Norma.uz
СБХ / 2017 йил / № 24 / Жавоб берамиз

Хатони аввалги бухгалтер қилган...

 

Бош бухгалтер ўзи ишламаган даврлар учун маъмурий жавобгарликка тортилиши тўғрими?

Мен ташкилотга бош бухгалтер лавозимига 2016 йил октябрь ойида тайинландим. 2017 йил февраль ойида вилоят солиқ бошқармаси навбатдаги режали текширувни ўтказганда охирги 5 йиллик даврда аниқланган камчилик (камомад) юзасидан раҳбар ва бош бухгалтерга ЭКИҲнинг бир баравари миқдорида маъмурий жарима солинди.

1. Маъмурий жарима қандай тартибда белгиланади?

2. Менга тегишли бўлмаган даврлар учун тузилган далолатномага имзо чекишим қанчалик тўғри? Мазкур даврлар учун мен маъмурий жавобгар ҳисобланаманми?

3. Агар бу ҳолат бўйича ҳуқуқларим бузилган бўлса, кимга мурожаат қилишим мумкин?

Анвар Абдалимов,

Сирдарё вилояти.

 

1

Ўзингиз ишламаган даврлар учун жавобгарликка тортилишингиз тўғри эмас.

Бухгалтерни маъмурий тартибда жаримага тортишга сабаб бўладиган ҳуқуқбузарликлар ­МЖтКда назарда тутилган. Улар орасида солиқ солинадиган объектларнинг ҳисобини олиб бормаслик ёки касса операцияларини юритиш тартибини, шунингдек тўлов интизомини (175-модда) ёхуд бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботини юритиш тартибини бузиш (175-1-модда) сингари ҳуқуқбузарликларни ажратиб кўрсатса бўлади.

Ушбу саволга жавобни эксперт С.Латиповнинг «Ишдан «қочган» бухгалтернинг мероси» («Норма маслаҳатчи» газетаси, 14.02.2017 йилдаги 7 (604)-сон) мақоласидан олишингиз мумкин. Унга кўра, амалиётда кўпинча иккала бухгалтернинг иш даврлари эътиборга олинади. Воқеа ва жараёнлар улар ишлаган даврларнинг вақт чегараси ичида, яъни масалан, бухгалтерия ҳисобининг бошланғич ҳужжатларини аввалги бухгалтер, улар асос бўлган ҳисоботни эса янги бухгалтер тузганда ривожланиши мумкин.

Маълумки, бухгалтерия ҳисоботлари бошланғич ҳужжатлар асосида тузилади. Шу тариқа, бошланғич ҳужжатдаги хато туфайли бухгалтерия ҳисобида хатолар вужудга келганда жавобгарлик уни имзолаган бухгалтер зиммасига тушади. Ва аксинча, агар ҳисоботда бошланғич ҳужжатларда бўлган ахборот бузиб кўрсатилса, жавобгарлик янги бухгалтер зиммасига ўтади.

Ушбу қоида анча универсал бўлиб, у нафақат моддий, балки маъмурий, шунингдек жиноий жавобгарлик масалаларини кўришда ҳам қўлланади. Шу сабабли раҳбар бухгалтер билан меҳнат шартномасини бекор қилаётганда бухгалтерия ҳужжатларининг рўйхати ва уларни қабул қилиш-топширишга алоҳида эътибор қаратиши керак.

Маъмурий жавобгарликка тортиш тартиби МЖтКнинг «Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни юритиш» тўртинчи бўлимида белгиланган. Унга биноан, хусусан:

маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этилганлиги тўғрисидаги баённома ваколатли мансабдор шахс томонидан тузилади (279-модданинг 1-қисми);

баённомани тузиш вақтида ҳуқуқбузарга мазкур Кодекснинг ­294-моддасида назарда тутилган унинг ҳуқуқ ва бурчлари тушунтирилади ва бу хусусда баённомага ёзиб қўйилади (281-модданинг 4-қисми); бундай шахс иш материаллари билан танишиб чиқишга, изоҳлар беришга, далиллар келтиришга, ўз илтимосини баён этишга, ишни кўриб чиқиш вақтида адвокатнинг юридик ёрдамидан фойдаланишга, ўз она тилида сўзлашга ва таржимоннинг хизматларидан фойдаланишга, иш юзасидан чиқарилган қарор устидан шикоят беришга ҳақлидир (294-модданинг 1-қисми);

ишни кўриб чиқиш вақтида тегишли орган (мансабдор шахс): маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этилган-этилмаганлигини, ҳуқуқбузарлик содир этилган вақт ва жойни, мазкур шахс уни содир этишда айбдор-айбдор эмаслигини, унинг маъмурий жавобгарликка тортилиш-тортилмаслигини, жавобгарликни енгиллаштирувчи ёки оғирлаштирувчи ҳолатлар бор-йўқлигини, мулкий зарар етказилган-етказилмаганлигини, шунингдек ишни тўғри ҳал этишда аҳамиятга молик бошқа ҳолатларни аниқлаши шарт (307-модда).

 

2

Сизга тегишли бўлмаган даврлар учун тузилган далолатномаларни имзолашингиз қонун ҳужжатларига зид бўлмайди. Амалиётда далолатномани текширилаётган ташкилот номидан, одатда, унинг раҳбари ва бош бухгалтери имзолашади (Солиқ кодекси 101-моддасининг 4-қисми). Ушбу ҳужжатда кўрсатилиши лозим бўлган маълумотлар орасида ташкилотнинг тўлиқ номи, текширув даврида раҳбарлик вазифаларини ёки бухгалтерия ҳисобини юритиш вазифаларини амалга оширган мансабдор шахсларнинг фамилияси, исми, отасининг исми ҳамда текширилаётган солиқ даври бўлиши керак (Солиқ кодекси ­101-моддасининг 1-қисми 6 ва 9-бандлари). Солиқ тўловчининг (ташкилот бўлса – унинг мансабдор шахсларининг) далолатномадаги имзоси (имзолари) унинг текширув натижаларидан рози эканлигини англатмайди (Солиқ кодекси 101-моддасининг 5-қисми). Шу билан бирга сиз далолатномани имзоламаслигингиз ҳам мумкин ва бунинг учун ҳеч қандай жавобгарлик юзага келмайди.

 

3

Агар сизга нисбатан маъмурий ишни кўриб чиқиш вақтида ҳуқуқларингиз бузилган деб ҳисобласангиз ва (ёки) қабул қилинган қарор билан норози бўлсангиз, қарор устидан юқори турувчи органга (мансабдор шахсга) ёки маъмурий ишлар бўйича туман (шаҳар) судьясига қарор қабул қилган орган (мансабдор шахс) орқали мурожаат қилиш ёки бевосита судга шикоят беришингиз мумкин. Бунда сиз давлат божи тўлашдан озод этиласиз (МЖтК 315-модданинг 1, 2 ва 4-қисмлари). Қарор хусусида унинг нусхасини олган кундан бошлаб 10 кун ичида шикоят беришингиз мумкин (МЖтК 316-моддаси).

 

Камол МУЗАФФАРОВ,

«Norma Online»
етакчи эксперти.

Прочитано: 1715 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика