Norma.uz
СБХ / 2017 йил / № 24 / Нуқтаи назар

Олиб бориб бериш: ташиш, алоҳида фаолият тури, солиқ солиш объекти эмас

 

Кўпгина тижорат тузилмалари харидорларга қулайлик яратиш мақсадида уларга сотилган маҳсулотни (товарларни) олиб бориб берадилар. Ишлаб чиқариш, савдо, умумий овқатланиш, гиламларни тозалаш ва ювиш хизматлари ва ҳ.к. – шу ва бошқа фаолият турлари билан шуғулланувчи ташкилотлар олиб бориб беришдан қўшимча сервис сифатида фойдаланадилар ва унинг учун алоҳида ҳақ ундирмайдилар. Улар истеъмолчиларнинг манфаатларини кўзлаб фаолият юритаётгандек ва бунинг натижасида ҳеч қандай муаммоларга тўқнаш келмайдигандек туюлади. Бироқ ҳаммаси ҳам силлиқ кечавермайди. Агар олиб бориб беришга автоташувларни давлат томонидан тартибга солиш ва солиқ солиш позициясидан қаралса, бир қатор саволлар юзага келади. Олиб бориб бериш алоҳида фаолият тури ҳисобланадими? Юкни автомобилда ташишга лицензия олиш зарурми? «Бепул» олиб бориб беришга солиқ солинадими? Ана шу саволларга жавоблар – «Norma Online» эксперти Татьяна БЕЛОУСОВА ва «НТВ» газетаси бош муҳаррири Михаил ПЕРПЕР материалида.

 

Олиб бориб бериш – ташиш эмас

Иккита кенг тарқалган вазиятни кўриб чиқамиз.

1. Музқаймоқ ишлаб чиқарувчи ва чакана савдо тармоғи олиб бориб бериш шарти билан етказиб бериш шартномасини тузди. Олиб бориб бериш қиймати музқаймоқ нархига киради ва ҳисобварақ-фактурада алоҳида сумма сифатида ажратилмаган.

Фуқаролик кодексида ушбу вазият бир хилда юридик талқин қилинган. Товарни олиб бориб беришга тадбиркорлик фаолиятининг мустақил тури сифатида эмас, балки етказиб бериш шартномасига кўра етказиб берувчининг товарни харидорга топшириш мажбуриятини ижро этиш усули сифатида қаралади. Етказиб берувчи-сотувчи шартлашилган муддатда ўзи ишлаб чиқарадиган ёхуд сотиб оладиган товарларни сотиб олувчига тадбиркорлик фаолиятида фойдаланиш учун ёки шахсий, оилавий мақсадларда, рўзғорда ва шунга ўхшаш бошқа мақсадларда фойдаланиш билан боғлиқ бўлмаган бошқа мақсадларда фойдаланиш учун топшириш мажбуриятини олади (ФКнинг 437-моддаси). Сотиб олувчида товарга мулк ҳуқуқи етказиб берувчи томонидан товар шартномада шартлашилган жойда топширилган пайтдан бошлаб вужудга келади (ФКнинг ­185-моддаси).

Агар товар харидор жойлашган жойда топширилса, етказиб берувчи олиб бориб беришни зиммасига олиши мумкин. ФКда етказиб бериш шартномасига кўра товар олиб бориб берилишини тартибга солувчи махсус модда (ФКнинг 442-моддаси) мавжуд.

Товарларни олиб бориб бериш бўйича юридик муносабатларни ўрнатар экан, ФК у билан юк ташиш фаолияти ўртасидаги фарқни белгилайди. Юк ташиш фаолияти деганда бировнинг юкини муайян ҳақ эвазига ташиш тушунилади. У ташиш шартномаси асосида амалга оширилади (ФКнинг 709-моддаси). Ушбу шартнома бўйича юк ташувчи юк жўнатувчи томонидан ўзига ишониб топширилган юкни белгиланган манзилга етказиб бериш ва уни олувчига топшириш, юк жўнатувчи эса юкни ташиб берганлик учун белгиланган ҳақни тўлаш мажбуриятини олади (ФКнинг 711-моддаси).

Шу тариқа, ФКнинг кўрсатилган нормаларидан келиб чиқишича:

● харидорларга музқаймоқ олиб бориб бериш уни ишлаб чиқарувчининг асосий фаолияти таркибий қисми ҳисобланади;

● музқаймоқ ишлаб чиқарувчи ўз маҳсулотини сотади. У товарни шартномада кўрсатилган жойга олиб бориб бергунга ва харидорга топширгунга қадар етказиб берувчининг мулки ҳисобланади. Яъни етказиб берувчи харидорнинг юкини эмас, балки ўз юкини ташийди.

Бу вазиятда олиб бориб беришни тадбиркорлик фаолиятининг алоҳида тури – юк ташиш сифатида талқин қилиб бўлмайди.

 

2. Чакана савдо корхонаси харидорларни жалб этиш мақсадида сотиб олинган маиший техникани (совуткичлар, кир ювиш машиналари ва ҳ.к.) ўзининг юк автомобилида олиб бориб беришни таъминлайди. Олиб бориб бериш қиймати чекда алоҳида сумма сифатида ажратилмайди.

Ушбу вазиятда сотувчи харидор билан товарни олиб бориб бериш шарти билан чакана олди-сотди шартномасини тузади. Сотувчи шартномада белгиланган муддатда товарни сотиб олувчи кўрсатган жойга етказиб бериши лозим (ФКнинг 431-моддаси). Товар олиб бориб берилгандан кейингина харидор мулкига ўтади. Агар йўлда авария рўй бериб, товар йўқотилса ёки шикастланса – у ҳолда бу харидорнинг эмас, балки сотувчининг харажатлари ва йўқотишларидир. Харидор товар учун тўлаган сумма мазкур вазиятда олдиндан тўлов ҳисобланади.

Яъни товарни олиб бориб бериш чакана олди-сотди шартномаси билан тартибга солинади ва савдо хизматларининг ажралмас компоненти ҳисобланади. Харидорларнинг буюртмасига кўра ҳақи тўланган товарларни олиб бориб бериш уларни реализация қилишнинг таркибий қисми ҳисобланади.

Хулоса чиқарамиз. Биринчи вазиятда бўлгани каби, товарни харидорларга олиб бориб бериш чакана савдо корхонасининг асосий фаолияти таркибий қисми ҳисобланади. Дўкон товарларни ташимайди, балки сотади. Харидор мулкига ўтмаган товарнинг олиб бориб берилишини тадбиркорлик фаолиятининг алоҳида тури – юкларни ташиш сифатида талқин қилиш ҳуқуққа зид.

 

Маҳсулотни олиб бориб бериш шарти билан сотиш фаолияти, олиб бориб бериш шарти билан чакана савдо қилиш ва юк ташиш ўртасидаги фарқларни жадвал кўринишида шакллантирамиз:

 

Маҳсулот сотиш

 

Чакана савдо

 

Юкларни ташиш

 

Шартноманинг номи

 

Етказиб бериш шартномаси

 

Чакана олди-сотди шартномаси

 

Юкларни ташиш шартномаси

 

Шартнома тарафлари

 

Етказиб берувчи-сотувчи ва харидор

 

Сотувчи ва харидор

 

Юк жўнатувчи, ташувчи ва олувчи

 

Шартнома предмети

 

Ишлаб чиқарилаётган маҳсулотни харидорга топшириш шартлари

 

Сотувчи томонидан товарнинг харидорга мулк қилиб топширилиши шартлари

 

Жўнатувчининг юкини белгиланган жойга ҳақ эвазига ташиш шартлари

 

Маҳсулотга (товарга) мулк ҳуқуқи

 

Шартлашилган жойда харидорга топширилгунга қадар етказиб берувчига тегишли

 

Шартлашилган жойда харидорга топширилгунга қадар сотувчига тегишли

 

Жўнатувчига ёки олувчига тегишли

 

Юк транспортидан фойдаланиш

 

Олиб бориб бериш – етказиб бериш шартномасининг эҳтимолий шартларидан бири. Одатда, етказиб берувчининг транспортида амалга оширилади

 

Олиб бориб бериш – чакана олди-сотди шартномасининг эҳтимолий шартларидан бири. Одатда, етказиб берувчининг транспортида амалга оширилади

 

Юк ташиш – ташиш шартномасининг асосий мазмуни. Ихтисослаштирилган ташкилот транспортида амалга оширилади

 

 

Олиб бориб беришга лицензия керакми

Автомобиль транспортида йўловчиларни ва юкларни шаҳарда, шаҳар атрофида, шаҳарлараро ва халқаро йўналишлар бўйича ташиш лицензияланиши керак (Рўйхат, Олий Мажлиснинг 12.05.2001 йилдаги ­222-II-сон қарорига 1-илова).

Лицензия бериш махсус Низом (ВМнинг 14.07.2006 йилдаги 138-сон қарори билан тасдиқланган) билан тартибга солинади. Унда батафсилроқ формулировка берилган: «Тижорат асосида амалга ошириладиган йўловчиларни ҳамда юкларни шаҳарда, шаҳар атрофида, ­шаҳарлараро ва халқаро йўналишлар бўйича ташиш фаолияти лицензияланиши керак» (Низомнинг 2-банди).

Ушбу нормада «тижорат асосида амалга ошириладиган ташиш фаолияти» асосий саналади. Сабаби товарларни истеъмолчиларга олиб бориб бериш:

► юридик жиҳатдан олганда ташиш ва тадбиркорлик фаолиятининг алоҳида тури ҳисобланмайди;

► қўшимча ҳақ ундирмасдан ўз маҳсулотини (товарини) ташишни англатади;

► бошқа фаолият турлари – ишлаб чиқарилган маҳсулотни сотиш, улгуржи ёки чакана савдо, маиший хизматлар кўрсатиш ва бошқаларнинг таркибий қисми бўлиб чиқади, –

у лицензияланмайди.

Ушбу фикрни нафақат экспертлар ҳамжамияти, балки Давлат солиқ қўмитаси мутахассислари ҳам қўллайди («Маҳсулотимизни ўзим ташийман», «СБХ»нинг 10.04.2007 йилдаги 15 (663)-сони).

Бироқ Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлиги мутахассислари бунга қўшилмайдилар. Ишлаб чиқариш (улгуржи, чакана) корхонасининг ўз юкини (харидорга, сотувчидан ўз омборига, божхона омборидан ўз омборига ва ҳ.к.) ташишини улар «тижорат мақсадида юк ташиш фаолияти» сифатида талқин қиладилар. Ҳеч қандай далиллар – бу тадбиркорлик фаолиятининг алоҳида тури эмаслиги, ўзининг товари ташилиши, ҳақ ундирилмаслиги ва ҳ.к. – инобатга олинмайди. Бунда шундай фикр юритилади: модомики корхона ўз юкларини ташишда транспорт чиқимларини маҳсулот (хизматлар) нархига киритаётган экан – демак, буни тижорат асосида амалга оширади ва лицензияга эга бўлиши керак. Шу билан бирга, ўз ходимларини ташишда, гарчи ушбу харажатлар ҳам реализация қийматидан компенсацияланса ҳам, Агентликнинг фикрича, йўловчиларни ташишга лицензия олиш талаб этилмайди...

Олиб бориб бериш билан боғлиқ муаммо тадбиркорларнинг Ўзбекистон Савдо-саноат палатасига кўп бор мурожаат қилишларига сабабчи бўлди, Палата қонун ҳужжатларини такомиллаштириш юзасидан таклифлар тайёрламоқда. Хусусан, қуйидаги ҳолларда ташишда лицензия олиш талаб этилмаслигини аниқ кўрсатиш таклиф этилмоқда:

● ўзининг ёки ижарага олинган транспорт воситасида шахсий юкларини ўз манзилига;

● харидорларга сотилган товарларни алоҳида ҳақ ундирмай, башарти сотувчи шартномада шартлашилган жойда топширганда харидорда товарга мулк ҳуқуқи юзага келганда.

 

Ушбу ўзгартиришлар қабул қилингунга қадар корхона қандай йўл тутмоғи лозим?

Биринчидан, шартномаларни тўғри тузиши керак. Товарни олиб бориб бериш (олди-сотди) шартномаси шартларида етказиб берувчи (сотувчи) товарни харидор кўрсатган жойга алоҳида ҳақ ундирмасдан олиб бориб бериш мажбуриятини зиммасига олишини албатта кўрсатиш керак. Шунингдек қуйидагиларни ҳам қайд этиш ортиқчалик қилмайди:

► харидорда товарга мулк ҳуқуқи товар олиб бориб берилган жойда унга топширилган пайтдан бошлаб вужудга келади. Бу жойни аниқ кўрсатиш мақсадга мувофиқ. Масалан, «Тошкент ш., Таллимаржон кўч., 3А, 2-сон омбор бўлими»;

► харидор товарни юқорида кўрсатилган манзилда олади ва қабул қилади;

► етказиб бериш шартлари – шартномада кўрсатилган жойгача етказиб берувчининг транспортида олиб бориб бериш;

► шахсини тасдиқловчи ҳужжатларга (паспортга) ва товар етказиб берилишига мувофиқ келадиган миқдордаги ва суммадаги товарни етказиб берувчидан олиш учун расмийлаштирилган ишончномага эга бўлган харидорнинг ваколатли шахси товарни кўрсатилган жойда қабул қилиб олади.

Иккинчидан, тадбиркорлик фаолияти субъектларининг давлат органлари, шу жумладан, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат қилувчи органлар билан ўзаро муносабатларида тадбиркорлик фаолияти субъекти ҳуқуқларининг устуворлиги принципи амал қилишидан келиб чиқиш мумкин. Унга мувофиқ: «Қонун ҳужжатларида тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ ҳолда юзага келадиган барча бартараф этиб бўлмайдиган зиддиятлар ва ноаниқликлар тадбиркорлик фаолияти субъектининг фойдасига талқин этилади» («Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида»ги Қонуннинг 11-моддаси). Тадбиркорлик фаолияти субъектининг ҳуқуқлари устуворлиги принципига таяниб, товарларни лицензиясиз ўз транспортида олиб бориб беришда давом этиш мумкин.

Бироқ, шу билан бирга, назорат қилувчи органлар олиб бориб бериш билан боғлиқ вазиятни «бартараф этиб бўлмайдиган зиддиятлар ва ноаниқликлар» натижаси деб тан олмасликлари хатари мавжуд. Шу сабабли, агар корхона таваккал қилишни истамаса, юк ташишга лицензия олиши зарур. У қимматга тушмайди – ЭКИҲнинг 1 бараварини ташкил этади. Аммо лицензия талабларини бажариш осон эмас. Чунончи, корхонада транспорт бўлинмаси ташкил этилган бўлиши лозим, унинг раҳбарига муайян малакавий талаблар қўйилади. Улар орасида – автомобиль йўналишида олий касбий маълумоти тўғрисида диплом, 5 йилдан кам бўлмаган иш стажи ва Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлигида аттестациядан ўтганлик тўғрисида ижобий хулосанинг мавжудлиги (АВ томонидан 5.10.2006 йилда 1626-сон билан рўйхатдан ўтказилган Низом). Бошқа лицензия талаблари ҳам бор (ВМнинг 14.02.2006 йилдаги 138-сон қарори билан тасдиқланган Низом).

Лицензияни расмийлаштириш ёки расмийлаштирмаслик масаласини корхона раҳбари ҳал этади. Лицензиясиз ишлаш хатари ва уни олишга сарфланадиган чиқимларни таққослаб кўриши учун унга амалдаги қонун ҳужжатлари ва ҳуқуқни қўллаш амалиёти ҳақида гапириб беринг.

Харидорга товарни бехатар олиб бориб беришнинг яна бир варианти бор. Юк ташишга лицензияси бор автотранспорт ташкилоти билан шартнома тузинг. Бу ечимнинг ягона салбий томони – олиб бориб беришга харажатларингиз ошади.

 

Олиб бориб бериш – солиқ солиш объекти эмас

Тошкент шаҳар ДСБ мутахассисларининг фикрича, агар ишлаб чиқарилган маҳсулот олиб бориб берилганлиги учун ҳақ ундирилмаса, у текин хизмат сифатида солиқ солиш объекти ҳисобланади. Харидор бозордаги нархларга асосланиб даромадни аниқлаши ва уни бошқа даромад сифатида солиқ солинадиган базага киритиши шарт (Солиқ кодексининг 132-моддаси 4-банди, 135-моддаси).

Ушбу мантиққа кўра «бепул» олиб бориб беришдан солиқларни товарни харидорга олиб бориб бериш шарти билан реализация қиладиган етказиб берувчи (сотувчи) ҳам тўлаши керак. Хизматларни бепул кўрсатиш ҚҚС солинадиган реализация қилиш обороти (Солиқ кодексининг 199-моддаси), фойда солиғи (Солиқ кодексининг 130-моддаси) ва ЯСТ (Солиқ кодексининг 355-моддаси) солинадиган объект деб тан олинади.

Ишлаб чиқариш ёки савдо корхонаси маҳсулотни (товарларни) олиб бориб беришининг алоҳида фаолият тури сифатида талқин қилиниши ушбу хулосаларга асос бўлган. Бу Фуқаролик кодексига зидлигини юқорида кўрсатдик. Бу ерда эса бундай ёндашувнинг ҳуқуққа зидлигидан гувоҳлик берувчи қўшимча далилларни келтирамиз.

Давлат статистика қўмитаси Иқтисодий фаолият турлари умумдавлат таснифлагичига (ИФУТ) ўтишни амалга оширди. 2017 йил 1 январдан бошлаб корхонанинг кичик бизнесга мансублиги унинг асосида аниқланади (ВМнинг 24.08.2016 йилдаги 275-сон қарори).

Битта ва кўп соҳада фаолият юритувчи хўжалик юритувчи субъектлар иқтисодий фаоллигининг барча турлари ИФУТда таснифлаш объектлари ҳисобланади. Бунда фаолиятнинг барча турлари тўғри таснифланишигина эмас, балки ҳар бирининг аҳамияти аниқ белгиланиши ҳам муҳим.

Шу мақсадда Таснифлагични қўллаш қоидаларида фаолиятнинг асосий, иккинчи даражали ва ёрдамчи турлари ажратилган (ИФУТга Киришнинг 4-бўлими). Агар иқтисодий бирликнинг қўшилган қиймати ҳажмидаги улуши энг кўп бўлса, фаолият тури асосий ҳисобланади. Учинчи томонларга етказиб беришга яроқли товарлар ёки хизматларни ишлаб чиқарувчи мазкур бирлик иқтисодий фаолиятининг исталган бошқа тури иккинчи даражали ҳисобланади.

Одатда, иқтисодий фаолиятнинг асосий ва иккинчи даражали турлари иқтисодий фаолиятнинг муайян сондаги ёрдамчи турлари орқали амалга оширилади. Улар қуйидаги шартларга мувофиқ келиши керак:

● уларни амалга ошириш натижасида ишлаб чиқарилган товарлар ва тақдим этиладиган хизматлар бозорда сотилмаслиги лозим;

● бошланғич материаллар бирлик харажатларининг бир қисмини ташкил этиши шарт;

● мазкур бирликнинг пировард маҳсулоти таркибига кирмайдиган хизматлар кўрсатилиши, истисноли ҳолларда оралиқ товарлар ишлаб чиқарилиши керак;

● ўз туси ва ҳажмига кўра бундай ишлаб чиқариш бирликлари фаолиятига айнан ўхшаш бўлиши лозим.

Таснифлагични қўллаш қоидалари бухгалтерия ҳисоби, товарларни ташиш, сақлаш, сотиб олиш, сотиш, илгари суриш, таъмирлаш ва техник хизмат кўрсатиш ва бошқа фаолият турлари сингари ёрдамчи фаолият турларига киритилади. Асосий фаолият турини аниқлашда бирликнинг ёрдамчи фаолият турлари кўриб чиқилмаслиги алоҳида кўрсатилган (ИФУТга Киришнинг 4.3, 4.4-бандлари).

 

Солиқчилар маҳсулотни (товарни) истеъмолчига олиб бориб беришни солиқ солинадиган алоҳида фаолият тури деб қарамасликлари учун ишлаб чиқариш (савдо) корхонаси қандай шартларни бажариши зарур?

1. Олиб бориб бериш (ташиш) на асосий, на иккинчи даражали фаолият тури бўлмаслиги керак. Қуйидаги ҳолларда ушбу шарт бажарилади:

► корхонага берилган ИФУТ кодлари орасида 49.4-«Автомобиль транспортида юк ташиш» гуруҳидаги кодлар бўлмаса;

► у ташиш шартномасига кўра эмас, балки етказиб бериш ёки олди-сотди шартномалари доирасида амалга оширилса;

► олиб бориб беришга хизматлар кўрсатилганлиги тўғрисида алоҳида далолатнома, ҳисобварақ-фактура ва ҳ.к. расмийлаштирилмаса.

 

2. Олиб бориб берганлик учун алоҳида ҳақ ундириб бўлмайди. Ҳақ олинганда олиб бориб бериш алоҳида фаолият тури ҳисобланишини, лицензия олиш ва солиқ солиш кераклигини англатади. Олиб бориб бериш маҳсулот етказиб берувчига ёки товарни сотувчига зарар келтиришини англатадими? Йўқ, албатта. Барча харажатлар реализация қилиш харажатларига киритилади (ВМнинг 5.02.1999 йилдаги 54-сон қарори билан тасдиқланган Низомнинг 2.1-банди). Улар чиқимлар сифатида нархга киритилади ва уларни харидор компенсациялайди.

 

3. Олиб бориб бериш харажатлари бухгалтерия ҳисобида 54-сон Низом ва БҲМСга мувофиқ расмийлаштирилиши керак. Бунда олиб бориб бериш асосий ёки иккинчи даражали иқтисодий фаолликнинг қандай турига нисбатан ёрдамчи фаолият ҳисобланишини инобатга олиш муҳим.

Чунончи, агар тайёр маҳсулотни ишлаб чиқариш корхонаси олиб бориб берса, барча харажатлар ­2310-«Ёрдамчи ишлаб чиқариш» счёти дебетида жамланади ва ­9410-«Сотиш харажатлари» счётига ҳисобдан чиқарилади.

Товарни савдо корхонаси олиб бориб берганда барча харажатлар (ёқилғи, ҳайдовчилар меҳнатига ҳақ тўлаш ва ҳ.к.) 9410-счёт дебети бўйича ҳисобдан чиқарилади.

Ана шу шартларга риоя этилса, «бепул» олиб бориб беришга, масалан, самолёт бортида ёки юқори тезликдаги «Афросиёб» электр поездида йўловчининг овқатланишига айнан ўхшаш ёрдамчи иқтисодий фаолият сифатида қаралади. «Бепул» хизмат сифатида бундай овқатланишга алоҳида солиқ солиш фикри ҳеч кимга келмаса керак...

Энди сотиб олган маҳсулоти (товари) «бепул» олиб келиб берилган харидорга келсак. Эҳтимол, унинг ҳам бепул олинган хизмат ҳақида сўз бормаётганлигини солиқчиларга исботлаб беришига тўғри келар. Бунда қуйидаги далилларни келтириш мумкин:

● етказиб берувчи (сотувчи) билан юкни ташиш тўғрисида эмас, балки етказиб бериш (олди-сотди) шартномаси тузилган;

● етказиб берувчи (сотувчи) шахсий юкини ташийди. У олиб бориб берилган ва топширилгандан кейин харидор мулкига ўтади;

● олиб бориб бериш сотувчининг ёрдамчи фаолияти ҳисобланади, унга ишлаб чиқариш (савдо) фаолиятидан алоҳида қараб бўлмайди;

● ёрдамчи фаолият сифатидаги олиб бориб бериш қиймати сотиб олинган маҳсулот нархида тўланган. Унинг қиймати ажратиб кўрсатилмаганлиги текинга тушганлигини англатмайди. 

Прочитано: 2411 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика