Norma.uz
СБХ / 2018 йил / № 19 / 9 май – Хотира ва қадрлаш куни

Волгадаги ваъда

 

Саттор Турсунов билан Абдуназар Қурбонов бир қишлоқдан:
бири 1922 йилда ва иккинчиси 1917 йилда туғилган. Самарқанд туманидаги собиқ «Москва» жамоа хўжалигида истиқомат қилиб, мактабни ҳам олдинма-кейин битиришган. Иккинчи жаҳон уруши бошланганда икковини фронтга бир кунда чақиришган. Темир йўл вокзалигача бирга бориб, кейин фронтнинг турли нуқталарига бўлиниб кетганлар.

 

1942 йил 27 сентябрда Қизил Армия 18 ёшга тўлган Саттор бобомни ўз сафига олади. 1943 йил 1 октябрдан 1943 йил 31 декабрга қадар у киши 3-Украина фронтида 16-миномётлар полкида бўлим командири, 1944 йил 22 февралдан 1945 йил 10 январга қадар 226-ўқчилар полкида командир, 1945 йил 10 январдан 1945 йил 9 майга қадар взвод командирининг ёрдамчиси лавозимларида хизмат қилган. Бобом урушнинг барча машаққатларини бошидан кечирган. Урушда мардонавор курашган.

1943 йил 31 декабрь куни Украинанинг Запорожье шаҳрида бўлиб ўтган жангда чап оёғидан енгил жароҳат олади. 1944 йил 17 апрель куни Молдавиянинг пойтахти Кишинёв шаҳрида душман билан олишувда ўнг оёғидан яраланган. Орадан беш ой ўтиб, 1944 йил 10 сентябрь куни бобом Венгрияда бўлиб ўтган урушда бошидан оғир жароҳат олади. Командирлар топшириғини аъло даражада бажаргани учун 1945 йил 14 мартда бобомга «Ташаккурнома» беришган (ҳужжат Самарқанд туман мудофаа ишлари бўлими архивидаги шахсий йиғмажилдда сақланади).

Урушда тўртинчи маротаба яралангач, 1945 йилнинг 27 ноябрь ойида бобомни армиядан бутунлай озод қилишади.

Саттор бобомга 1950 йил 1 июнь куни Қуролли Кучлар вазирлигининг Асосий кадрлар бошқармаси томонидан ­0662-сон буйруқ рақами билан «Захирадаги кичик лейтенант» унвони берилади.

Саттор бобом урушдан қайтганларидан сўнг 1946 йил 22 июлда ҳозирги Самарқанд Иқтисодиёт ва сервис институтининг савдо-иқтисодиёт факультетига ўқишга кирганлар. Умрларининг охирига қадар савдо соҳасида ишлаб, халқимизга садоқат билан хизмат қилган.

 

Маҳбуба опа ҳикояси:

– Бу воқеани отамиз айтиб берганди, – дея уруш фахрийси Саттор Турсуновни хотирлайди унинг қизи Маҳбуба опа. – 1943 йилнинг охирларида отам жанг қилаётган полк Волга ­дарёси бўйида немисларга қақшатқич зарба беради. Душмандан ҳимояланиш мақсадида улар Волга дарёсига тушиб жанг қилишади. Сувдан кўтарилган аскарни немислар бирин-кетин ўққа тутишади. Шунда отамиз қўлидан жароҳатланади. Омон қолган бу уч-тўрт нафар жангчи дарё қирғоғида юзлари тупроқ ва чангдан қорайиб кетган, елкасидан жароҳат олган бир аскарни кўриб қолишади. Ҳалиги аскар отамга қараб, рус тилида мохорка (сигарета) сўрайди. Мохоркани тутатаркан, қош-кўзларигача чангга тўлган жангчи отамдан қаердан эканлигини сўрайди. Отам Ўзбекистонданман, деб рус тилида жавоб беради. Мохорка сўраган жангчи, мен Самарқандданман дейди. Отам мен ҳам Самарқандданман, деб Абдуназар Қурбоновнинг ёнига яқинлашади.

– Самарқанднинг қаеридансиз? – дея саволга тутади отамни Абдуназар Қурбонов.

– «Москва» жамоа хўжалигиданман, – дейди отам.

Шу тариқа икки ҳамқишлоқ бир-бирларини Волга бўйида таниб қолишади. Агар эсон-омон уйимизга қайтсак, қуда-анда бўламиз, дея ваъдалашишади. Кейин эса ҳар иккиси бошқа-бошқа фронтга жўнаб кетадилар.

Туркман қишлоғидаги ёши катталар «икки фронтовик»нинг бошидан кечирган саргузаштларини ҳалигача афсонадек гапириб юришади. Саттор Турсунов уруш тугаган йили, Абдуназар Қурбонов эса 1946 йили қишлоғига қайтади. Олти-етти йилдан кейин соғ-омон кўришган биродарлар урушдан кейинги тикланиш йилларида қишлоқ хўжалигини изга солиш, мамлакат қудратини мустаҳкамлаш ишларида баҳоли қудрат меҳнат қиладилар. Абдуназар Қурбоновнинг оиласида 10 нафар фарзанд туғилди. Саттор Турсунов ҳам оила қуриб, 3 фарзандли бўлди. Саттор ака савдо соҳасида, Абдуназар ака эса хўжаликда ҳайдовчи, гараж мудири бўлиб ишлади.

9 май куни эди. Уйимизга Абдуназар Қурбонов ва у кишининг аёллари меҳмон бўлиб келишди. Дадам билан икковлари роса гурунг қуриб, урушни ҳам ёдга олишди. Суҳбат давомида бўлғуси қайнонам сизларникига совчиликка келдик, деб қолди.

Эсингдами, Саттор, уруш тугаса, соғ-саломат уйга қайтсак, иккаламиз қуда-анда бўламиз деб аҳдлашгандик, – дедилар Абдуназар Қурбонов. – Ўғлимга қизинг Маҳбубани берасан.

Онам бу гапга қаршилик билдириб, рози бўлмай, оёқ тираб оладилар. Шунда дадам онамга қарата: «Розия, «арслон изидан қайтмас, йигит сўзидан». Биз икковимиз ваъдалашганмиз, мен қизимизни дўстимга келинликка бераман» дейдилар.

Шу тариқа отам Волга бўйидаги ваъдаларининг устидан чиқдилар ва мен турмушга чиқишга қаршилик кўрсатмадим.

Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси, «Ғалаба», «Германия устидан қозонилган ғалаба», «Жасорат» каби кўплаб медаллар соҳиби, зиёли, сахий ва қариндошпарвар Саттор бобом мисли кўрилмаган азоб-уқубатлар ва талафотлар ҳисобига бутун инсоният бошига тушган офатни бартараф қилишга ўз ҳиссасини қўшдилар. Бобомнинг охиратлари обод бўлсин!

 

Ғайрат САТТОРОВ,

Саттор бобонинг набираси.

Прочитано: 1329 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика