Кармана туманидаги «Деҳқон» маҳалласида яшовчи Мардоновлар оиласида ҳар йили 9 майда қўшалоқ байрам бўлади – Хотира ва қадрлаш куни ҳамда таваллуд куни байрами. Жорий йилда Иккинчи жаҳон уруши фахрийси Қодир бобо Мардонов 92 ёшга тўлади.
Шонли сана арафасида оқсоқол ўз маҳалласидаги 2-мактабда бўлди, ўқувчилар билан учрашди, уларга ўз хотираларини сўзлаб берди. Оқсоқол билан унинг уйида учрашдим. Илиқ кутиб олган отахон мени уйига киришга таклиф қилди ва каминага дастурхон ёзишни айтди. Оворагарчиликнинг ҳожати йўқлиги хусусидаги сўзларимга у кескин эътироз билдирди:
– Ўзбек халқи азалдан меҳмондўст халқ. Ҳатто душман босиб олган ва фронт атрофидаги ҳудудлардан минг-минглаб етим болалар, аёллар ва қариялар Ўзбекистонга кўчирилганда ҳам бағрикенг деҳқонлар, ҳунармандлар, оддий кишилар уларга бошпана беришган, бор нарсаларини баҳам кўришган. Мақолда айтилганидек, бир майизни қирқ киши бўлиб еган. Меҳнатсеварлик ва сабр-тоқат ҳаммага суронли даврнинг қийинчиликларини биргаликда енгишга ёрдам берган.
Мен оқсоқолнинг сўзларига қулоқ тутдим. Мезбон ёғоч каравотга жойлашгач, бир лаҳза ўйга толди, оғир нафас олгач, ўз ҳикоясини бошлади:
– Шу ерда, Карманада туғилганман. Беш ака-ука эдик. Катта акамни 1939 йилдаёқ муддатли хизматга чақиришган. Бир йилдан кейин Финляндия билан уруш бошлангач, у олдинги маррага юборилган, ўша ерда бедарак кетган. Рўзғор ишлари менинг зиммамга тушди. Кўп ўтмай инсоният тарихидаги энг қонли уруш бошланди. Урушнинг номи ўчсин! Тўққизинчи синфни битирмасдан фронтга кўнгилли бўлиб кетдим. Ўқиш учун ҳарбий билим юртига юборишди. Аввал Туркманистоннинг Байрамали шаҳрида ярим йил снайперлик кўникмаларини эгалладим, кейин яна уч ой Иваново вилоятида танк билим юртида тайёргарлик кўрдим. 1943 йил ўртасида урушнинг энг қизғин жойига ташлашди.
Шу орада отанинг келини дастурхонга ширинликлар қўйди, хушбўй кўк чой олиб келди. Қодир бобо пиёладаги хушбўй чойни ҳўплади. Осмонга қараб, олисларга кўз тикди. Фахрийнинг ажинли ёноқларидан кўз ёши сирғалиб тушди. Оқсоқол гўё ўша кунларни хотирасида қайта жойлантираётган эди.
Оқсоқол бошини қимирлатди ва сўзида давом этди:
– Ҳужумга ҳар доим биринчи бўлиб биз – танкчилар борардик, кейин – пиёдалар. Бизнинг вазифамиз душман мудофаасини ёриб ўтишдан иборат эди. Танкка снаряд тегиб, у ёнган пайтлар бўлиб турарди. Шунда қўл жангига киришардик. Фашистларнинг кучлари устун келган пайтларда овқат ва уйқуни ҳам унутиб, ўзимизникилар ёрдамга етиб келмагунча мудофаани ушлаб турардик.
Ленинград вилоятининг шаҳар ва қишлоқларини озод қилиш жангларида қатнашдим. 1944 йилда дивизиямиз Болтиқбўйи фронти таркибида Латвия, Литва ва Эстонияни озод қилди.
Германиянинг чегараларига етиб келганда, 1944 йил 25 июлда оғир жароҳат олдим. Госпиталга тушдим. Бир неча кун шифокорлар ҳаётим учун курашдилар. Омадим келди, яшаб қолдим. Саккиз ой даволандим, кейин биринчи гуруҳ ногиронлигига чиқаришди.
Жангчилар сафига қайта олишмаганидан афсусланган Қодир бобо уйга қайтади. Туғилган куни – 1945 йил 9 майда Ғалаба ҳақида қувончли янгиликни эшитди. Бироқ кўп ўтмай қайғули хабарни ҳам эшитишга тўғри келди. У билан урушга бирга кетган 12 ҳамқишлоғидан уйга фақат угина қайтган эди.
Урушдан кейин уруш фахрийси алоқачи-радист касбини эгаллади ва маҳаллий телефон алоқа узелининг туман бўлимига ишга кирди. Бу ерда у 51 йил ишлади. Янги шаҳар – Навоий телефонлаштириш ва радиолаштиришда иштирок этган уруш ва меҳнат фахрийси Қодир бобо Мардонов 2004 йилдагина нафақага чиқди.
Ўз вақтида у халқ депутатлари туман ва вилоят кенгашлари депутати, жамоат судьяси ва касаба уюшмаси қўмитаси раиси бўлган.
2005 йилда у РФ ҳукуматининг таклифига кўра Ғалабанинг 60 йиллигини байрам қилиш учун Москвага бориб келди.
У фашизм устидан қозонилган ғалабага қўшган ҳиссаси учун олинган медаль, Ўзбекистон мустақиллик йилларида олинган Иккинчи жаҳон урушидаги ғалабанинг 50, 60, 65, 70 йиллиги шарафига юбилей нишонларини жуда қадрлайди.
Қодир бобо катта оила соҳиби: ўғиллари Одил ва Илҳом, қизлари Насиба, Раъно, Зебо, 16 набира ва 8 эвараси доимо унинг қуршовида. Ҳар йили 9 майда уларнинг ҳаммаси фахрийнинг уйида йиғилиб, уни юракдан қутлайдилар ва узоқ умр тилайдилар.
Амир МАҲМУДОВ,
махсус мухбиримиз.
Навоий шаҳри.