«Сирғали» ТИФ божхона постида тадбиркорлик субъектлари иштирокида ташкил этилган сайёр учрашувда республикамиз Президенти ҳамда ҳукумати томонидан тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, мамлакатимизда экспорт салоҳиятини ривожлантиришга қаратилган топшириқлар ижросини таъминлаш, мазкур йўналишдаги мавжуд камчиликларни бартараф этиш масалалари муҳокама қилинди.
Тошкент шаҳар божхона бошқармаси ташкил этган ушбу очиқ мулоқотда давлатимиз раҳбарининг «Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органлари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонида (12.04.2018 йилдаги ПФ-5414-сон) белгиланган тартиб-таомиллар, божхона органлари фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлашга қаратилган меъёрлар атрофлича тушунтириб берилди.
Таъкидлаш керакки, экспорт салоҳиятини ошириш соҳасида яратилаётган кўплаб енгилликлар Тошкент шаҳри учун белгиланган экспорт прогнози режасининг тўлиқ бажарилишида ҳам ўз аксини топди. Масалан, жорий йилнинг I чорагида 53,2 млн АҚШ долларлик товарлар экспорти амалга оширилгани шундан далолат беради.
Учрашув давомида пойтахтда рўйхатдан ўтган экспортчи корхоналарнинг божхона расмийлаштируви борасидаги мавжуд муаммолари ишчи тартибда ўрганилиб, амалий ечими таъминланди ҳамда экспорт кўрсаткичларини янада юқори даражага кўтаришга қаратилган таклифлар ҳамкорликда ўрганилди.
Бошқарма томонидан ўтказилаётган бу каби тадбирлар ташқи иқтисодий фаолиятни янада ривожлантириш, тадбиркорлар манфаатларини таъминлашга хизмат қилиш билан бирга, божхона органларида содир бўлиши мумкин бўлган тамагирлик, коррупция ҳолатлари олдини олишда ҳам қўл келади.
Тошкент шаҳар
божхона бошқармаси
Ахборот хизмати.