Бошқа МЧЖни бўлиш йўли билан янги МЧЖ ташкил этилди. Тақсимлаш баланси тузилди. Тақсимлаш балансининг (тақсимлаб, бизга берганларининг) «Жами» графасида қуйидагилар кўрсатилган: баланс активининг 400-сатри – 25,552 млрд сўм, баланс пассивининг 780-сатри – 16,482 млрд сўм. Актив-пассив фарқи – 9,07 млрд сўм.
Янги ташкил этилган корхонанинг соф активлари билан устав фонди ўртасидаги ижобий фарқ қайси счётда ҳисобга олинади?
Эшитишимча, фарқ гудвиллга ўтказилар экан, бироқ айнан қандай суммаларни ўтказиш лозим?
Б.Утяганова.
– Соф активларни ҳисоблаш учун активлар суммасидан мажбуриятлар суммаси айирилади, ёки баланс активининг 400-сатри айирув баланс пассивининг 770-сатри.
Соф активлар ҳажми таъсис ҳужжатларида қайд этилган корхона устав капитали ҳажмидан кўп бўлса, у ҳолда фарқ дастлабки бухгалтерия балансининг «Мажбуриятлар» бўлимида тартибга солиниши лозим.
Фарқни 7230-«Бошқа узоқ муддатли кечиктирилган даромадлар» счётида, жорий қисмини 6230-«Бошқа кечиктирилган даромадлар» счётида ажратиб кўрсатган ҳолда акс эттириш керак.
Бу манфий гудвилл (АВ томонидан 27.06.2005 йилда 1484-сон билан рўйхатдан ўтказилган 23-сон БҲМСнинг 49-банди). У ҳисоб сиёсатида белгиланган муддат мобайнида корхонанинг бошқа операцион даромадларига (9390-счёт) киради ва бошқа даромадлар таркибида ЯСТ бўйича солиқ солинадиган базага киритилади.
Надежда ГУШЧИНА, «Norma» МЧЖ эксперти.