Республикамизнинг қўшни давлатлар билан стратегик ҳамкорлигини янада мустаҳкамлаш чора-тадбирлари доирасида бир қатор чегара-ўтказиш пунктларида ҳам жисмоний шахслар учун кенг шарт-шароитлар яратилмоқда. Хусусан, Қозоғистон Республикаси билан давлат чегарасида жойлашган ўтказиш пунктларини замон талабларига мос равишда тўлиқ реконструкция қилиш бўйича «Йўл харитаси» тасдиқланди.
Бу борадаги улкан бунёдкорлик ишлари, хусусан, Тошкент вилояти божхона бошқармасининг «Ғишткўприк» чегара-божхона комплексида ҳам амалга оширилдики, булардан кўзланган мақсад жисмоний шахсларнинг божхона назоратидан ўтиш тизимини янада соддалаштириш ва тезлаштиришдан иборатдир.
Аммо бу каби яратилаётган қулайликлар ва шарт-шароитларни суиистеъмол қилишга уринаётган шахслар ҳам учраб туради. Яқинда мазкур комплекс ходимлари йирик миқдордаги ноёб тарихий ва маданий бойликларни республикамиздан олиб чиқишга бўлган уринишни бартараф этишди. Гап шундаки, қўшни давлатга йўл олган И.Н. хонимнинг қўл юки белгиланган тартибда божхона кўригидан ўтказилганда, назорат-рентген аппаратида шубҳали тасвирлар акс этди.
Шундан сўнг унинг юки холислар иштирокида ва белгиланган тартибда очиб кўрилганида, унда 1800–1956 йиллар оралиғида зарб қилинган 886 дона танга, шунингдек кўринишига кўра улардан-да тарихий ҳисобланувчи 244 дона қадимий, 1 140 дона мис ва 1 дона кумуш тангалар борлиги аниқланди.
Бундан ташқари, «нумизмат» хоним йўловчи божхона декларацияси ва божхона ходимларининг оғзаки сўрови пайтида маълум қилмасдан туриб, собиқ Иттифоқ даврига оид 5 турдаги 69 дона орден ва медалларни ҳамда 3 дона мукофотни тасдиқловчи гувоҳномаларни олиб чиқишга уринган. Аслида ушбу тарихий буюмлар бебаҳо ҳисобланса-да, дастлабки ҳисоб-китобларга кўра уларнинг тахминий қиймати салкам 17,5 млн сўмни ташкил қилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги томонидан ўтказиладиган бадиий экспертиза натижаларидан сўнг ушбу буюмларнинг тарихий аҳамияти ва қиймати юзасидан якуний хулосага келинади.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан божхона текширувлари ва суриштирув ҳаракатлари бошлаб юборилган.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикасининг «Маданий бойликларнинг олиб чиқилиши ва олибкирилиши тўғрисида»ги Қонунига (29.08.1998 йилдаги 678-I сон) кўра, маданий бойликларнинг олиб чиқилиши, вақтинча олиб чиқилиши мумкинлиги тўғрисида қарорларни фақат республика Маданият вазирлиги қабул қилади. Қонунга кўра, давлат томонидан муҳофаза рўйхатлари ва реестрларига киритилган, давлат ва жамоат музейларида, архивларида, кутубхоналарида ва бошқа сақлаш жойларида доимий сақланаётган, шунингдек 50 йил муқаддам ва ундан ҳам олдинроқ яратилган маданий бойликларни Ўзбекистон Республикасидан олиб чиқилиши мумкин эмас.
2017 йилда республикамиз божхоначилари томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар билан ҳамкорликда аниқланган 67 та қонунбузарлик натижасида 8 276 дона ноёб тарихий ва маданий бойликларнинг ноқонуний олиб ўтилишига чек қўйилган.
Тошкент вилояти
божхона бошқармаси
Ахборот хизмати.