Norma.uz
Норма маслахатчи / 2018 йил / № 30 / Қонунчиликдаги янгиликлар

Янги ҳужжатларни тақдим этамиз

 

Тақдим этилаётган, шунингдек сўнгги пайтда қабул қилинган бошқа ҳужжатларнинг тўлиқ матни билан «Norma» АҚТ ва nrm.uz сайтида танишиб чиқишингиз мумкин.

 

CCП Ўзбекистондаги барча йирик корхоналарни бирлаштиради

«Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси тўғрисида»ги Қонуннинг янги таҳрири эълон қилинди.

 

Белгиланишича, Палатага аъзолик кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари учун ихтиёрий, бошқа тадбиркорлик субъектлари учун эса мажбурийдир.

«Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида»ги Қонуннинг 5-моддасида ҳамда ВМнинг «Иқтисодий фаолият турларини таснифлашнинг халқаро тизимига ўтиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида (24.08.2016 йилдаги 275-сон) хўжалик юритувчи субъектларни таснифлаш мақсадида бошқа – кичик тадбиркорлик субъектлари тушунчаси қўлланилади. Уларга қуйидагилар киради:

1) якка тартибдаги тадбиркорлар;

2) ишлаб чиқариш тармоқларидаги, банд бўлган ходимларининг ўртача йиллик сони кўпи билан 20 киши, хизмат кўрсатиш соҳасидаги ва ишлаб чиқариш билан боғлиқ бўлмаган бошқа тармоқлардаги, банд бўлган ходимларининг ўртача йиллик сони кўпи билан 10 киши, улгуржи, чакана савдо ҳамда умумий овқатланиш тармоқларидаги, банд бўлган ходимларининг ўртача йиллик сони кўпи билан 5 киши бўлган микрофирмалар;

3) қуйидаги тармоқлардаги:

енгил, озиқ-овқат саноатидаги ва қурилиш материаллари саноатидаги, банд бўлган ходимларининг қонун ҳужжатларида назарда тутилган ўртача йиллик сони – кўпи билан 200 киши;

металлга ишлов бериш ва асбобсозлик, ёғочсозлик, мебель саноатидаги, шунингдек бошқа саноат-ишлаб чиқариш соҳаларидаги, банд бўлган ходимларининг қонун ҳужжатларида назарда тутилган ўртача йиллик сони – кўпи билан 100 киши;

машинасозлик, металлургия, ёқилғи-энергетика ва кимё саноати, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ва уларни қайта ишлаш, қурилиш ҳамда бошқа саноат-ишлаб чиқариш соҳаларидаги, банд бўлган ходимларининг қонун ҳужжатларида назарда тутилган ўртача йиллик сони – кўпи билан 50 киши;

фан, илмий хизмат кўрсатиш, транспорт, алоқа, хизмат кўрсатиш соҳалари (суғурта компанияларидан ташқари), савдо ва умумий овқатланиш ҳамда ишлаб чиқариш билан боғлиқ бўлмаган бошқа соҳалардаги, банд бўлган ходимларининг ўртача йиллик сони – кўпи билан 25 киши бўлган кичик корхоналар.

Бундан ташқари, фермер, деҳқон хўжаликлари ва оилавий корхоналар ҳам кичик тадбиркорлик субъектларига тенглаштирилган.

ССПга ихтиёрий ва мажбурий аъзолик ҳақида сўз борганда тадбиркорлик субъектларини таснифлашнинг айнан юқорида баён этилган мезонлари назарда тутиляпти деб хулоса қилиш мумкин.

 

ССП кўпроқ ваколатга эга бўлди

Қонун билан Савдо-саноат палатасининг 6 та вазифаси, худди шунча фаолият йўналиши ва 26 та функцияси белгиланди. Улар тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини яхшилаш, тадбиркорлик фаолиятига кўмаклашиш, давлат органлари, бошқа органлар ва ташкилотлар билан ҳамкорлик қилиш, тадбиркорлик субъектларини ўқитиш ва кадрларни тайёрлаш, ташқи иқтисодий фаолият ва чет эл инвестицияларини жалб этиш соҳаларига тааллуқлидир.

Қўйилган вазифаларни амалга ошириш учун Палатага қуйидаги ҳуқуқлар берилди:

► Вазирлар Маҳкамасига, вазирликларга, давлат қўмиталарига ва идораларга ишбилармонлик ҳамда инвестиция муҳитини яхшилаш масалалари юзасидан, шу жумладан тадбиркорлик фаолиятининг ривожланишига тўсқинлик қилаётган ёки унинг ривожланишини чеклаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек уларни ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида таклифлар киритиш;

► норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг жамоатчилик экспертизасини ўтказиш ва тадбиркорликнинг бошқа масалаларини муҳокама қилиш учун тадбиркорлик субъектлари иштирокида эксперт кенгашларини тузиш;

► тадбиркорлик субъектлари ва давлат органлари ўртасидаги низонинг ҳал этилишини таъминлаш, шунингдек бозорларни ўрганиш ҳамда таҳлил қилиш мақсадида давлат ва хўжалик бошқаруви органларидан, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларидан, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидан ва уларнинг мансабдор шахсларидан зарур маълумотлар, ҳужжатлар, материалларни ҳамда статистика маълумотларини сўраб олиш, бундан қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар мустасно;

► тарафлар ўртасидаги низоларни судгача ҳал этишни амалга ошириш;

► Палата аъзоларининг, шунингдек ўз манфаатларини кўзлаб судларга давлат божи тўламасдан даъволар тақдим этиш, давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарорлари, улар мансабдор шахсларининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан шикоят қилиш;

► жиноят ишлари бўйича иш юритишда тадбиркорлик субъектларининг жамоатчилик ҳимоячилари сифатида иштирок этиш;

► давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарорлари, улар мансабдор шахсларининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан шикоят қилинганда тадбиркорлик субъекти номидан суд муҳокамасининг исталган босқичида иштирок этиш (иккала тараф Палата аъзолари бўлган ҳоллар бундан мустасно), шунингдек даъво аризалари билан бир қаторда апелляция, кассация шикоятлари, аризалар, шу жумладан назорат тартибида протест келтириш ҳақида илтимосномалар бериш;

► давлат активларини хусусийлаштириш, шу жумладан давлат мулки объектларини «ноль» харид қиймати бўйича реализация қилиш, шунингдек давлат органлари функцияларининг ва давлат хизматларининг айрим турларини хусусий секторга ўтказиш, давлат-хусусий шерикликнинг таъсирчан механизмларини жорий этиш тўғрисида таклифлар киритиш;

► ўз тузилмасида таълим муассасаларини ташкил этиш;

► Ўзбекистон Республикасида ва чет давлатларда ташкилотлар ташкил этиш, ўз ваколатхоналарини очиш;

► тадбиркорлик фаолияти субъектларига ихтироларни, фойдали моделларни, саноат намуналарини патентлашда, товар белгиларини, хизмат кўрсатиш белгиларини ва товарлар келиб чиққан жой номларини рўйхатдан ўтказишда кўмаклашиш;

► Ўзбекистон Республикасида ва унинг ҳудудидан ташқарида кўргазмалар ҳамда ярмаркалар ташкил этиш ва ўтказиш;

► тадбиркорлик фаолияти субъектларига ҳуқуқий ва бошқа хил ёрдам кўрсатиш;

► газеталар, журналлар ва бошқа босма материаллар нашр этиш, шунингдек тадбиркорлик фаолиятини таъминлаш учун ноширлик ҳамда реклама хизматлари кўрсатиш;

► халқаро ва чет эл ташкилотларида Палата ­аъзоларининг тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ манфаатларини ифода этиш;

► тадбиркорлик субъектларининг фаолияти масалаларига доир норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқишда ва муҳокама қилишда иштирок этиш;

► иқтисодий низоларни ҳал қилиш учун қонун ҳужжатларига мувофиқ ҳакамлик судларини, шунингдек халқаро тижорат арбитраж судини ташкил этиш;

► чет эллик шериклар мурожаат этган ҳолларда, товарларнинг келиб чиқиши тўғрисидаги сертификатларни тасдиқлаш;

► Палата аъзолари бўлган тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текширишларда иштирок этиш;

► чет эл ва халқаро ташкилотларнинг молиявий ҳамда техник ёрдамини жалб этишда тадбиркорлик фаолияти субъектларига кўмаклашиш.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 11.10.2018 йилдан кучга киради.

 

 

Марҳамат, 4 кун ичида сертификат оласиз!

 

Хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналар олиб келадиган мол-мулкка сертификат 4 кунда расмийлаштириладиган бўлди. Бу Вазирлар Маҳкамасининг 18.07.2018 йилдаги 549-сон қарори билан Хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналар томонидан ўз ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун олиб келинаётган мол-мулкни аниқлаш тартиби тўғрисидаги низомга киритилган тузатишларда назарда тутилди.

 

Эслатиб ўтамиз, хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналар божхона ҳудудига олиб келадиган мол-мулк улар давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан бошлаб 2 йил давомида божхона божини тўлашдан озод қилинади, агар:

мазкур корхоналар устав фондидаги хорижий инвестициялар улуши камида 33%ни ташкил этса;

мол-мулк хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналарнинг ўз ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун божхона ҳудудига олиб келинса.

Имтиёзни қўллаш учун ушбу мол-мулкни эркин муомалага чиқариш режимида божхона расмийлаштирувидан ўтказиш пайтида «Ўзбекэкспертиза» АЖ томонидан берилган махсус сертификатга эга бўлиш зарур.

 

Юқорида кўрсатилган сертификатни расмийлаштириш жараёни тезлаштирилди ва соддалаштирилди.

Биринчидан, сертификат олиш учун аризани энди электрон тарзда тақдим этиш мумкин. Шуниси эътиборга лойиқки, аризага раҳбарнинг ёхуд ишлаб чиқариш учун масъул шахснинг имзоси ва ариза берувчининг муҳри билан тасдиқланган ҳужжатлар пакетини илова қилиш лозим. Бироқ ушбу ҳужжатларни электрон форматда ҳам тақдим этиш имконияти ҳақида аниқ қоидалар белгиланмаган.

Энди сертификатнинг ўзи ҳам экспертизадан ўтказилиб, «Ягона дарча» бирхиллаштирилган божхона ахборот тизимига киритилгандан кейин электрон шаклда расмийлаштирилади. Бироқ ариза берувчи ҳужжатнинг қоғоз шаклини талаб қилса, унга нусхаси қоғозга чиқариб берилади.

Ариза берувчининг олдин берилган сертификатга ўзгартириш (шу жумладан амал қилиш муддатини узайтириш) ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги асосланган мурожаати, шунингдек ўзгартириш ва қўшимчаларнинг ўзи ҳам электрон шаклда бўлади.

Иккинчидан, сертификат олиш учун берилган ариза 4 иш куни (илгари – 5 иш куни) мобайнида кўриб чиқилади, қўшимча маълумотлар олиш зарур бўлса, муддат 6 иш кунигача (илгари – 10 иш кунигача) узайтирилади.

Олдин берилган сертификатга ўзгартириш ва қўшимчаларни расмийлаштириш муддати 5 иш кунидан 4 иш кунигача қисқартирилди.

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 18.07.2018 йилдан кучга кирди. 

 

 

Шикастланган купюралар: қайсилари тўлов учун яроқли

 

МБ Бошқарувининг қарори (АВ томонидан 29.06.2018 йилда 3029-сон билан рўйхатдан ўтказилган) валюта айирбошлаш операцияларини амалга ошириш чоғида банкноталар муомалага яроқли ёки яроқсиз деб ҳисобланишига сабабчи бўладиган шикастланишларнинг тузатиш киритилган рўйхати тақдим этилди.

Шундай қилиб, банклар қуйидаги шикастланиш белгилари мавжуд бўлган купюраларни қабул қилишни рад эта олмайдилар:

► банкнота тасвирини (шаклини) аниқлаш имконини берадиган даражада сийқаланган ва ифлосланган;

► банкнота энининг (бўйининг) 1/4 қисмидан ошмаган ёпиштирилган йиртиқларга эга бўлган;

► ёпиштириб қўйилган бурчаклари ёки қисмлари 1 кв.см дан ошмаган ҳамда йиртиб олинган бурчаклари ёки қисмлари аниқ ушбу банкнотага тегишли бўлган;

► банкноталарнинг ҳақиқийлигини аниқлашга халақит бермайдиган ва ҳимоя белгиларидан бирининг 50 %идан ортиғини тўсиб қўймайдиган майда доғлар, икки донадан ошмаган ёзувлар ва штамп изи бўлган (банкнота муомаладан чиқарилганлиги, сохталиги ёки намунавийлигини тасдиқловчи штамплар бундан мустасно);

► диаметри 1 мм дан ошмаган ва иккитадан кўп бўлмаган тешиклар бўлган.

Бу – муҳим! Банклар бундай купюраларни миллий валютага айирбошлашлаш, шу турдаги шикастланмаган купюраларга алмаштириш, майдалаш, йириклаш, конверсия операцияларини амалга ошириш учун қабул қилишлари шарт. Кўрсатилган операциялар, шу жумладан, яроқсиз банкноталарни инкассога қабул қилиш учун тижорат банклари томонидан воситачилик ҳақлари ундирилади.

Қуйидаги ҳолларда банкнота муомалага яроқсиз ҳисобланади:

► бўлакларга ажратилган, шу жумладан ёпиштирилган бўлса;

► банкнота геометрик ўлчами 3 мм ва ундан ортиққа ўзгарган бўлса;

► банкнота тасвирини (суратини, портретини, шаклини) аниқлаш имконини бермайдиган даражада сезиларли сийқаланган ва ифлосланган бўлса;

► банкноталар ўзининг қаттиқлик даражасини сезиларли даражада йўқотиб, юмшоқ ҳолга келган бўлса;

► дастлабки ранги ўзгарган ёки ранги ўчган бўлса;

► ёнган ёки куйган ҳолатда бўлса;

► тўлов воситаси эканлигини кўрсатувчи асосий белгиларидан бирининг 50%идан ортиқ қисмига мой, бўёқ ёки сиёҳ тўкилган бўлса;

► банкнотада кимёвий реактивлар таъсири бўлса;

► муайян даражада қасддан шикастланган ҳолда тасвир (сурат, портрет) ўзгартирилганда, номинали ўзгартирилган, ҳимоя ипчалари олиб ташланган, катта ҳажмдаги ёзувлар бўлса;

► аниқ босма хатога эга бўлган (сув белгиси ёки ҳимоя ипчаларининг йўқлиги ёки нотўғри жойлашганлиги), тасвирлари тўлиқ босилмаган ёки суркалиб кетган бўлса.

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 2.07.2018 йилдан кучга кирди.

 

 

Битта шартнома доирасида айнан бир хил товарларнинг доимий олиб ўтилиши қандай декларацияланади

 

Давлат божхона қўмитасининг қарори (АВ томонидан 5.07.2018 йилда 3037-сон билан рўйхатдан ўтказилган) билан Бир ташқи савдо шартномаси доирасида айнан бир хил товарларнинг божхона расмийлаштирувини даврий БЮД тақдим қилиш йўли билан амалга ошириш тартиби тасдиқланди.

Даврий божхона юк декларацияси бир хил товарлар бир шартнома (келишув, битим) асосида айни бир шахс томонидан доимий (60 календарь кун ичида бир мартадан кўп марта) олиб ўтилганда расмийлаштирилади.

Айнан бир хил товарлар дейилганда ишлаб чиқарилган мамлакати, физик хусусиятлари, сифати, ишлаб чиқарувчиси ва ТИФ ТН бўйича товар кодининг ўнта белгили даражаси бир хил бўлган товарлар тушунилади.

Божхона расмийлаштируви 2 босқичда амалга оширилади:

I босқичда даврий БЮД расмийлаштирилади. У билан бирга божхона расмийлаштируви учун товар ва транспорт воситаси кузатув ҳужжатлари декларациялаётган шахсга тегишли ЭРИ билан тасдиқланган ҳолда тақдим этилади.

Божхона органининг мансабдор шахси томонидан барча олинган маълумотлар Ягона автоматлаштирилган ахборот тизимида (ЯААТ) юкланади ва рўйхатдан ўтказилади. Мазкур ҳаракатлар якунлангандан сўнг, шу жумладан божхона кузатуви ўтказилгандан кейин товар ваколатга эга бўлган шахснинг ихтиёрига берилади.

Даврий БЮД Божхона юк декларациясини тўлдириш тартиби тўғрисидаги йўриқнома (АВ томонидан 6.04.2016 йилда 2773-сон билан рўйхатдан ўтказилган) талабларига мувофиқ тўлдирилади.

II босқичда божхона чегарасидан тўлиқ ёки қисман олиб ўтилган товарларга тўлиқ БЮД тўлдирилади. У даврий БЮД расмийлаштирилган санадан 60 календарь кундан ошмаган муддатда тақдим этилади.

Бунда божхона тўловлари суммасини ҳисоблаш учун даврий БЮД қабул қилинган кунда амалда бўлган ставкалар ва валюталар курси қўлланилади.

Эътибор қилинг! Бир ташқи савдо шартномаси бўйича ўсимлик ва ҳайвонот дунёсига мансуб, озон қатламини бузувчи ва таркибида унинг маҳсулотлари бўлган объектларни божхона чегарасидан олиб ўтишга карантин рухсатномалари, шунингдек ветеринария, экология ҳамда бошқа сертификатлар ва рухсатномалар 1 календарь йил давомида бир марта берилишига рухсат этилган.

Шунингдек эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 1 июли­дан бир ташқи савдо шартномаси доирасида олиб кириладиган маҳсулотларни сертификатлаштириш тартиби жорий қилинган.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 6.07.2018 йилдан кучга кирди.

 

Олег Заманов, Ленара Хикматова, «Norma» МЧЖ экспертлари.

 

Прочитано: 1303 раз(а)

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика