Norma.uz
СБХ / 2017 йил / № 24 / Божхона

Божхона органлари: Давлат дастурининг ижросига бел боғлаб...

 

Давлат божхона қўмитаси оммавий ахборот воситалари ходимлари учун «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили» Давлат дастури доирасида божхона органлари томонидан амалга оширилаётган чора-тадбирлар» мавзусида матбуот анжуманини ўтказди.

Миллий матбуот марказида ташкил этилган анжуманда Давлат божхона қўмитаси Ишлар бошқармаси бошлиғи, божхона хизмати полковниги Ф.Сафарбаев ахборот берди.

 

Таъкидланганидек, 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ҳамда ушбу Стратегияни Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида амалга оширишга оид Давлат дастури (Президентимизнинг 7.02.2017 йилдаги ПФ-4947-сон Фармони билан тасдиқланган) доирасида божхона органлари зиммасига ҳам бир қатор вазифалар юкланган.

Хусусан, 1 февралдан бошлаб Давлат божхона қўмитасида «Ягона ойна» идоралараро ахборот тизими тўлиқ жорий қилинди ва у www.sw.customs.uz манзилида ишга туширилди.

«Ягона ойна» тизими ТИФ иштирокчилари томонидан экспорт ва импорт товарларини божхона расмийлаштирувидан ўтказиш учун божхона органига тақдим этилиши лозим бўлган барча 20 дан ортиқ рухсатнома сертификатлари ва хулосаларини йиғиш жараёнини тезлаштирди ва бу ишларга сарфланадиган вақтни қисқартириш билан мамлакатимизда тадбиркорлик муҳитини ривожлантиришга ижобий таъсир кўрсатди. Илгари ТИФ иштирокчилари экспорт-импорт операцияларини амалга оширганда, яъни ташқи савдо шартномасини тузишдан бошлаб, товарларни жўнатгунга ёки қабул қилгунга қадар тегишли рухсатномалар олиш учун бир нечта давлат органларига мурожаат қилишар ва ҳар бир идора учун алоҳида ҳужжатлар тўпламини тайёрлаб тақдим этишар эди. Бу эса муайян даражада ортиқча вақт сарфланишига ва молиявий харажатларнинг кўпайишига олиб келган.

Бу сингари давлат божхона хизмати органлари фаолиятига татбиқ қилинган ахборот тизимларининг умумий сони ҳозирда 36 тани ташкил қилади. Шундан 22 таси давлат ахборот тизими сифатида рўйхатдан ўтган, қолганлари ички идоравий ахборот тизимлари ҳисобланади.

Давлат божхона қўмитаси томонидан тадбиркорлик субъектларига қулай шароитлар яратиш, улар билан ишлашда инсон аралашуви омили ва салбий оқибатларини камайтириш мақсадида интерактив электрон хизматлар кўламини кенгайтириш ва такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Тадбиркорлик субъектларига божхона расмийлаштирувига доир бир қатор енгиллик ва қулайликлар яратиш мақсадида bojxona.uz веб-сайти ва Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали ҳозирда 22 турдаги электрон хизматлар амалиётга жорий этилган. Улар орасида энг оммалашган электрон хизмат тури – товарларни электрон декларациялаш хизмати бўлиб, тўрт йилдан ошдики тадбиркорлар ушбу хизмат орқали товар ва транспорт воситаларига оид ҳужжатлар ҳамда ҳисоботларни божхона органларига масофадан туриб электрон тақдим этиш ва расмийлаштириш имкониятидан фойдаланиб келишмоқда. Сўнгги 2 йил давомида божхона органларида расмийлаштирилган божхона юк декларацияларининг 99,9 фоизи электрон тарзда амалга оширилган.

Давлат дастури доирасида жисмоний шахслар учун божхона ҳудудига кириб келиш ва уни тарк этиш бўйича «яшил» ва «қизил» йўлак тизимини амалиётга татбиқ этиш юзасидан ҳам топшириқлар берилган бўлиб, божхона тартиботидаги ушбу янгилик божхона қонунчилигида илк бор 2016 йилда – Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирдаги Божхона кодексида ўз ифодасини топди. Мазкур кодекснинг 162-моддасига кўра, жисмоний шахслар томонидан олиб ўтилаётган товарларни декларациялаш мақсадида божхона ҳудудига кириб келиш ёки ушбу ҳудуддан чиқиб кетиш жойларида икки йўлакли тизим қўлланилиши мумкин.

Икки йўлакли тизимнинг қўлланилиши божхона операцияларини бажариш учун нотижорат мақсадлардаги товарларни декларациялаш шакли сифатида «яшил» ёки «қизил» йўлакнинг божхона чегараси орқали ўтаётган жисмоний шахс томонидан мустақил равишда танланишини назарда тутади. Жисмоний шахснинг «яшил» йўлак орқали ўтиши божхона мақсадлари учун ушбу шахсда ёзма равишда декларацияланиши лозим бўлган товарлар йўқлигини божхона органига маълум қилиш деб қаралади.

«Қизил» йўлак кириб келиш ва чиқиб кетиш жойларида махсус белгиланган, жисмоний шахсларнинг ёзма шаклда декларацияланиши лозим бўлган қўл юки ва кузатиб борилаётган багажидаги товарларини, шунингдек декларацияланиши жисмоний шахснинг ихтиёрига кўра амалга ошириладиган товарларни божхона чегарасидан олиб ўтиши учун мўлжалланган жой ҳисобланади.

Божхона чегарасидан ўтказиш пунктларида икки йўлакли тизим қўлланилишининг талаблари ва тартиби Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

Ҳозирда ушбу топшириқ ижросидан келиб чиқиб, жисмоний шахслар учун божхона ҳудудига кириб келиш ва уни тарк этиш бўйича «яшил» ва «қизил» йўлак тизимини амалиётга татбиқ этиш чораларини кўриш мақсадида белгиланган тартибда Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритилди.

Давлат дастурида диний экстремизм, терроризм ва уюшган жиноятчиликнинг бошқа шаклларига қарши курашиш бўйича ташкилий-амалий чора-тадбирларни кучайтириш юзасидан ҳам қатор ишлар амалга оширилди. Жорий йилнинг ўтган 5 ойи давомида давлат божхона хизмати органлари томонидан 37 ҳолатда 218 дона экстремистик ва ақидапарастлик руҳидаги, 21 ҳолатда 230 дона бошқа диний ҳамда 12 ҳолатда 1396 дона тақиқланган адабиётлар, 2 ҳолатда 4 дона диний мазмундаги брошюралар, 260 ҳолатда 7 996 дона диний мазмундаги ­аудио-, видеомаҳсулотлар ушлаб қолинди.

Давлат дастурининг мазмун-моҳиятидан келиб чиқиб, божхона органларида «Жисмоний ва юридик шахслар мурожаатлари тўғрисида»ги Қонун ва қонуности ҳужжатлар ижроси бўйича асосий эътибор жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини ўз вақтида кўриб чиқиш, қонуний ҳал этиш ва асосланган жавоб хатлари юбориш билан чекланиб қолмасдан, уларнинг келиб чиқиш сабабларини ўрганиш (айниқса такрорий ва дубликат мурожаатларни) ҳамда бундай ҳолларнинг олдини олишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Давлат божхона қўмитаси марказий аппарати ва ҳудудий бошқармаларда жисмоний ва юридик шахсларни раҳбарият ва бошқарма (бўлим, гуруҳ) бошлиқлари томонидан ҳар куни қабул қилиш ташкил этилган. Шунингдек, Қўмитанинг Ҳайъат ва ҳудудий бошқармаларнинг Кенгаш йиғилишларида мурожаатлар бўйича амалга оширилган ишлар, йўл қўйилган хато-камчиликлар ва уларни бартараф этиш чоралари, келгусидаги вазифалар танқидий муҳокама қилинмоқда.

Давлат божхона қўмитаси марказий аппарати бошқармалари мутасадди ходимларининг ҳудудий бошқармаларда аҳоли ва тадбиркорлар билан учрашувлар ўтказиш бўйича тасдиқланган режага мувофиқ, 2017 йилнинг ўтган даврида 62 та учрашув ўтказилиб, ОАВда кенг ёритилиши таъминланди. Учрашувларда асосий эътибор муаммоли масалаларни ўрганиш, уларнинг ечимини топишда амалий ёрдам кўрсатиш, амалдаги янги қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар мазмун-моҳиятини тушунтириш кўзда тутилди.

Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашни янада яхшилаш мақсадида жорий йилнинг 1 апрелидан бошлаб Интернет тармоғида Давлат божхона қўмитаси раисининг виртуал қабулхонаси http://online.customs.uz/ манзилида ишга туширилди.

Жорий йил бошидан буён Давлат божхона қўмитасига келиб тушган 995 та мурожаатнинг барчаси белгиланган тартибда кўриб чиқилди. Уларнинг 313 таси Президентимизнинг виртуал қабулхонаси орқали, 211 таси эса Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали келиб тушган. Мурожаатларнинг 275 таси ёзма ва 196 таси оғзаки тарзда йўлланган.

Мурожаатларнинг асосий қисмини хизматга қайта тиклаш, божхона назорати ва расмийлаштируви масалалари, божхона тўловларидан озод қилиш ва имтиёзлар қўллашга доир масалалар ташкил қилади.

Тадбирда журналистлар ўзларини қизиқтирган саволлар юзасидан атрофлича жавоблар олишди.

Прочитано: 1686 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика