ёки «яшил» йўлакни илк суиистеъмол қилганлар фош этилди
Хабарингиз бор, 2018 йилнинг 1 январидан бошлаб, республикамизнинг барча халқаро аэропортларида жисмоний шахслар учун икки йўлакли тизим – «яшил» ва «қизил» йўлаклар жорий этилди.
Янги тизимни жорий этишда, энг аввало, юртдошларимиз ва хорижий меҳмонларнинг манфаатларидан келиб чиқиб, улар учун божхона расмийлаштирувидан ўтказиш жараёнларини янада соддалаштириш ва тезлаштириш мақсади кўзланган.
Амалдаги тартибларга кўра республикамизга кириб келаётган йўловчилар «яшил» йўлакдан фақат қиймати ва миқдори божсиз олиб кириш меъёрларидан ортиқча бўлмаган товарларни олиб ўтишлари мумкин. Яъни мазкур йўлакдан ўтилиши жисмоний шахснинг ўз ёнида ортиқча товар-моддий бойликлар йўқлигини божхона органларига оғзаки декларациялаганини англатади.
Бу ҳақдаги батафсил маълумотлар республикамиз халқаро аэропортларидаги икки йўлакли тизим олдида жорий қилинган ахборот ҳудудларида батафсил келтирилган.
Аммо «яшил» йўлакни менга қаратилган яшил чироқ деб билган, «кўланмаси майдон» «тадбиркорлар» амалдаги тартиблардан яхши хабардор бўлишса-да, ўзлари учун жорий қилинган бу қулайликни ноқонуний даромад орттириш илинжида суиистеъмол қилишга уринишди. Тошкент халқаро аэропортида «яшил» йўлак орқали тилла ва заргарлик буюмларини олиб ўтишга уринган илк қоидабузарлар тўхтатиб қолинди.
Истанбулдан учиб келган Ю.Ф. хонимнинг божхона чегараларини «яшил» йўлак орқали кесиб ўтаётиб, ўзини безовта тутиши божхоначиларда бежиз шубҳа уйғотмаган экан: қоидабузарнинг аёллар сумкасидаги пардоз-андоз қутиларига ва эгнидаги кийими чўнтакларига 263 грамм оғирликдаги тилла ва заргарлик буюмларини яширгани фош бўлди.
Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра мазкур тилла ва заргарлик буюмларининг қиймати 67 млн сўмдан ошади.
Айни шу рейс бўйича парвозини якунлаган Т.Ғ. ҳам «яшил» йўлак берган имкониятдан ғайриқонуний мақсадда фойдаланишга уринди. Белгиланган меъёрлардан ортиқча бўлган 72 грамм оғирликдаги тилла ва заргарлик буюмларини «қизил» йўлак қолиб, бунисидан олиб ўтаётган пайтда «уддабурон» тўхтатиб қолинди ва унинг ёнидан дастлабки ҳисоб-китобларга кўра салкам 16,5 млн сўмлик контрабанда буюмлари олиб қўйилди.
Мазкур пост ходимлари «Истанбул-Тошкент» рейсининг яна бир йўловчиси М.М. хонимнинг «қизил» йўлак орқали ҳаракатланаётиб, лекин йўловчи божхона декларациясида кўрсатмасдан қиймати салкам 24,5 млн сўмни ташкил қилувчи 119 грамм тилла тақинчоқларни яширинча олиб киришга уринганида йўлига ғов бўлишди.
Амалдаги тартибларга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси ҳудудига жисмоний шахслар томонидан товарларни акциз солиғи солинмасдан умумий оғирлиги 30 граммдан ортиқ бўлмаган 5 донагача заргарлик буюмларини олиб киришга рухсат этилади.
Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан божхона текширувлари ва суриштирув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.
Таъкидлаш жоизки, пойтахтимиз аэропорти орқали ҳар суткада дунёнинг турли шаҳарлари бўйлаб ўртача 40 дан ортиқ рейслар амалга оширилади. Бу ерда бир кунда ўртача 6-7 минг нафар йўловчи ҳаракатланаётган бўлса, шуларнинг тахминан 93%и божхонадан «яшил» йўлак орқали ўтмоқда. Кўриниб турибдики, уларнинг барчасини божхона назоратидан бирма-бир ўтказиш жараёнига қамраб олишнинг имкони йўқ. Шундай экан, бу вазиятда божхона ходимларининг ҳушёрлиги ва сезгирлигига таяниш билан бир қаторда, юртдошларимиздан ҳам божхона қонунчилигига қатъий риоя қилиш талаб қилинади.
Ҳусен ТАНГРИЕВ,
«Тошкент-Аэро» ИБК Ахборот хизмати
катта инспектори.