Norma.uz
СБХ / 2017 йил / № 35 / Ходимлар билан ҳисоблашиш

Корхонани тугатиш: ходимларга тўловлар

 

Компания филиали тугатилаётганда иш берувчи ходимлар билан меҳнат шартномасини бекор қилиш нияти ҳақида уларни 2 ой олдин ёзма равишда огоҳлантирди. Ташкилотнинг бошқа филиалларида таклиф қилинаётган лавозимлар билан бирга огоҳлантиришлар ходимларга 2017 йил 17 июлда берилган эди. Айрим ходимлар таклиф қилинаётган лавозимлардан бош тортиб, тугатиш муносабати билан ишдан бўшаш ҳақида ариза ёздилар.

Ходим 2017 йил 21 июлдан ишдан бўшаш ҳақида ариза ёзди. У МКнинг 109-моддасига мувофиқ ишдан бўшатиш нафақасини олиши керак, шунингдек ишлаган даври учун таътилнинг фойдаланилмаган 10 иш куни қолган. Бинобарин, у ишдан бўшаётганда таътил учун компенсация олади ва МКнинг 102-моддасига мувофиқ 2017 йил 21 июлдан 17 сентябргача огоҳлантириш муддати ўрнига пуллик компенсация олиши керак. Ўртача ойлик иш ҳақини ҳисоблаб чиқариш тартибига кўра, ушбу компенсация 1–4-бандлар бўйича ҳисоб-китобга кирмайди, демак, кейинги 2 календарь ойдаги ўртача ойлик иш ҳақидан келиб чиқиб ҳисобланади. Шу тўғрими? Ушбу компенсацияни қандай ҳисоблаш тўғри бўлади: календарь кунлардан (58 кун) келиб чиқибми ёки меҳнат таътилини ҳисоблагандекми (49 кун)?

Корхона тугатилиши муносабати билан ишдан бўшатишда ходим билан қандай ҳисоблашиш тўғри бўлади?

А.Тохтияров, АК филиалининг бош бухгалтери.

 

– Меҳнат шартномаси корхона тугатилиши муносабати билан бекор қилинганда ходимга қуйидагилар тўланиши керак:

♦ барча иш кунлари, шу жумладан меҳнат шартномаси бекор қилинган кун учун ходимга тегишли иш ҳақи (МКнинг 110-моддаси);

♦ фойдаланилмаган меҳнат таътили учун компенсация (мавжуд бўлганда) (МКнинг 151-моддаси);

♦ корхонанинг локал ҳужжатлари ёки меҳнат шартномаси билан назарда тутилган қўшимча тўловлар;

♦ меҳнат шартномаси бекор қилиниши тўғрисидаги огоҳлантириш ўрнига ходимга тўланадиган компенсация (тарафлар ўртасидаги келишувга биноан) (МКнинг ­102-моддаси);

♦ ўртача ойлик иш ҳақидан кам бўлмаган миқдордаги ишдан бўшатиш нафақаси (МКнинг 109-моддаси);

♦ иш қидириш даврида иккинчи ой учун ўртача ойлик иш ҳақи;

♦ ходим меҳнат шартномаси бекор қилинган кундан бошлаб 10 кундан кечиктирмай маҳаллий меҳнат органида иш қидираётган шахс сифатида рўйхатдан ўтса, учинчи ой учун ҳам ўртача иш ҳақи (МКнинг 67-моддаси).

Корхона тугатилиши муносабати билан муддатли меҳнат шартномаси бекор қилинганда, агар неустойка тўғрисидаги шарт ва унинг миқдори меҳнат шартномасига киритилган бўлса, иш берувчи ходимга неустойка тўлаши керак (МКнинг 104-моддаси).

 

Фойдаланилмаган таътил учун компенсация

Меҳнат шартномаси бекор қилинганда ходимга фойдаланилмаган йиллик асосий ва қўшимча таътиллар учун муддатни чекламаган ҳолда барча йиллар учун пуллик компенсация тўланади (МКнинг 151-моддаси).

Таътиллар вақтига ҳақ тўлаш учун ўртача ойлик иш ҳақи ҳисоблаб чиқариш кунидаги тарификация бўйича белгиланган иш ҳақи ёки лавозим маошидан келиб чиққан ҳолда уларни ижтимоий суғурта бадаллари ҳисобланадиган кейинги 12 ойдаги барча қўшимча тўловларнинг 1/12 га оширган ҳолда ҳисоблаб чиқарилади (Тартибнинг 1-банди, ВМнинг 11.03.1997 йилдаги 133-сон қарорига 6-илова).

 

МИСОЛ. Айтайлик, ходим тўлиқ йил ишлади, компенсацияни ҳисоблаш кунида ходимнинг маоши 600 000 сўмни, ижтимоий суғурта бадаллари ҳисобланадиган ўтган 12 ойдаги қўшимча тўловлар 150 000 сўмни ташкил этди. Таътил муддати 10 иш кунини ташкил этади.

Ўртача ойлик иш ҳақи 612 500 сўмни (600 000 + 150 000 / 12) ташкил этади. Компенсация суммаси 241 142 сўмга (612 500 / 25,4* х 10) тенг.

_______________________________________________

*25,4 – 6 кунлик иш ҳафтасида ойдаги иш кунларининг ўртача сони.

 

Ишдан бўшатиш нафақаси

Ишдан бўшатиш нафақасининг миқдори ўртача ойлик иш ҳақидан кам бўлиши мумкин эмас (МКнинг 109-моддаси). Ҳисоблаш тартиби фойдаланилмаган таътил учун компенсацияни ҳисоблаш тартибига ўхшаш.

 

Огоҳлантириш муддати ўрнига пуллик компенсация

Корхона тугатилган тақдирда иш берувчи меҳнат шартномасини бекор қилиш нияти ҳақида ходимни камида 2 ой олдин ёзма равишда (имзо чектириб) огоҳлантириши шарт.

Тарафлар ўртасидаги келишувга биноан огоҳлантириш унинг муддатига мувофиқ келадиган пуллик компенсация билан алмаштирилиши мумкин (МКнинг 102-моддаси).

Компенсацияни ҳисоблаш учун ўртача ойлик иш ҳақи кейинги 2 календарь ойидаги ўртача ойлик иш ҳақидан келиб чиқиб белгиланади (133-сон Тартибнинг 5-банди).

Сизнинг ҳолатда компенсация 22 июлдан (ишдан бўшагандан кейинги биринчи кун) 16 сентябргача (огоҳлантириш муддати тугаган кун) тўланади. 6 кунлик иш ҳафтасида компенсация тўланадиган муддат – 48 кун (1 сентябрдаги байрам кунини чегирганда).

22–31 июлда – 8 иш куни (бутун ойда 26 иш куни);

1–31 августда – 27 иш куни;

1–16 сентябрда – 13 иш куни (бутун ойда 25 иш куни).

Жами – 48 иш куни.

 

МИСОЛ. Айтайлик, компенсация тўлаш кунида ходимнинг маоши 600 000 сўмни ташкил этган. Кейинги 2 ойда унга қўшимча 50 000 сўм тўланган. Ўртача ойлик иш ҳақи 625 000 сўмни (600 000 + 600 000 + 50 000) / 2 ташкил этади.

Компенсация миқдори:

июлда – 625 000 / 26 х 8 = 192 308 сўм;

августда – 625 000 сўм;

сентябрда – 625 000 / 25 х 13 = 325 000 сўм.

Компенсация 1 142 308 сўмни ташкил этади.

 

Қўшимча кафолатли тўловлар

Корхона тугатилганда иш қидириш даврида 2 ойдан ортиқ бўлмаган давр мобайнида ходимларнинг ўртача ойлик иш ҳақи сақланиб қолади, бунда бир ойлик ишдан бўшатиш нафақаси ҳам қўшиб ҳисобга олинади.

Ходим меҳнат шартномаси бекор қилинган кундан бошлаб 10 календарь кун мобайнида маҳаллий меҳнат органида иш қидираётган шахс сифатида рўйхатдан ўтиши мумкин. Бунда у меҳнат органи берган маълумотномага биноан 3-нчи ой учун ҳам ўртача иш ҳақи олиш ҳуқуқига эга бўлади (МКнинг 67-моддаси).

Ҳисоблаш тартиби огоҳлантириш муддати ўрнига компенсация ҳисоблаш тартибига ўхшаш.

Тугатилаётган корхонанинг маблағи бўлмаган тақдирда, 3-нчи ой учун компенсация иш билан таъминлашга кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан тўланади.

 

Солиқ солиш

Меҳнат таътили компенсацияси ишланмаган вақт учун ҳақ тўлашга киради ва меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромад ҳисобланади (Солиқ кодексининг 175-моддаси 1-банди «а» кичик банди). ЖШДС, суғурта бадаллари ва ЯИТ солинади.

● Ишдан бўшатиш нафақаси бошқа даромадларга киради (Солиқ кодексининг 178-моддаси ­15-банди). 12 ЭКИҲ миқдори доирасида бўлса, ЖШДС солинмайди (Солиқ кодексининг 179-моддаси 20-банди). Бошқа даромад сифатида суғурта бадаллари ва ЯИТ солинмайди.

● Огоҳлантириш муддати ўрнига компенсация, шунингдек иш қидириш давридаги қўшимча кафолатли тўловлар ҳам бошқа даромадлар ҳисобланади. ЖШДС солинади, бироқ суғурта бадаллари ва ЯИТ солинмайди.

 

Дарина АБУХОВИЧ,

«Norma Online» эксперти.

Прочитано: 4668 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика