Norma.uz
СБХ / 2018 йил / № 08 / Амалий бухгалтерия

Хизматлар экспорти: вакил учун ҳисобварақ-фактура

 

Ўзбекистон корхонаси (вакил) ЎзР норезиденти (топшириқ берувчи) билан унинг номидан ва ҳисобидан топшириқларни бажариш бўйича топшириқ шартномасини тузди. Шартнома шартларига кўра вакил тузилган барча шартномалар суммасидан 3% миқдорида миллий валютада ҳақ олади. Ҳақни топшириқ берувчининг Ўзбекистонда рўйхатдан ўтказилган доимий муассасаси тўлайди.

1. Вакил топшириқ шартномасига кўра хизматларни олувчига тақдим этган ҳисобварақ-фактурада кимнинг реквизитлари (норезидентнинг ёки унинг доимий муассасаси реквизитлари) кўрсатилган бўлиши керак?

2. Доимий муассаса ушбу топшириқ шартномасига кўра ҳақ тўлаш учун миллий валютадаги ўзининг ҳисоб-китоб рақамидан фойдаланиши мумкинми?

3. Ушбу хизматлар хизматларни экспорт қилиш ҳисобланадими ва уларга ЯСТ бўйича имтиёзни қўллаш мумкинми?

П.Т.

 

1

Норезидент Ўзбекистон Республикасида доимий муассаса орқали фаолият олиб борса ва товарлар (ишлар, хизматлар) ҳақи доимий муассаса счётидан тўланса, ҳисобварақ-фактурада мазкур норезидент доимий муассасасининг реквизитлари кўрсатилиши мумкин.

Вакил топшириқ берувчига топшириқ шартномасини бажариш бўйича ўзининг ҳақи суммасига алоҳида ҳисобварақ-фактура тақдим этади. У вакил томонидан Сотиш реестрида, топшириқ берувчи томонидан эса – Сотиб олиш реестрида рўйхатдан ўтказилади. Вакил ҳисобварақ-фактурага қўшимча равишда топшириқ берувчи томонидан имзоланган хизмат кўрсатиш тўғрисидаги далолатномани расмийлаштириши лозим.

Ҳисобварақ-фактурада қуйидагилар кўрсатилиши шарт:

1) ҳисобварақ-фактуранинг тартиб рақами ва ёзиб берилган санаси;

2) ҳисобварақ-фактура илова қилинадиган товар жўнатиш ҳужжатларининг (шартномаларнинг) рақами ва санаси;

3) солиқ тўловчининг ва товарларни (ишларни, хизматларни) сотиб олувчининг номи, жойлашган ери (почта манзили) ҳамда идентификация рақами (АВ томонидан 22.03.2013 йилда 2439-сон билан рўйхатдан ўтказилган Тартиб).

Ташкилотингиз бевосита норезидент билан топшириқ шартномасини тузган. Тегишинча, шартнома бўйича топшириқ берувчи ҳисобланган ташкилот хизматларни қабул қилиши ва хизмат кўрсатиш тўғрисидаги далолатномани имзолаши шарт.

Норезидент Ўзбекистонда доимий муассаса (ДМ) орқали фаолият олиб борса, ҳисобварақ-фактурада норезидент доимий муассасасининг реквизитларини кўрсатишга ҳақлисиз.

«Доимий муассаса» тушунчаси фақат солиқ соҳасидаги мақомни аниқлаш учун қўлланилади ва ташкилий-ҳуқуқий аҳамиятга эга эмас (Солиқ кодексининг 20-моддаси).

 

2

Ўзбекистон Республикасида ДМ орқали фаолият олиб борувчи норезидентлар Ўзбекистон Республикасининг тижорат банкларида талаб қилиб олгунча депозит ҳисобварақларини очишлари мумкин (22.12.2009 йилдаги ­ПҚ-1245-сон қарорнинг 6-банди).

Фаолиятини ДМ орқали амалга оширадиган норезидентларнинг миллий валютадаги маблағлари Ўзбекистон ҳудудидаги ваколатли банкларда очилган ҳисобварақларда сақланади ҳамда улар томонидан қонун ҳужжатларига мувофиқ ишлатилади.

ДМ ҳисобварақларида ҳисобда турган маблағлар унинг ихтиёрига биноан:

√ солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни тўлашга ишлатилиши;

√ Ўзбекистон Республикасининг бошқа банкларида очилган ҳисобварақларига ўтказилиши;

√ харажатларни тўлашга ишлатилиши, шунингдек қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа мақсадларда фойдаланилиши мумкин (АВ томонидан 22.10.1998 йилда 510-сон билан рўйхатдан ўтказилган Тартибнинг 5.1–5.3-бандлари).

Шу тариқа, доимий муассаса топшириқ шартномаси бўйича вакилга ҳақ тўлаш учун миллий валютадаги ўз ҳисоб-китоб счётидан фойдаланишга ҳақли.

 

3

Ишларни (хизматларни) экспорт қилиш ишларни бажариш (хизматлар кўрсатиш) жойидан қатъи назар Ўзбекистон Республикасининг юридик ёки жисмоний шахси томонидан чет давлатнинг юридик ёки жисмоний шахси учун ишларни бажариш, хизматлар кўрсатиш ҳисобланади (Солиқ кодексининг 22-моддаси; «Ташқи иқтисодий фаолият тўғрисида»ги Қонуннинг 11-моддаси).

Ушбу таърифдан келиб чиқилса, ташкилотингиз топшириқ шартномаси бўйича норезидентга кўрсатган хизматлар хизматларни экспорт қилиш ҳисобланади.

Ўзи ишлаб чиқарган товарлар, ишлар, хизматларни (ишларни бажариш ва хизматларни кўрсатиш жойидан қатъи назар) ЭАВга экспорт қиладиган ЯСТ тўловчилар сотишнинг умумий ҳажмидаги экспорт улушига қараб 2018 йилнинг 1 апрелигача ЯСТни пасайтирилган ставкаларда тўлашга ҳақлилар (27.12.2016 йилдаги ПҚ-2699-сон қарорга 10-1-илова; 29.12.2017 йилдаги ПҚ-3454-сон қарорнинг 31-банди).

Ташкилотингиз ушбу имтиёзлардан фойдалана олмайди. Уларни қўллаш учун:

√ шартнома экспорт шартномаси, яъни Ташқи савдо операциялари ягона электрон ахборот тизимида (ТСОЯЭАТ) рўйхатдан ўтказилган бўлиши;

√ хизматлар ЭАВга экспорт қилиниши шарт.

Сизнинг ҳолатда шартнома ТСОЯЭАТда рўйхатдан ўтказилмаган ва у бўйича хизматлар ҳақи Ўзбекистон миллий валютаси – сўмда тўланиши назарда тутилган.

 

Музаффар МИРЗАҒАНИЕВ,

«Norma» МЧЖ эксперти.

Прочитано: 1629 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика