Республикамизда юридик ва жисмоний шахслар томонидан нақд пулга товарларни реализация қилиш, ишларни бажариш ва хизматлар кўрсатишда фискал хотирали назорат-касса машиналари (НКМ) қўлланилишини янада такомиллаштириш, шунингдек, аҳоли билан пулли ҳисоб-китоб қилишни тезкор ҳисобга олиш ва назорат қилиш тизимини кенгайтиришга алоҳида эътибор берилмоқда.
Республика Президентининг «Фискал хотирали назорат-касса машиналарини қўллаш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги (29.09.2017 йилдаги 3300-сон) ва «Инновацион лойиҳаларни амалга ошириш ва идоравий ахборот тизимларини жадал интеграциялашувининг ташкилий чора-тадбирлари тўғрисида»ги (18.04.2018 йилдаги 3673-сон) қарорлари бу борада муҳим аҳамиятга эга бўлди.
Ушбу қарорлар ижроси доирасида республикамизда бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, жорий йилнинг 1 июлига қадар инновацион лойиҳаларни молиялаштириш бўйича таклифлар, шу жумладан, онлайн НКМ тизимини амалиётга татбиқ этиш бўйича таклиф-мулоҳазалар қабул қилиниб, жорий йилнинг 1 августига қадар мазкур лойиҳаларни техник экспертизадан ўтказиш ва техник иқтисодий томондан асослаб бериш ва жорий йилнинг 1 ноябридан бошлаб, Тошкент шаҳрида қабул қилинган лойиҳаларни синов тариқасида ўтказиш белгилаб берилди.
Кўп йиллик кузатув ва изланишлардан шу нарса маълумки, нақд пул тушумини йўлга қўйиш, унинг назоратини олиб бориш ва банк муассасалари орқали тўлиқ ўтишини таъминлашда замонавий ахборот технологиялари имкониятларидан фойдаланиш, яъни соҳада онлайн НКМни қўллаш долзарб масалага айланган.
Шундан келиб чиқиб, қарорлар ижросини таъминлаш борасида холис фикрларга асосланган ҳамда бу борада етарлича тажрибага эга бўлган мамлакатларнинг ютуқ ва камчиликларини таҳлил қилган ҳолда ўз лойиҳамизни таклиф этамиз.
Лойиҳадан кутиладиган мақсадлар
Айтиш мумкинки, онлайн НКМ нақд пул тушумининг камайиши, харидорларга чекни бермаслик, фискал хотирали машиналар маълумотларини ўзгартириш, ускуна йўқолган тақдирда, товар айланмаси ҳақидаги маълумотларни сохталаштириш каби ҳолатларнинг олдини олади.
Онлайн НКМ нафақат савдо нуқталаридаги тушумларни назорат қилиш, балки ҳудудларда айрим турдаги маҳсулотлар нархларини, уларнинг сотилиш ҳажмларини таҳлил қилиш, нархларнинг сунъий равишда кўтарилиши ёки туширилиши сабабларини ўрганиш, автоматлаштирилган иш ўринларини яратишга ҳам ёрдам беради.
Авваламбор, онлайн НКМ тизимида иштирок этадиган томонларнинг таклиф этилаётган лойиҳада тутган ўринларини кўриб чиқайлик. Бу тизимнинг тўлиқ ишлаши заминида ўзаро алоқадорлик ва манфаатдорлик тамойили асосий ўрин тутиши лозим. Бунда НКМ нафақат назорат воситаси, шу билан бирга аҳолининг манфаатларини кўзловчи пул муомаласида фойдаланадиган тўлов воситаси сифатида ҳам қаралади.
Лойиҳа иштирокчилари ва уларнинг манфаатлари
1) нақд пул тушумига эга бўлган субъект томонидан банк муассасаларига топширилган пул миқдорини керакли вақтда қайтариб олиш;
2) солиқ идораларининг нақд пул топширилишини йўлга қўйиш орқали солиқ ёки йиғимларнинг йиғилувчанлигини таъминлаш;
3) истеъмолчилар томонидан харид қилинган товарларнинг (хизматларнинг) сифати ва кафолати учун тегишли ҳужжатларни талаб қилиш;
4) фискал маълумотлар оператори учун маълумотларни ҳимояланган ҳолда ёки ҳимоя каналлари орқали қабул қилиш, сақлаш ва уларни солиқ идораларига узатиш;
5) сервис хизмат марказлари – тизим таркибидаги НКМнинг тўғри ишлашини таъминлаш, носозликларни тезкор бартараф этиш.
Лойиҳа амалга ошиши учун тавсия қилинадиган вазифалар
Маълумки, ҳозирга қадар нақд пул тушуми солиқ идоралари томонидан назорат тартибида текширилиб, аксарият ҳолларда хўжалик юритувчи субъектларнинг қонунбузарликлари аниқланганидан сўнг, улар учун жарима чоралари қўлланиб келинмоқда. Бу эса хўжалик юритувчилар орасида қайсидир маънода жаримага тортилмаслик учун вақтинчалик кўникмаларни келтириб чиқаради. Яъни, НКМнинг ишлатилиши фақат назорат ходимлари учун зарур, деган тушунча мавжуд. Шунинг учун НКМнинг доимий ишлашини таъминлаш учун истеъмолчининг фаоллигини ошириш чораларини ишлаб чиқишга тўғри келади.
Бу фаоллик негизида истеъмолчиларни қўллаб-қувватлайдиган тадбирлар назарда тутилиши керак. Айтайлик, истеъмолчи харид чекини талаб қилиши орқали йиллик даромад тўғрисидаги декларацияда кўзда тутилган имтиёзларга эга бўлсин! Ёки харид чекини лотерея сифатида қабул қилиб, истеъмолчилар қизиқишини ошириш керак.
Айнан шу мақсадда кўзда тутилган лойиҳада сотувчи ва харидор ўртасидаги муносабатлар асосий ўринни эгаллайди. Сотувчининг ҳам тизимда фаол иштирокини таъминлаш учун у мумкин қадар имкониятларга, масалан, банкка топшириладиган нақд пул тушумини керакли пайтда талаб қилиб олиш ҳуқуқига эга бўлсин.
Солиқ хизмати органларининг бу тизимдаги асосий вазифаси – фискал маълумотлар оператори орқали хўжалик юритувчи субъектнинг нақд пул бўйича маълумотларини талаб қилиш ва шу орқали солиқлар ва йиғимлар тушуми бўйича аниқлик киритишдан иборат бўлиши лозим.
Фискал маълумотлар оператори бўйича алоҳида тўхталадиган бўлсак, лойиҳада унинг тутган ўрни ниҳоятда масъулиятли ҳисобланиб, улардаги ахборот технологияси НКМ моделларининг имкониятлари билан узвий алоқада эканини доимо ҳисобга олишига тўғри келади. Шунинг учун фискал маълумотлар оператори томонидан ишлаб чиқиладиган ахборот технологияси ҳар томонлама пухта ўйланган ва узоқни кўзлаган бўлиши лозим. Бундан ташқари, маълумотларни онлайн узатишда алоқа каналларининг тезлиги ва серверларнинг қуввати ҳам муҳим ўрин тутади.
Фискал маълумотларни узатишда қўлланиладиган технологиялар
Маълумотларнинг фискал маълумотлар операторига узатилишида қуйидаги икки хил технология қўлланилиши мумкин:
1) харид чеки маълумотларини ҳимояланган каналлар орқали фискал маълумотлар операторига узатиш;
2) харид чекидаги маълумотларни криптограммали шифрлаш орқали ҳимоялаб, сўнгра уни очиқ усулда фискал маълумотлар операторига юбориш.
Энди бу икки усулнинг лойиҳада тутган ўрни ҳақида қисқача тўхталиб ўтсак. Ҳимояланган канал – VPN (Virtual Private Network) серверлари иштирокида ташкил этилиб, улар орқали НКМ ва фискал маълумотлар оператори билан алоқа ўрнатишда маълумотлар юборилишининг хавфсизлигини, шу билан бир қаторда уларнинг тўлиқ ҳажмда ва ишончли узатилишини ҳам таъминлайди. Бу ерда бевосита НКМ орқали маълумотларни ҳимоялаб, сўнгра уни узатишга зарурият қолмайди. Мазкур технологияда қўлланиладиган назорат касса машинаси дастурий таъминотига алоҳида талаблар ўрнатилади. Бундай кўринишдаги технология қўшни Қозоғистон Республикасида қўлланилмоқда. Иккинчи усулда эса маълумотларни ҳимоялаш ва уни очиқ усулда фискал маълумотлар операторига юбориш учун НКМ криптограммали шифрлаш қурилмаси ва фискал жамлагич ўрнатишга зарурат пайдо бўлади. Россия Федерациясида айнан шу иккинчи кўринишдаги технология қўлланилмоқда.
Республикамиз ҳудудида қўлланиб келинаётган НКМларни замонавий талабларга мослаштириш учун уларни такомиллаштириш борасида таклиф этилаётган биринчи усул ўз самарасини бериши шубҳасиз. Чунки бу жараёнларда улар учун сезиларли харажатлар пайдо бўлмайди, шу билан бир қаторда маълумотларнинг онлайн узатилиш борасидаги талаблар бажарилиши ҳам таъминланади.
Демак, НКМ томонидан маълумотларнинг онлайн тарзда узатилишида қўйиладиган энг муҳим талаб бу унинг тўлиқ ҳажмда, ишончли ва хавфсиз етиб бориши доир. Шундай экан, замонавий НКМларни ишлаб чиқаришда шундай йўл тутиш лозимки, унинг архитектураси содда ва ихчам бўлиши билан бир қаторда, алоқа каналларига турли хил усуллар билан маълумотларни узатиш ва зарур бўлганда минимал харажатлар орқали замонавий ҳолга келтириш имкониятига эга бўлиши керак.
Ҳозирда ишлаб чиқарувчилар томонидан НКМларнинг турли хил моделлари таклиф этилмоқда. Лекин улар учун маълумотларни онлайн узатишда ягона техник талабларнинг мавжуд эмаслиги туфайли иш жараёнлари учун турли хил имкониятлар яратилмоқда. Бундай вазиятда қўйилган масалани тўла-тўкис амалга ошириш мушкул, албатта. Чунки ҳар бир НКМ модели лойиҳасида ўзига хослик яратилиб, умумий талаблар назардан четда қолади.
Фикримизча, ягона техник талаблар таркибига техник атамаларнинг миллий кўринишларини киритиш ва уларни НКМ моделларига татбиқ этиш зарур. Шунда тадбиркорлик субъектлари учун замонавий технологиялардан тўлиқ фойдаланиш учун кенг имкониятлар яратилади. Ҳозирда Давлат реестрида мавжуд бўлган Uzkass -185 ва Simurg -001 русумли НКМда онлайн технологияси талабларига жавоб берадиган бир неча параметрлар мавжуд бўлиб, улар таркибида техник атамаларнинг ўзбек ва рус тилларидаги кўринишлари ҳам бор.
Хулоса қилиб айтганда, таклиф этилган лойиҳадан мақсад, янги тизимга киришдан олдин унда иштирок этувчиларнинг масъулият ва имкониятларини аниқ белгилаб олиш, шунингдек, меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларда назарда тутилган вазифаларни амалга оширишдан иборатдир. Тавсия этилаётган лойиҳанинг негизида аҳолимизнинг истеъмолчилик маданияти, саводхонлиги ва талабчанлиги муҳим ўрин тутади.
Акмал БОЗОРОВ,
«Комкассинтех» компьютер-касса тизимлари ва
ахборот технологиялари ишлаб чиқарувчилари ва
сервис ташкилотлари уюшмаси бош директори.