқ.

Шуни назарда тутиш лозимки, ушбу ўзгартиришлар бюджет ташкилотлари, фермер хўжаликлари ва сув истеъмолчилари уюшмаларининг насос станциялари, шунингдек Давлат бюджетидан молиялаштириладиган насос станцияларига тааллуқли эмас.

I ва II тариф гуруҳлари истеъмолчилари IV тариф гуруҳи бўйича тўлайдиган ҳоллар мавжуд. Булар – технологик мақсадда электр иситиш, шунингдек биноларни иситиш, иссиқ сув таъминоти ва овқат тай­ёрлаш учун сарфланадиган электр энергиясининг ҳажми учун тўловлар. Энди ушбу талаблар бюджет ташкилотларига нисбатан татбиқ этилмайди.

 

Маълумот учун:

I тариф гуруҳига уланган қуввати 750 кВА ва ундан ортиқ бўлган, электр энергияси учун табақалаштирилган тариф бўйича ҳисоб-китоб қилинадиган истеъмолчилар киради. Бюджет ташкилотлари, фермер хўжаликлари ва сув истеъмолчилари уюшмаларининг насос станциялари, шунингдек Давлат бюджетидан молиялаштириладиган насос станциялари бундан мустасно.

II тариф гуруҳига қуйидагилар киради:

► электр энергияси учун бир ставкали тариф бўйича ҳисоб-китоб қиладиган истеъмолчилар, маиший истеъмолчилардан ташқари;

► «Ўзбекэнерго» АЖ ва «Ўзбекгидроэнерго» АЖ таркибига кирадиган, ҳудудий электр таъминоти корхоналари, шу жумладан ҳудудий электр тармоқлари корхоналаридан электр қуввати оладиган корхона ва ташкилотларнинг, шунингдек, электр энергияси ишлаб чиқарувчи корхоналарнинг ушбу корхоналар ҳудудидан ташқарида алоҳида жойлашган объектларининг хўжалик эҳтиёжлари. Бунда «Ўзбекэнерго» АЖ ва «Ўзбекгидроэнерго» АЖ таркибига кирадиган ҳамда электр энергияси ишлаб чиқарувчи корхоналар томонидан хўжалик эҳтиёжлари учун ўзига тегишли тармоқларда электр энергияси ишлаб чиқариш бўйича фойдаланилган электр энергияси амалдаги таннарх бўйича ҳисоб-китоб қилинади.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 22.10.2018 йилдан кучга кирди. 

 

Олег Гаевой, «Norma» МЧЖ эксперти.

 

 

Прочитано: 1423 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика