Norma.uz
СБХ / 2017 йил / № 19 / 9 май – Хотира ва қадрлаш куни

Номингиз ўчмагай...

 

Сурхондарё вилояти гўзал Ватанимизнинг энг жанубида жойлашганбир қатор давлатлар билан чегарадош. 1990-йилларда қўшни давлатлардаги мураккаб вазият туфайли чегараларимизда божхона назорати кучайтирилди. Гиёҳванд моддалар ва қурол-яроғлар контрабандасига, божхона қонунбузилишига қарши кескин кураш олиб борилди. Ана шундай курашларда божхона хизматининг 11 нафар жасур ўғлони Ватан сарҳадлари ҳимоясида қаҳрамонларча ҳалок бўлди.

 

Равшан Қодиров 1993 йилнинг сентябрида Термиз божхонаси хизматига қабул қилинади ва оиласи билан Самарқанддан Сурхон воҳасига кўчиб келади. – Очиқ чеҳрали, жиддий Равшан жамоамизга маъқул тушди. Хизмат давридаги тавсифномаси ижобий, бунинг устига мукофотланган. Ишга қабул қилишга қарор қилдик, – дея эслайди бошқарманинг ўша вақтдаги кадрлар бўлими бошлиғи Бўри Каримов.

...1994 йилнинг 3 февраль куни Равшан иш кунини одатдагидек – қўшни мамлакат чегара ҳудудидан ўтаётган транспорт воситаларини тўхтатиш, ундаги юкларни, тегишли ҳужжатларни текшириш билан бошлади. Навбатдаги «ЗИЛ» тўхтатилганда, унга бензин юклангани маълум бўлади. Божхоначилар ҳужжатларни кўрсатишни сўрайдилар.

– Ҳужжатлар мендамас, ортимдан яна бир машина келяпти, ҳужжатлар ана ўша ерда, – деб жавоб беради ҳайдовчи.

Айтилган машина келди, аммо божхоначилар кутган йўналишдан эмас, балки қўшни мамлакат ҳудудидан кириб келди.

– Нима гап? – деб сўради машинадан тушаётиб нотаниш кимса.

– Ҳужжатларим йўқлиги учун «ушлаб» туришибди, – дея жавоб беради ҳайдовчи.

– Бўлмаса бўлмапти-да, ҳужжатларсиз ҳам кетаверамиз, ҳайда! – дея бақиради нотаниш кимса буйруқ оҳангида.

– Ҳужжатсиз ҳайдамайсиз! – дейди божхоначилардан бири.  Ҳайдовчи вақтни бой бермай, машинани ўт олдиради. «ЗИЛ»ни тўхтатиш учун Равшан ўзини машина кабинасига отади. Жиноятчилар унга қарата ўқ узиб, божхоначининг умрига завол бўладилар...

Ўзбекистон Президентининг 1995 йил 30 августдаги Фармонига асосан ҳарбий бурчини бажариш, республикада миллий хавфсизликни таъминлаш ва жамоат тартибини муҳофаза қилиш чоғида жасурлик ва матонат кўрсатганлиги учун Сурхондарё вилояти божхона бошқармаси кичик инспектори Равшан Қодиров вафотидан сўнг «Жасорат» медали билан ҳамда «Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларига 25 йил» кўкрак нишони билан тақдирланган.

 

* * *

1988-1990 йилларда Қуролли Кучлар сафида ҳарбий хизматни ўтаб қайтган Ботир Давлатов Ватанининг иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилишга аҳд қилди.

У божхона тизимидаги хизмат фаолиятини 1993 йилда республикамизнинг чегара ҳудудида жойлашган ўша даврда фаолият юритган «Оқтош» божхона постида кичик инспектор лавозимидан бошлаган.  Иш фаолияти давомида у Сурхондарё вилоятининг қатор божхона масканларида хизмат қилди. Аммо тақдир қисматини қарангки, у айнан ўз фаолиятини бошлаган «Оқтош» божхона масканига 1998 йилнинг 17 февраль куни жиноятчилар томонидан уюштирилган ҳужумда вафот этди.  Президентнинг 1998 йил 27 августдаги Фармонига асосан республикада миллий хавфсизлик ва ҳуқуқ-тартиботни таъминлаш, жамоат тартибини муҳофаза қилиш ҳамда ҳарбий бурчини бажариш вақтида жасурлик ва матонат кўрсатганлиги учун Ботир Давлатов вафотидан сўнг «Жасорат» медали, шунингдек, «Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларига 10 йил» эсдалик нишони ҳамда «Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларига 25 йил» кўкрак нишони билан тақдирланган.

Асли Сурхондарё вилоятининг Шеробод туманидан бўлган Ботир Давлатовнинг хотирасини абадийлаштириш мақсадида туман ҳокимияти ташаббуси билан Шеробод туманидаги кўчаларнинг бирига унинг номи берилган.

 

* * *

Тўхтамиш Холлиев 1981 йилда ўша даврда фаолият юритган «Какайди» божхона постининг кўрик ходими лавозимига ишга қабул қилинган. Мазкур постда Афғонистондан келган ҳарбий самолётлар божхона назоратидан ўтказилган. Қаҳрамонимиз ўз хизмати давомида Сурхондарё вилояти божхона бошқармасида, «Аму-Занг», «Айритом», «Термиз» ва «Болдир» темир йўл божхона постларида, «Жарқўрғон» ТИФ постида ва «Сариосиё» божхона комплексида ишлаган.

1999 йилнинг 27 апрель куни Тўхтамиш Холлиев касбдошлари билан бирга хизматни ўтаётган вақтида айланма йўллар орқали қўшни давлатдан юртимизга кириб келаётган автотранспорт воситаси тўхтатилади. Унда контрабанда билан шуғулланувчи жиноятчилар бўлган. Божхоначиларни кўрган жиноятчилар жавобгарликдан қутулиб қолиш учун божхона ходимларининг ҳаётига тажовуз қилиб, уларга тан жароҳати етказиб қочишга уринганлар. Оғир жароҳатлар оқибатида Тўхтамиш Холлиев ҳалок бўлган.

Президентнинг 1999 йил 25 августдаги Фармонига асосан мустақил Ватанимизни ҳимоя қилишда кўрсатган фидойилиги ва мардлиги учун катта инспектор Тўхтамиш Холлиев вафотидан сўнг 2-даражали «Шон-шараф» ордени, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг 10 йиллиги, 15 йиллиги ҳамда 25 йиллигига аталган кўкрак нишонлари билан тақдирланган.

 

Гавҳар МАҲМУДХОНОВА,

Сурхондарё вилояти Божхона бошқармаси Ахборот хизмати.

 

* * *

Миллий божхона тизими тарихида ўчмас из қолдирган, мустақил Ватанимизнинг иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш ва хавфсизлигини таъминлаш йўлида фидокорлик кўрсатган божхона ходимларидан бири Қўлдошбой Рўзибоев бўлади.

 

Ўзбекистон Республикаси божхона органларидаги хизмат фаолиятини 1992 йилда бошлаган қаҳрамонимиз вилоятдаги божхона постларида кичик инспектор, инспектор ва катта инспектор лавозимларида хизмат қилди. Қисқа фурсатда виждонли ва масъулиятли ходим сифатида ҳамкасблари орасида ҳурмат қозонди. Аммо унинг божхона органларидаги хизмат фаолияти узоққа чўзилмади. 1998 йил 12 июнга ўтар кечаси хизмат вазифасини бажариш вақтида «Шўрсув» божхона постига уюштирилган қуролли ҳужум пайтида Қўлдошбой Рўзибоев оғир яраланди ва олинган жароҳатлар туфайли ҳалок бўлди.

Фарғона вилояти божхона хизматида бўлган даврида миллий манфаатларимизни ҳимоя қилиш ва тинчликни таъминлаш, барқарорлик ва жамоат тартибини мустаҳкамлаш борасидаги хизмат бурчини бажариш чоғида мардлик, жасорат ва фидойилик кўрсатгани учун Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1998 йил 27 августдаги ПФ-2071-сон Фармонига асосан «Жасорат» медали билан мукофотланди.

Қўлдошбой Рўзибоевнинг фарзанди Жаҳонгир ҳам отаси изидан бориб, унинг шарафли ишини давом эттиришни ўз олдига мақсад қилиб қўйган эди. Шу боис у имтиёзли равишда Олий ҳарбий божхона институтига қабул қилинди. 2010 йилдан бошлаб, ҳозирда божхона соҳасида самарали хизмат қилиб келмоқда.

Касбдошлари қаҳрамонимизни ўта оқкўнгил ва куюнчак инсон сифатида хотирлайдилар. Унинг порлоқ хотираси қалбларимизда бардавом яшайди.

Фарғона вилояти божхона бошқармаси Ахборот хизмати.

Прочитано: 1690 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика