Norma.uz
СБХ / 2018 йил / № 19 / Божхона

Манфаатлар мувозанатини сақлаш лозим

 

Ўзбекистон Божхона брокерлари уюшмасининг (ББУ) охирги семинарида божхона соҳасини тартибга солишга доир қонун ҳужжатларидаги муҳим ўзгартиришлар муҳокама қилинди. Турлича фикрлар билдирилди. Уюшма раиси Арсен Айрапетьянц қонунчиликдаги янгиликлар ҳақидаги ўз нуқтаи назари билан ўртоқлашди.

 

Яқинда Ўзбекистон Республикаси Президентининг иккита муҳим фармони – «Тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилларини янада қисқартириш ва соддалаштириш, шунингдек, бизнес юритиш шарт-шароитларини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида» (11.04.2018 йилдаги ПФ-5409-сон) ва «Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органлари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» (12.04.2018 йилдаги ПФ-5414-сон) қабул қилинди.

 

Иккала ҳужжат давлат ва бизнес ўртасидаги муносабатларни янада ислоҳ қилиш, тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш шароитларини яхшилаш ва бизнес-ташаббусларни ҳар томонлама рағбатлантиришга йўналтирилган.

Фармонлар қоидаларини ижобий баҳолаган ҳолда хавотирланишга ҳам ўрин бор. Уларда янги нормаларни жорий этиш асослари қайд этилган, бироқ қисқача бўлса ҳам пировард натижа кўрсатилмаган.

Мисол учун, ПФ-5409-сон Фармонга 1-иловада бекор қилинадиган рухсат бериш хусусиятига эга ҳужжатлар қаторида божхона брокери сифатида фаолиятни амалга ошириш ва хорижий товарларни йўқ қилиш учун рухсатномалар кўрсатилган.

ПФ-5414-сон Фармоннинг 4-бандида белгиланишича эса, 2018 йил 1 июлдан бошлаб товарларни божхона режимларига жойлаштиришда божхона органлари томонидан бериладиган рухсатномалар бекор қилинади. Ҳужжат матнида режимлар рўйхати берилмаганлиги сабабли мазкур норма исталган режимга жойлаштиришда бериладиган рухсатномалар бекор қилинишини англатади.

 

Режимлар тўғрисида

Божхона назоратининг сақлаб қолиниши товарларни режимларга жойлаштириш шартлари бажарилишини ҳам англатиши керак. Янги Божхона кодексини ишлаб чиқиш топширилгани инобатга олинса (унда режимларга жойлаштириш шартлари ҳам қайд этилиши керак), божхона органлари ахборот тизимида товарни йўқ қилиш усули ва жойини кўрсатган ҳолда йўқ қилиш имконияти тўғрисида табиатни муҳофаза қилиш соҳасидаги давлат органининг хулосаси мавжуд бўлиши талаби сақланиши борасида аниқлик киритиш фойдадан холи бўлмайди.

Божхона ҳудудидан ташқарида (ҳудудида) қайта ишлаш божхона режимларига жойлаштириш таомилларининг ижроси ҳам хавотирланишга сабабчи бўлмоқда. Божхона режимига жойлаштириш имконини (шу жумладан қайта ишлаш маҳсулотларининг чиқиш нормаларини тасдиқлаш ва товарларни қайта ишлаш маҳсулотида идентификациялаш сингари шартларнинг бажарилишини) баҳоловчи шахс ижро этиш жараёнида режим талабларига риоя этилиши устидан божхона назоратини амалга оширувчи шахс ҳисобланади. Бу ҳолда ҳар битта божхона постида ўзига хос кўникмаларга эга ходимлар бўлиши керак. Бироқ ушбу вазият порахўрлик хавфи ошишига олиб келади.

Ўзбекистон айрим божхона таомилларини соддалаштиришга оид илғор тажрибага эга (бошқа мамлакатлар билан қиёслаганда). Мисол учун, товарларнинг божхона транзити божхона режимига жойлаштирилиши анча соддалаштирилган. Минтақадаги қўшниларимиз ушбу йўналишдаги тажрибамизни ўзлаштиришлари мумкин. Ўз вақтида, кўп мамлакатлар (шу жумладан Евросиё иқтисодий иттифоқи мамлакатлари) қонунчилиги билан қиёслаганда, товарларни қайта ишлаш божхона режимларига жойлаштириш учун рухсатнома олиш таомиллари ҳам соддалаштирилган эди. Тўғри, техник-иқтисодий асосларни тақдим этиш, таъмирлаш учун қайта ишлаш маҳсулотларининг чиқиш нормаларини тасдиқлаш талабини бекор қилиш, кўрсатилган режимлар учун валютани тартибга солишни такомиллаштириш мақсадида қайта ишлаш режимларини енгиллаштириш керак эди.

Қиёслаш учун ушбу божхона режимлари бўйича халқаро нормаларга – масалан, Божхона таомилларини соддалаштириш ва уйғунлаштириш тўғрисидаги халқаро конвенцияга (Киото, 18.05.1973 йил) Бош иловага мурожаат қилиш мумкин:

 

Ҳужжат тили билан

 

3-БОБ

ТОЗАЛАШ ВА БОШҚА БОЖХОНА РАСМИЯТЧИЛИКЛАРИ

 

3.44. Стандарт

Товарлар ҳали ички истеъмол учун чиқарилмаганда ёки бошқа божхона таомили остида жойлаштирилганда, башарти ҳеч қандай ҳуқуқбузарлик аниқланмаган бўлса, манфаатдор шахсга бож ва солиқларни тўлаш талаби қўйилмайди ёки қуйидаги ҳолларда у тўлаган бож ва солиқлар қайтарилади:

унинг илтимосига кўра бундай товарлар божхона назорати остида ва божхона хизматининг қарорига кўра давлатга топшириладиган ёки йўқ қилинадиган, ёхуд тижорат қимматини йўқотадиган ҳолга келтириладиган бўлса. Бунда шу билан боғлиқ барча харажатлар манфаатдор шахс зиммасига юклатилади.

 

Е махсус иловаси

Қайта ишлаш

1-БОБ

БОЖХОНА ҲУДУДИДА ҚАЙТА ИШЛАШ

Товарларни божхона ҳудудида қайта ишлаш режимига жойлаштириш

(а) Божхона ҳудудида қайта ишлаш учун рухсатнома

8. Стандарт

Миллий қонунчиликда божхона ҳудудида қайта ишлаш учун олдиндан рухсатнома талаб этиладиган ҳолатлар ва бундай рухсатномани бериш ваколатига эга органлар белгиланади.

9. Стандарт

Божхона ҳудудида қайта ишлаш учун рухсатномада божхона ҳудудида қайта ишлашда рухсат берилган операцияларни амалга ошириш усули кўрсатилади.

Бошқача айтганда, товарларни ўзига хос божхона режимларига жойлаштириш учун рухсатнома беришга божхона таомилларидан соддалаштирилган тарзда ўтишга халақит қилувчи жиҳат деб қаралмайди. Аксинча, божхона бўлғуси таомиллар ҳақида олдиндан хабардор бўлмаган ва божхона органида олдиндан қарор қабул қилишга вақт бўлмаган ҳолларда барча олдиндан текширув таомилларининг бошланиши божхона декларацияси эълон қилинадиган пайтга кўчирилади. Бу ўз навбатида тадбиркорлик субъектлари учун кўп ноқулайлик туғдиради. Бунинг устига, ҳар бир божхона расмийлаштируви зонасида штат ташкил этгандан кўра минтақавий божхона бошқармасида махсус кўникма ва тажрибага эга ходимларнинг кичик штатини жамлаган осонроқ.

 

Божхона брокери тўғрисида

Божхона органининг божхона брокери сифатида фаолиятни амалга ошириш учун рухсатнома бериши бекор қилинишига келсак. Умуман олганда, бу прогрессив қадам, бироқ бундан буён ҳодисалар қандай ривожланиши аниқ эмас:

1) божхона брокерлари рўйхатдан ўтказилганлиги ҳақида хабардор қилиш тизимига қайтилади (ушбу тизим Ўзбекистонда 2001 йилдан 2016 йилгача мавжуд бўлган);

2) божхона органининг божхона брокери сифатида фаолиятни амалга оширувчи шахсларни умуман рўйхатдан ўтказмайди.

Бунда 2-вариантни 2 та кичик вариантга бўлиш мумкин:

● фаолият тури ва уни амалга ошириш учун минимал талаблар тўпламини сақлаб қолган ҳолда ўзини ўзи тартибга солувчи хизматлар бозори юзага келади (мисол учун, штатда малакали мутахассис мавжуд бўлади);

● бундай турдаги фаолият тушунчаси қонунчиликдан буткул чиқариб ташланади.

Шу сабабли энг аввало тадбиркорлик субъектларига божхона брокери хизматлари бозори керак ёки керак эмаслигини тушуниб олиш зарур.

ПФ-5414-сон Фармоннинг мустақил декларациялашни ёки декларациянинг божхона органи ходими томонидан тўлдирилишини назарда тутувчи нормалари кўп йилдан буён божхона брокерларининг хизматлари «мажбурлаб ўтказиладигандек» кўринишига чек қўяди. Илгари ТИФ иштирокчиси божхона брокерларига мурожаат қилмаслиги мумкин эди, бироқ мустақил декларациялаш учун штатида божхона расмийлаштируви бўйича мутахассисга эга бўлиши шарт эди. Ҳозир тарафлар тенг ҳуқуқни қўлга киритадилар. Бироқ бунинг учун ТИФ иштирокчиси танлаш имконига эга бўлиши: мустақил декларациялай олиши ёки божхона брокерига мурожаат қила олиши лозим.

Ҳар қандай бошқа бизнес соҳасида бўлгани каби, божхонага ёндош хизматлар бозорида турли профессионал даражага эга божхона брокерлари мавжуд. Бундай тенг ҳуқуқли ва тенг шароитли ҳолатда божхона брокерлари малакасини ҳам, хизмат кўрсатиш маданиятини ҳам ошириб бориши талаб этилади.

Бошқа мамлакатлар тажрибасидан кўринишича, божхона анчадан буён декларация тўлдириш хизматларини кўрсатиб келаётган мамлакатларда ҳам божхона брокерлари фаолият юритади (Германия – бунга ёрқин мисол). Ташкилотда божхона брокери (агенти, вакили) мақоми мавжуд бўлмаган биргина мамлакат Грузия ҳисобланади. Бироқ у ерда ҳам 20 га яқин ташкилот юридик жиҳатдан божхона брокери (вакили) бўлмай туриб, амалда шундай хизматларни кўрсатади.

Бироқ божхона брокери фақат божхона декларациясини тўлдириш билан чекланмайди, балки олдиндан маслаҳат беради, мижозни қонунчилик нормалари ва талаблари билан таништиради, шу жумладан иқтисодий сиёсат чораларини қўллаш ҳақида тушунтириш беради.

Мустақил декларациялаш ва божхона брокерларига мурожаат қилиш ўртасида мувозанат сақлаш мумкинлигини кўрсатувчи далиллар етарли. Талаб доим таклифни юзага келтиришини ёдга олишнинг ўзи кифоя. Қонуний усулда қаноатлантирилмаган талабга эса «хуфия» сектор таклиф киритиши тайин.

Қонунчиликни янада такомиллаштиришда божхона брокери сингари фаолият тури сақланиб қолишига умид билдираман. Мамлакатимиз улкан, ишлаб чиқариш сектори катта, малакали маслаҳатларга ҳам, профессионал хизмат кўрсатишга, шу жумладан божхона брокерлари тақдим этадиган хизматлар мажмуига ҳам талаб юқори.

Сўзимнинг якунида яна Киото конвенциясига мурожаат қилиб, «Божхона хизмати билан учинчи тарафлар ўртасидаги муносабатлар» деб номланувчи 8-бобидаги қуйидаги қоидани ёдга солишни истайман:

«Манфаатдор шахслар божхона хизмати билан бевосита ва уларнинг номидан ҳаракат қилувчи ваколатли учинчи тараф орқали операциялар ўтказиш усулини танлаш имконига эга бўлишлари шарт (Стандарт 8.1)».

 

Прочитано: 1295 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика