Мен корхонада ҳайдовчи бўлиб ишлайман. Шахсий фойдаланишим учун автомобиль сотиб олмоқчиман. Автокредитдан фойдаланиш мумкинлигидан хабарим бор. Раҳбарият машинани лизингга олишни таклиф қиляпти. Кредит билан лизингнинг фарқи нимада?
Л.Курамов.
– Ҳақиқатан ҳам, автомобиль харид қилиш учун Ўзбекистон банкларидан бирига ёки автокредит берувчи ихтисослашган ташкилотларга мурожаат этишингиз мумкин. Кредитга сотиб олганда номингизга расмийлаштирилган автомобилни оласиз ҳамда муайян вақт давомида харид қиймати ва банк хизматларидан фойдаланганлик учун фоизларни тўлайсиз.
Автозаём олиш учун кредитга буюртма берасиз, унга паспорт нусхаси, шунингдек: иш жойидан – иш ҳақи тўғрисида, солиқ идорасидан – қарзингиз йўқлиги тўғрисида ва яшаш жойингиздан – оилангиз таркиби тўғрисида маълумотномаларни илова қиласиз. Бундан ташқари, сиздан кредитни таъминлашга доир ҳужжатлар ва автосалон билан контрактни талаб қилишлари мумкин.
Буюртма маъқулланганда кредит битими ва автомобилнинг гаров шартномаси тузилади. Бунинг устига банк кафил (одатда юридик шахс) ёки ссуда бўйича бошқа қўшимча кафолатлар, улар шу жумладан бошқа банкларда очилган депозитлар бўлиши ҳам мумкин, албатта мавжуд бўлишини талаб этишга ҳақли.
Лизингнинг кредитдан фарқи шундаки, автомобиль харид учун пул ажратган ташкилот номига расмийлаштирилади. Бутун кредитни тўлаб, транспортга эгалик қилиш ҳуқуқини қўлга киритасиз.
Алла Ромашко, мухбиримиз.