Norma.uz
Норма маслахатчи / 2018 йил / № 30 / Паспорт масалалари

Мерос расмийлаштирилгандан сўнг

 

Мен ота-онамникида пропискадан ўтганман ва шу ерда яшайман, бироқ уйнинг эгаси йўқлиги сабабли фарзандимни пропискадан ўтказмаяптилар. Уй эгаси вафот этган, уйни эса ҳали қайта расмийлаштиришга улгурмадилар.

Ўзим пропискадан ўтган уйга фарзандимни қандай прописка қилдиришим мумкин? Паспорт столидагилар янги чиққан қарорга кўра хўжайиннинг розилигисиз прописка қилмаётганликларини айтишди. Шу тўғрими?

Ф.Рўзиева. Тошкент ш.

 

– Ҳақиқатан ҳам, квартира мулкдори бўлган фуқаро ариза (3-сон шакл) бўйича прописка расмийлаштирилаётганда турар жой майдонини берувчи шахс сифатида имзо чекиб, бошқа шахсларнинг прописка қилинишига рухсат беради (АВ томонидан 9.04.1999 йилда 698-сон билан рўйхатдан ўтказилган Йўриқноманинг 54-банди). Шу сабабли квартиранинг янги мулкдори меросни олиши билан фарзандингиз прописка қилинишига мажбурий тартибда рухсат бериши керак.

16 ёшга тўлмаган ва ота-онаси (васийлари, ҳомийлари) билан бирга яшовчи болалар туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномалари асосида улар ҳақидаги маълумотларни уй дафтарига (прописка карточкасига) қайд этиш орқали прописка қилинади (698-сон Йўриқноманинг 45-банди).

 

Эгасининг ҳуқуқи

 

Қариндошим отасининг уйида прописка қилинган эди. Отаси вафот этди, уйни сотиб юбордилар. Энди қариндошимнинг онаси уни ўз уйида прописка қилдирмоқчи, бироқ унинг турмуш ўртоғи бунга қаршилик қилмоқда. Онаси – уй эгаси, бироқ эрининг розилигисиз қариндошимни пропискадан ўтказмайдилар. Бундай вазиятда қандай йўл тутиш керак?

Азимбоев. Тошкент ш.

 

Уй-жой мулкдори, турар жой майдони ҳажмидан қатъи назар, оила аъзолари ва Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, шунингдек белгиланган тартибда берилган Ўзбекистон ҳудудида яшаш гувоҳномасига эга бўлган хорижий фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни ­прописка қилишга ҳақли (698-сон Йўриқноманинг 54-банди).

Шу тариқа, квартира эгаси қариндошингизнинг онаси бўлса, уни эрининг рухсатисиз прописка қилишга ҳақли. У прописка учун қуйидаги ҳужжатларни тақдим этиши керак:

► тегишли органлар берган турар жойнинг олди-сотди шартномаси ёки ордер;

► 3-сон шаклдаги ариза;

► Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг паспорти;

► ҳарбий ҳисобда туриши тўғрисидаги ҳужжатлар;

► давлат божи тўланганлиги тўғрисида квитанция.

 

Фақат даъво аризасига кўра

 

Танишим бир оз муддатга уни пропискадан ўтказишимни илтимос қилди. Бирмунча вақт ўтгач кетиб қолди, 10 йилдан ортиқ муддатдан бери мамлакатимизга келмаяпти. Кетиш олдидан пропискадан ўчмади. Гап шундаки, мен ногиронман, онамнинг кўзи яхши кўрмайди, унинг учун тўловларни тўлаш малол келаяпти.

Уни қандай қилиб судсиз пропискадан чиқариш мумкин?

Роман А. Тошкент ш.

 

– Афсуски, суд қарорисиз танишингизни пропискадан чиқариб бўлмайди. Фуқаролар турар жой майдонига бўлган ҳуқуқдан маҳрум қилиш, шахсни бедарак йўқолган деб топиш тўғрисидаги суд қарорига кўра, нотариал тасдиқланган ишончнома бўйича, ички ишлар органларининг сўровига биноан, маъмурий тартибда чиқариб юбориш тўғрисидаги прокурор санкцияси билан пропискадан чиқарилади (698-сон Йўриқноманинг 48-банди).

Фуқароларни белгиланган муддатдан ортиқ бўлмаганлари оқибатида муниципал, идоравий уй-жой фонди ва аниқ мақсадли коммунал уй-жой фондининг уйларидаги турар жойдан фойдаланиш ҳуқуқини йўқотган деб топиш ижарага берувчининг ёки ушбу турар жойда яшаб қолган бошқа доимий фойдаланувчиларнинг даъво аризасига биноан суд тартибида амалга оширилади (Уй-жой кодексининг 54-моддаси).

Шу тариқа, ўз турар жойингизга прописка қилган танишингиз уни бедарак йўқолган шахс сифатида тан олиш тўғрисидаги даъво аризасига биноан фақат суд тартибида пропискадан чиқарилиши мумкин.

 

Санжар Хўжааҳмедов, «Norma» МЧЖ эксперти.

 

Прочитано: 1374 раз(а)

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика