Фирма хизматлар учун ҳақни пластик карточкалар воситасида қабул қилади. Терминал чеки бухгалтерия ҳужжатларига илова қилинади. Бундан ташқари, етказиб берувчиларда корпоратив карточка орқали тўлов амалга оширилади ва фирмага терминал чеки берилади. Бироқ бу чеклар узоққа етмайди, бир-икки йил ўтгач уларни ўқиб бўлмайди. Корпоратив карточка қўлланганда берилган чеклар уни тутувчининг ҳисоботига илова қилинади, хизматлар учун чеклар эса бухгалтерияда сақланади.
Терминал чекидан нусха олиш шартми? Ёки ҳисобдор шахснинг ҳисоботида акс эттирилган маълумотларнинг ўзи етарлими?
Л.Булатова, бош бухгалтер.
– Терминаллар чеклари квитанциялар, талонлар, чипталар ҳамда товарлар ва хизматлар ҳақи тўланганлигини тасдиқловчи бошқа ҳужжатларга тенглаштирилади ва ҳисобда бошланғич ҳужжатлар деб тан олинади (Солиқ кодексининг 222-моддаси; «Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида»ги Қонуннинг 14-моддаси).
Бошланғич ҳужжатлардаги ёзувлар уларни архивда сақлаш учун белгиланган муддат мобайнида бут сақланишини таъминлайдиган воситалар ёрдамида амалга оширилиши лозим (АВ томонидан 14.01.2004 йилда 1297-сон билан рўйхатдан ўтказилган Низомнинг 11-банди). Ҳисобварақ-фактураларни (чекларни) сақлаш муддати – 5 йил.
Чеклар корхонанинг тушумини ва унинг харажатларини тасдиқлаши мумкинлиги боис солиқ текшируви чоғида уларни ўқий олиш имкониятини сақлаб қолиш муҳимдир.
Солиқ текшируви корхонанинг кўпи билан 5 календарь йилдаги фаолиятини қамраб олиши мумкин (Солиқ кодексининг 91-моддаси).
Хулоса шуки:
● чекларни камида 5 йил сақлаш зарур;
● чекларни ўқий олиш ва яхлитлигини сақлаш учун улардан нусха олиш тавсия этилади.
Марина БОГАЧЁВА, «Norma Online» эксперти.