Norma.uz
СБХ / 2018 йил / № 19 / 9 май – Хотира ва қадрлаш куни

Эъзоз ва эътибор

 

Ҳадиси шарифда «Агар орангизда мункиллаган қариялар, ўтлаб юрган жонзотлар ва эмизикли чақалоқлар бўлмаганида эди, бошингизга балолар селдай оқиб келар эди» дейилади. Демак мана шу ожиз хилқатларнинг борлиги бизнинг эмин-эркин, дориламон замонда яшашимизнинг омилларидан бири экан. Зеро, нуроний отахону, муштипар онахонларнинг ҳолидан хабар олиш халқимизга хос эзгу ва хайрли қадриятдир. Бугунги кунда бу боқий анъана янада сайқал топиб бормоқда.

 

Президентимизнинг «Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида»ги Фармони ҳамда «Хотира ва қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида ҳам уруш қатнашчиларига юксак эҳтиром кўрсатиш, уларни моддий рағбатлантиришга эътибор қаратилган. Шу мақсадда тегишли ташкилот-идораларнинг раҳбар ва масъул ходимлари уруш қатнашчилари, фронт ортида меҳнат қилган фахрийлар, мустақиллик йилларида хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчи ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларининг оила аъзоларига моддий-маънавий ёрдам кўрсатиш учун уларнинг хонадонларига ташриф буюрмоқда.

Самарқанд вилояти божхона бошқармаси ходимлари ҳам умумхалқ байрами арафасида кўплаб хонадонларда бўлишди. Хусусан, божхона органларида кўп йиллар хизмат қилган фахрийлар, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари, хизмат пайтида ҳалок бўлган ходимларнинг оила аъзолари йўқланди, совғалар улашилди.

Маълумки, Самарқанд вилояти божхона бошқармасида хизмат бурчини бажариш чоғида 5 нафар божхона ходими – божхона хизмати подполковниги Джалолов Улуғбек, божхона хизмати капитани Асроров Аҳлиддин, божхона хизмати капитани Алишов Узоқбой, божхона хизмати старшинаси Юлдашев Шароф, божхона хизмати катта лейтенанти Жўраев Улфати ҳалок бўлган. Вилоят божхоначилари марҳум ҳамкасбларининг оила аъзоларидан тез-тез хабар олиб туришади, уларнинг фарзандларига ғамхўрлик кўрсатишни ўзларининг бурчи деб билишади.

Қутлуғ сана арафасида Самарқанд вилояти божхона бошқармаси, ТИФ божхона пости ходимлари, «Ёшлар иттифоқи»нинг божхона бошқармасидаги бошланғич ташкилоти етакчиси ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари вакиллари билан биргаликда Пастдарғом туман «Болтали» маҳалласида яшовчи 95 ёшни қаршилаган Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Парда бобо Рўзиев хонадонига ташриф буюриб, отахоннинг ҳолидан хабар олишди. Самимий суҳбат давомида 8 фарзанднинг отаси, 82 набиранинг бобоси Парда ота Иккинчи жаҳон уруши келтирган даҳшатли оқибатлар, умуман, уруш фожиаси ҳақидаги кечинмаларини айтиб берди.

Ҳозирда тумандаги «Туркман» маҳалласида яшовчи Қўчқорова Ҳикмат момо турмуш ўртоғи Қўчқоров Усмон урушда вафот этгач фарзандларини ўзи боқиб катта қилган, катта ҳаёт синовларини бошидан кечирган.

– Мустақиллигимизга кўз тегмасин, – дейди Ҳикмат момо. – Биз урушдан кейинги қийинчиликни, очликни ҳам кўрдик. Юртимизда бўлаётган ўзгаришлар, яратилаётган имкониятлар ҳар биримиздан шукроналикни талаб қилади. Бугун мени йўқлаб келганингиздан бошим осмонга етди. Жуда хурсандман.

Инсонларни қадрлаш, кам таъминланган ва эҳтиёжманд оилалар ҳолидан хабар олиш, ногиронларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳам халқимизга хос фазилатлардан бири.

Ўша куни ташкилотчилар кам таъминланган оилаларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш мақсадида Жума шаҳри «Пўлатчи» маҳалласида яшовчи I-гуруҳ ногиронлари Садинова Жамила ва Садинов Нажмиддинларнинг хонадонида ҳам бўлишди. Эътибордан шодланган Жамила она қўлларини дуога очиб, юртимизга тинчлик, осойишталик тилади.

 

Самарқанд вилояти

божхона бошқармаси

Ахборот хизмати.

Прочитано: 1429 раз(а)

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика