Корхона клубга келиш учун 3, 6 ва 12 ойга бериладиган карталарни сотади. Клуб картаси соҳиблари ушбу муддат давомида клуб ҳудудида кўрсатиладиган барча хизматлардан чекловсиз фойдаланишлари мумкин. Картани олиш учун клуб аъзолари тузилган шартномалар асосида 100 фоизлик олдиндан тўловни тўлашлари шарт. Олдиндан тўловни пул ўтказиш орқали, пластик карточкадан ёки нақд пул билан тўлаш мумкин. Тўлов пластик карточкадан қабул қилинганда тўловчига терминал чеки, нақд пул қабул қилинганда эса – НКМнинг фискал чеки берилади.
Шартномаларнинг шартларига мувофиқ, улар муддатидан олдин бекор қилинган ёки клуб аъзоси кетган тақдирда олдиндан тўлов қайтарилмайди.
Корхона муайян давр мобайнида клуб хизматларидан фойдаланиш ҳуқуқини берадиган клуб карталарини 100 фоизлик олдиндан тўлов орқали сотса, даромад қачон тан олинади?
Р.С.
– Ўзбекистон Республикасида бухгалтерия ҳисоби ва солиқ солиш ҳисоблаб ёзиш усули асосида амалга оширилади. Ҳисоблаб ёзиш усули деганда даромадлар ва харажатлар пул маблағларини олиш ёки тўлаш асосида эмас, балки улар келиб тушиши ёки пайдо бўлишига қараб бухгалтерия ҳисобида эътироф этилиши тушунилади (АВ томонидан 14.08.1998 йилда 475-сон билан рўйхатдан ўтказилган Концептуал асоснинг 19-банди).
Даромадлар ҳамда солиқлар ва мажбурий тўловларни ҳисоблаб чиқариш учун ушбу даромадлар бўйича чегирмалар, тўлов тўланган вақт ва пул келиб тушган санадан қатъи назар, улар тааллуқли бўлган ҳисобот даврида акс эттирилади (Солиқ кодексининг 39-моддаси 2-қисми).
Товарлар (ишлар, хизматлар) аҳолига нақд пулда реализация қилинган ҳолларда НКМнинг фискал чеки ёки терминал чеки ҳисобварақ-фактура ўрнини босади (Солиқ кодексининг 222-моддаси 3-қисми 2-банди). Бунда ҳисобварақ-фактура товарлар (ишлар, хизматлар) реализация қилиш обороти амалга оширилган санада ёзилади (Солиқ кодексининг 222-моддаси 8-қисми). Яъни товарлар (ишлар, хизматлар) ўша пайтда реализация қилинган бўлса, харидорга НКМнинг фискал чеки ёки терминал чеки берилаётганда даромад тан олинади.
Клуб картаси – спортзал ёки сув ҳавзасига ойлик абонементга ўхшаш. Уни олганлик учун тўлов эса – муайян давр мобайнида кўрсатиладиган хизматлар учун олдиндан тўлов.
Бинобарин, жисмоний шахсдан муайян хизматлар учун олдиндан тўлов қабул қилинган бўлса, бунда берилган НКМнинг фискал чеки ёки савдо терминали чеки даромадни тан олиш учун асос ҳисобланмайди, сабаби хизматлар ҳали кўрсатилмаган.
Клуб карталари учун тўловни қабул қилиш усулларидан қатъи назар, карталар амал қиладиган бутун давр мобайнида даромадларни бир маромда тан олиш ва ҳар ойда ҳисобварақ-фактураларни ёзиш зарур.
Шартнома шартларига кўра, у бекор қилинган ёки клуб аъзоси кетган тақдирда сумманинг фойдаланилмаган қисми қайтарилмаса, клуб учун бу сумма бошқа даромад ҳисобланади (Солиқ кодексининг 132-моддаси 7-банди, 355-моддаси 2-қисми 2-банди). Бундай ҳолларда шартнома бекор қилинган санада, мижоз кетганда эса – клуб картаси бўйича хизматларни тақдим этиш муддати тугаган санада даромад тан олинади.
Азизахон ТОШХЎЖАЕВА,
«Norma» МЧЖ эксперти.