Газетамизда чоп этилган «Солиқларни мақбуллаштириш ва валюта бозорини либераллаштириш: хатога йўл қўймасак бўлди» номли мақолада (19.09.2017 йилдаги 38 (1206)-сон) куюнчаклик билан ёзилган шундай жумлалар бор: «Нима учун ўзбекистонлик эркаклар асосан импорт кўйлак киядилар, ваҳоланки айни пайтда пахта ўзимизники, енгил саноат эса, «Ўзбекенгилсаноат» АЖ эълон қилаётганидек, толага чуқур қайта ишлов бериб, сифатли газлама ишлаб чиқаришни ўзлаштирган? Нега эркаклар кўйлакларини ишлаб чиқарувчи тикув корхоналари йўқ ҳисоб ёки жуда кам?».
Наманганда эса шундай корхона бор. Божхоначилар ушбу корхона фаолияти билан танишиб, божхона соҳасида қабул қилинган сўнгги қонун ҳужжатлари унинг ҳаётида қандай акс садо бераётгани билан ҳам қизиқдилар.
«Lyuks Plyus Servis» МЧЖга ташриф буюрган божхоначиларни қайси масалалар кўпроқ қизиқтирди?
Давлатимиз раҳбари ўтган йил 25 декабрдаги мамлакатимиз экспорт салоҳиятини ошириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида иқтисодиётнинг барқарор ва юқори ўсиш суръатларини сақлаб қолишнинг энг муҳим омилларидан бири бу юртимиз экспорт салоҳиятини юксалтириш ва миллий маҳсулотларнинг ташқи бозордаги рақобатбардошлигини ошириш эканини таъкидлаган эди.
Шу йиғилишда берилган топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида Наманган вилояти божхона бошқармаси «Наманган аэропорти» чегара божхона пости ходимлари шаҳарда фаолият кўрсатаётган «Lyuks Plyus Servis» МЧЖда бўлиб, ишлаб чиқариш жараёнлари билан яқиндан танишишди, божхона қонунчилигидаги ўзгариш ва янгиликлар корхона фаолиятида қандай акс этаётгани билан қизиқишди.
Эркаклар костюм-шими, куртка, пальто ҳамда болалар кийим-кечагини тикишга ихтисослашган корхонада бугунги кунда 300 га яқин ишчи ишлайди. Корхонада 2018 йилдан янги маҳсулот – эркаклар кўйлагини тикиш йўлга қўйилди, яқин истиқболда қўшимча яна 2 та цех ишга туширилиши ва янги турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқарилиши режалаштирилмоқда. Маҳсулотлар асосан ички бозорда реализация қилинса-да, умумий ишлаб чиқариш ҳажмининг 20-30 фоизи ҳозирда хорижга экспорт қилинаётир.
– Божхона ходимлари билан уюштирилган бундай учрашувдан бизнинг кўнглимиз тоғдек кўтарилди, – дейди «Lyuks Plyus Servis» МЧЖ директори Т.Жўраев. – Давлат органи мутасаддиларининг тадбиркорлар билан ўрнатадиган бундай очиқ мулоқотлари ўзаро ишонч ва ҳамкорлик ришталарини янада мустаҳкам боғлашга хизмат қилади.
Наманган вилояти
божхона бошқармаси
Ахборот хизмати.