Ўғлим, коллежнинг 1-курс ўқувчиси кўп касал бўлади. Машғулотларни ўтказиб юбораётганида коллежга бориб, касаллиги туфайли келмаслиги ҳақида ариза ёзаман. Шундай бўлса-да, у «4» ва «5» баҳоларга ўқийди. Яқинда қаттиқ шамоллаб қолди, унга поликлиникада 21 февралдан касаллик варақаси очиб, фақат 25 февралда қабулга келишини айтдилар. У касал бўлиб қолгани, маълумотномани 25 февралдан кейин тақдим этишим ҳақида коллежда ариза ёздим. Бироқ директор ўринбосарининг айтишича, агар яна бир марта ўқишни қолдирса, ўғлимни академик таътилга жўнатишар эмиш.
Коллежнинг 1-курс ўқувчисини узрли сабабга кўра машғулотларга келмагани учун академик таътилга чиқаришлари мумкинми?
Е.Ким.
– Академик таътил берилиши учун қуйидаги ҳужжатлар бўлиши зарур:
1) сурункали касаллиги сабабли 1 ойдан ортиқ вақт давомида дарсларга қатнаша олмаган ўқувчининг ота-онаси (ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар) томонидан ёзилган ариза (АВ томонидан 17.01.2013 йилда 2413-сон билан рўйхатдан ўтказилган Низомнинг 4-банди);
2) ўқувчи доимий тиббий назоратда турган тиббиёт муассасаси комиссиясининг хулосаси (Низомнинг 3-банди).
Кўрсатилган ҳужжатларсиз академик таътилни расмийлаштириш ноқонуний ҳисобланади.
Бундан ташқари, саломатлигини тиклаш мақсадида ўқувчига Таълим муассасалари ўқувчиларига тиббий кўрсатмалар бўйича академик таътил беришга оид касалликлар рўйхатига мувофиқ академик таътил берилади (Низомнинг 5-банди).
Шунга эътибор қаратамизки, саломатлиги туфайли (тиббий комиссия хулосаси асосида) академик таътилнинг расмийлаштирилиши ўқувчининг ўқишдан четлаштирилишига асос бўлиши ҳам мумкин (Низомнинг 18-банди, ВМнинг 29.12.2012 йилдаги 367-сон қарорига 1-илова).
Жўрабек Муротов, «Norma Оnline» эксперти.