«Сурхон Термиз чинни» МЧЖ 2014 йилда чет элдан чинни буюмлар ишлаб чиқарадиган қарийб 2 млн АҚШ доллари қийматидаги технологик ускуналарни келтиргани учун 939 млн сўмлик божхона тўловларидан озод бўлган. Ҳозирги вақтда корхонада кунига ўртача 18 мингга яқин чинни буюмлар ишлаб чиқарилмоқда. Маҳсулотлар ички бозордан ташқари, қўшни давлатларга ҳам экспорт қилинади. Масалан, яқинда Афғонистон билан 35 минг АҚШ долларилик, Тожикистон билан 21 минг АҚШ долларилик шартномалар имзоланган.
Корхона раҳбари Р.Неъматуллаев ишлаб чиқариш ҳажмларини кенгайтирганда қандай божхона имтиёзларидан фойдаланиш мумкинлиги хусусида билиш учун узоққа бормайди – бевосита вилоят божхона бошқармасига мурожаат қилади.
– Яқинда «Сурхон Термиз чинни» МЧЖ раҳбари корхонанинг истиқболдаги режалари ҳақида айтиб, у қандай божхона имтиёзларидан фойдалана олиши мумкинлиги бўйича мурожаат қилди, – дейди Сурхондарё вилояти божхона бошқармаси ҳуқуқий хизмати гуруҳи катта инспектори Баҳром Аҳмедов. – Биз тадбиркорга тегишли ҳуқуқий тушунтиришларни бердик. Натижада корхонага нисбатан 357 млн сўмликдан ортиқ божхона тўловларидан имтиёзлар қўлланган.
Сурхондарё вилояти божхона бошқармаси Ахборот хизмати.