Norma.uz
Норма маслахатчи / 2018 йил / № 30 / Хўжалик юритиш қоидалари

Қўлингиздаги карта

 

Амалиётда юридик шахслар ҳисоб-китобларда корпоратив банк карталарини тобора фаол қўлламоқдалар. Улар корхоналарнинг хўжалик фаолияти билан боғлиқ харажатларни тўлашнинг қулай ва ишончли усули ҳисобланади. Бироқ табиий савол туғилади: юридик шахс вакили қандай асосга кўра корхонанинг корпоратив картасини тасарруф этишга ҳақли? Унга ишончнома керакми?

 

Таърифига кўра корпоратив банк картаси (КБК) – уни сақловчисига нақд пулсиз шаклда тўловларни амалга ошириш ҳуқуқини берувчи тўлов картаси. Корпоратив банк картасининг сақловчиси юридик шахс ва эмитент банк ўртасидаги шартнома асосида ундан фойдаланувчи юридик шахс ёки у ваколат берган шахс ҳисобланади (АВ томонидан 18.04.2005 йилда 1470-сон билан рўйхатдан ўтказилган Низомнинг 1-банди «а», «б» кичик бандлари).

Корхона КБК сақловчисини қуйидаги иккита усулдан бири ёрдамида белгилаши мумкин:

 

1. Юридик шахснинг ўзини кўрсатиш. Тегишинча, КБКнинг олд томонида унинг расмий (фирма) номи кўрсатилади.

Бу ҳолда корхона фақат у билан тўлиқ моддий жавобгарлик тўғрисида шартнома тузган ўз ходимига КБК сақловчиси сифатида ваколат бериши мумкин (1470-сон Низомнинг 1-банди «б» кичик банди).

Банк картасидан сақловчини хабардор этмай фойдаланиш мумкин эмас (АВ томонидан 30.04.2004 йилда 1344-сон билан рўйхатдан ўтказилган Низомнинг 2-банди). Бунда жисмоний шахснинг шахсий банк картасидан муайян махсус ҳужжатсиз бошқа шахслар (унинг оила аъзолари, дўстлари ва б.) фойдаланиши мумкин бўлса, корпоратив картадан фақат юридик шахснинг ваколатли ходими фойдалана олади (1344-сон Низомнинг 7-банди). Яъни ходимнинг уни тасарруф этиш ваколатлари белгиланган бўлиши лозим. Бунинг учун ходимга ФКнинг 134, 138-моддаларига мувофиқ картадан фойдаланиш учун ишончнома берилиши зарур.

Бир шахс (ишонч билдирувчи) томонидан иккинчи шахсга (ишончли вакилга) учинчи шахслар олдида вакиллик қилиш учун берилган ёзма ваколат ишончнома ҳисобланади. Ишончли вакил ўзига ишончнома билан берилган ваколатлар доирасида иш олиб боради. Унда ходимнинг КБКдан қатъий белгиланган мақсадда фойдаланиши қайд этилиши мумкин. Масалан, унинг ёрдамида фақат ёзув-чизув молларини харид қилиш, телефон алоқаси, Интернет ҳақини тўлаш ва ҳ.к. учун ишониб топширилиши мумкин. Ёки ойлик (бошқа муддат) муайян сумма лимитини белгилаш мумкин, бунда ходим ундан ортиқ корхона харажатларини КБК воситасида тўлашга ҳақли бўлмайди. Ёхуд ходимга корхона фаолияти билан боғлиқ барча харажатларни тўлаш ишониб топширилиши мумкин.

Бинобарин, ходимнинг картадан фойдаланиш ваколатлари доирасини ишончномада белгилаш мумкин бўлади.

Амалиётда савдо ва сервис корхоналарининг кўпчилиги ишончнома талаб этмайди. Ходим бирон-бир ҳужжатни тақдим этмай, товар ёки хизмат ҳақини корпоратив карта воситасида тўлаши улар учун кифоя қилади. Шундан келиб чиққан ҳолда 1470, 1344-сон низомларга ўзгартиришлар киритиш ва харид суммасига қараб ишончномани мажбурий тақдим этиш ҳолларини чеклашни мақсадга мувофиқ деб ҳисоблаймиз. Масалан, харидор ЭКИҲнинг 25 (ёки 30, 40, 50) бараваридан ортиқ суммадаги товарлар (ишлар, хизматлар) ҳақини тўлаш ҳолларидан ташқари, ишончнома тақдим этиши керак эмаслигини белгилаш мумкин.

Шуни қайд этиб ўтамизки, корхона директори КБКни ишончномасиз тасарруф этиши мумкин. Бу раҳбар (директор) юридик шахс номидан ишончномасиз иш кўриши қайд этилган умумий норма билан боғлиқ («Масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида»ги Қонуннинг 39-моддаси; «Хусусий корхона тўғрисида»ги Қонуннинг 14-моддаси; «Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонуннинг 79-моддаси ва ҳ.к.).

Шахс корхона директори эканлигини тасдиқлаш учун хизмат гувоҳномасини тақдим этиши мумкин. КБКни тасарруф этувчи ходим ўз шахсини паспорт ёки шахсни идентификация қилиш имконини берадиган бошқа ҳужжат (ҳарбий билет, ҳайдовчилик гувоҳномаси ва ҳ.к.) билан тасдиқлаши мумкин.

 

2. Юридик шахснинг ёзма илтимосига кўра корпоратив банк картасини сақловчи сифатида юридик шахснинг ходими кўрсатилади ­(1470-сон Низомнинг 2-банди). КБКнинг олд томонида унинг фамилияси, исми-шарифи қайд этилади.

Бу ҳолда ходимга алоҳида ишончнома бериш керак эмас. Сабаби корхона корпоратив картани тасарруф этадиган аниқ ходимни аввалбошдан белгилаган бўлади. Шахс айнан ўша сақловчи эканлигини тасдиқлаш зарур бўлганда паспорт, хизмат гувоҳномаси ёки шахсини тасдиқловчи бошқа ҳужжатни тақдим этиши мумкин деб ҳисоблаймиз.

Бироқ иккала ҳолатда ҳам ходимлар билан тўлиқ моддий жавобгарлик тўғрисида шартнома тузиш зарур, сабаби уларга корхонанинг пул маблағлари ишониб топширилмоқда. Шартномаларни фақат 18 ёшга тўлган ходимлар билан тузиш мумкин (МКнинг 203-моддаси).

КБК орқали амалга оширилган операцияларнинг қонунийлиги учун жавобгарлик карта ҳисобварағини очган юридик шахс зиммасида бўлади ­(1470-сон Низомнинг 13-банди). Бу корхона корпоратив карта сақловчисини танлаш ва юридик шахснинг КБКдан фойдаланувчи ходимнинг ваколатларини белгилаш масаласига масъулият билан ёндашиши зарурлигини яна бир бор тасдиқлайди.

Барча харажатларни тўлашни ишониб топшириш ҳуқуқи билан КБКдан фойдаланишга ишончнома намунаси.

Намуна

 

ИШОНЧНОМА

 

Тошкент ш.                                                                     Икки минг ўн саккизинчи йил тўртинчи июнь

 

Мазкур ишончнома билан Устав асосида иш кўрувчи Собиров К.Н. (бундан кейин матнда – Ишонч билдирувчи) тимсолида «N» МЧЖ (бундан кейин матнда – Жамият) Абдуллаев Нодир Бекзодовичга, паспорт серияси АА N 000000 Тошкент шаҳар Яшнобод тумани ИИБ томонидан 10.10.2013 йилда берилган, Тошкент шаҳар, Яшнобод тумани, Дўстлик кўчаси, 20-уйда яшовчи (бундан кейин матнда – Ишончли вакил) қуйидаги ҳуқуқларни беради.

 

1. Ишонч билдирувчининг «Ипак йўли» АИТБда (бундан кейин матнда – Банк) очилган N 12345678900000012345 счётидаги пул маблағларидан Жамият фаолияти билан боғлиқ харажатларни товарларни сотувчи ва хизматларни кўрсатувчи корхоналарда тўлаш, шу жумладан давлат божлари ва йиғимларини тўлаш учун тасарруф этиш.

2. Корпоратив банк картасидан фойдаланиб карта счётидан амалга оширилган операциялар тўғрисидаги ахборотни (рўйхати ва суммаси) Банкдан сўраш ва олиш.

3. Қуйидаги аризаларни имзолаш ва Банкка тақдим этиш:

корпоратив банк картасини блокировкалаш учун;

корпоратив банк картасини блокировкадан чиқариш учун (Банкка корпоратив банк картасини блокировкалаш учун аризани бевосита Ишончли вакил тақдим этган ҳолларда);

корпоратив банк картасидан фойдаланиб амалга оширилган операциялар юзасидан низолашиш тўғрисида.

 

Мазкур ишончноманинг амал қилиш муддати – икки минг ўн саккизинчи йил ўттиз биринчи декабргача (ўттиз биринчи декабрь ҳам киради).

 

Ишончли вакилнинг имзо намунасини тасдиқлайман.

 

Ишончли вакилнинг имзо намунаси _________/ _____________________________________/

                                                                            (Ишончли вакилнинг Ф.И.О. тўлиқ кўрсатилади)

 

Ишончнома қайта ишониб топшириш ҳуқуқисиз берилди.

______________________________________________________________________________

(Ишонч билдирувчининг лавозими, имзоси, имзо расшифровкаси)

 

М.Ў. (мавжуд бўлганда)

 

Мазкур ҳужжат _____ варақда тузилди.

 

Сабоҳат Султонова, «Norma» МЧЖ эксперти.

Прочитано: 1190 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика