Корхона – МЧЖ шаклидаги ЯСТ тўловчиси. Муассис – хорижий юридик шахс иштирокчилар таркибидан чиқмоқда. Муассислар таркибидан чиқиш тўғрисидаги баённомага биноан улушнинг ҳақиқий қиймати ҳисоблаб чиқарилди, у дастлаб устав фондига киритилганидан кам бўлиб чиқди. Корхона чиқиб кетаётган муассисга улушни қисман тўлади, улушнинг қолган қисмини эса муассис баённомага кўра корхона тасарруфида қолдирди.
Ушбу вазиятда корхона ва чиқиб кетаётган муассис – хорижий юридик шахсда қандай солиқ оқибатлари юзага келади?
Бухгалтер.
– МЧЖ иштирокчилари жамият фаолияти билан боғлиқ зарарлар учун ўзлари қўшган ҳиссалар қиймати доирасида жавобгар бўладилар («Масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида»ги Қонуннинг 3-моддаси). Иштирокчи – хорижий юридик шахс чиқаётган пайтда улушининг ҳақиқий қиймати устав фондига дастлабки ҳиссасидан кам бўлиб чиққанини инобатга олсак, у жамиятдаги иштирокидан зарар кўрмоқда. Бу ҳолда чиқиб кетаётган иштирокчида солиқ оқибатлари юзага келмайди (Солиқ кодексининг 129-моддаси 3-қисми 2-банди, 355-моддаси 4-қисми 2-банди).
Иштирокчи чиқиб кетаётганда жамият унга улуш жамиятга ўтган пайтдан эътиборан 1 йил ичида, агар жамиятнинг уставида камроқ муддат назарда тутилган бўлмаса, улушнинг ҳақиқий қийматини тўлаши шарт (Қонуннинг 22-моддаси). Иштирокчига улушнинг ҳақиқий қиймати тўлиқ ёки қисман тўланмаса, тўланмаган қисми жамиятнинг ЯСТ солинадиган бошқа даромадлари таркибига киритилади (Солиқ кодексининг 355-моддаси 2-қисми 2-банди).
Анжелика НАМ,
«Norma» МЧЖ эксперти.