Республика Президентининг «Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори (14.03.2017 йилдаги ПҚ–2833-сон) талаблари ижросини таъминлаш мақсадида Самарқанд вилояти божхона бошқармаси ташаббуси билан вилоят ҳудудида фаолият кўрсатаётган божхона омбори эгалари иштирокида профилактик учрашув ўтказилди.
Учрашувда бошқарманинг мутасадди бўлимлари, вилоят ёнғин хавфсизлиги бошқармаси ва санитария-эпидемиология назорат маркази ходимлари иштирок этдилар. Йиғилишда Самарқанд вилояти божхона бошқармаси бошлиғи ўринбосари Ж.Қодиров дастлаб вилоятдаги божхона омборларида божхона назорати остида сақланаётган товарлар ҳажми ва ўсиш динамикаси тўғрисида маълумот берди.
Божхона кодексига асосан божхона омбори – махсус жиҳозланган ва белгиланган жой бўлиб, биноларнинг ҳудудини ва (ёки) очиқ майдончаларни ўз ичига олади ҳамда товарларни вақтинча сақлаш ва (ёки) божхона омбори режимларида божхона назорати остида сақлашга мўлжалланган бўлади.
Айни пайтда республикамизда 188 та очиқ ва 107 та ёпиқ божхона омборлари мавжуд. 2017 йилнинг 1 июль ҳолатига кўра, Самарқанд вилоятида 28 та божхона омборидан 15 таси очиқ ва 13 таси ёпиқ омборлардир. Шулардан 16 тасида темир йўл транспорти йўлаклари мавжуд. Вилоятдаги божхона омборларининг умумий майдони 67 минг квадрат метрдан ошади.
Жорий йилнинг ўтган даври давомида Самарқанд вилояти божхона бошқармаси томонидан юридик шахсларнинг мурожаатларига асосан 1 та божхона омборига тегишли турдаги фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи лицензия расмийлаштирилган.
Шунингдек, товарларни сақлаш қоидаларига амал қилмаганлиги сабабли 2 та божхона омборининг лицензиялари тугатилган. Йил давомида 28 та божхона омборида «Божхона омбори» режимида салкам 6,5 минг туркум, «Вақтинча сақлаш» режимида эса 664 туркум товарлар сақланиши таъминланди.
Учрашув давомида божхона омборлари раҳбарларининг асосий эътибори божхона назорати остида сақланиши лозим бўлган товарлар билан боғлиқ эҳтимолий қоидабузарликлар ва уларнинг олдини олиш масалаларига қаратилди.
Учрашувда божхона омборлари раҳбарларига ҳозирда Самарқанд вилояти ҳудудида дори воситалари ва тиббиёт буюмларини сақлашга мўлжалланган божхона омборлари мавжуд эмаслиги, шу сабабли бугунги замон талаблари ва ўз имкониятларидан келиб чиқиб, мазкур турдаги божхона омборларини таъсис этиш мақсадга мувофиқлиги тўғрисида айтиб ўтилди.
Самарқанд вилояти божхона бошқармаси Ахборот хизмати.