Корхонамизнинг штатлар жадвалида кассир ва кадрлар бўйича инспектор лавозимлари назарда тутилмаган. Бош бухгалтер ўринбосарига юкхатлар, ҳисобварақ-фактуралар, солиштириш далолатномаларини имзолаш ҳуқуқи берилган.
Бош бухгалтер ўринбосари зиммасига штатлар жадвалида назарда тутилмаган кассир ва кадрлар бўйича инспектор лавозимлари мажбуриятларини юкласа бўладими?
Т.Хмирова.
– Амалдаги Юридик шахслар томонидан касса операцияларини амалга ошириш қоидаларида (АВ томонидан 22.06.2015 йилда 2687-сон билан рўйхатдан ўтказилган) бухгалтерлар ва касса ҳужжатларини имзолаш ҳуқуқидан фойдаланувчи бошқа ходимларнинг кассир мажбуриятларини бажаришини тақиқловчи норма мавжуд эмас. Аксинча, Қоидаларда кўрсатилишича, штатлар жадвалида кассир штат бирлиги назарда тутилмаган ташкилотларда касса операцияларини бажариш вазифаси бирорта ходим(лар) зиммасига ташкилот раҳбарининг буйруғи (қарори) асосида юклатилиши мумкин (Қоидаларнинг 41-банди).
Мазкур Қоидалар банклар, микрокредит ташкилотлари ва ломбардлар ҳамда «Ўзбекистон почтаси» АЖга нисбатан татбиқ этилмайди (Қоидаларнинг 1-банди).
Кадрлар бўйича инспектор лавозимининг йўқлигига келсак.
Ходим меҳнат шартномасида белгиланган ўзининг асосий иши билан бир қаторда ички меҳнат тартиби қоидалари билан белгиланган ўзининг асосий ишидан озод этилмаган ҳолда бошқа касб ва лавозимда қўшимча ишларни бажариши ҳамда вақтинчалик йўқ бўлган ходимнинг ишларини бажариши бир неча касбда ва лавозимда ишлаш деб эътироф этилади.
Бунда иш берувчи ходим билан қўшимча ишни бажарадиган муддат, унинг мазмуни ва ҳажмини келишиши ҳамда бир неча касбда (лавозимда) ишлаганлик учун қўшимча ҳақ тўлаши шарт. Бундай қўшимча ишни бажарганлик учун қўшимча ҳақ миқдори томонларнинг келишуви бўйича меҳнат шартномасида белгиланади. Бюджет ташкилотларида қўшимча ҳақ тўлаш миқдори ишланаётган лавозим ва касб бўйича маошнинг 30%идан ортиқ бўлиши мумкин эмас, бошқа ташкилотларда – томонларнинг келишуви бўйича белгиланади.
Иш берувчи томонларнинг келишуви асосида бир неча лавозимда ишлаш тартибида мажбуриятларни юклаш ҳақида буйруқ чиқаради.
Қуйидаги ходимлар тоифалари учун бир неча касбда ва лавозимда ишлашга, хизмат кўрсатиш зонасини кенгайтиришга, ишлар ҳажмини кўпайтиришга йўл қўйилмайди:
- давлат бошқаруви органлари ходимлари (техник ва хизмат кўрсатувчи ходимлардан ташқари);
- давлат бошқаруви органлари ҳисобланмайдиган бюджет ташкилотларининг раҳбарлари, уларнинг ўринбосарлари, шунингдек ушбу ташкилотлар таркибий бўлинмаларининг раҳбарлари ва уларнинг ўринбосарлари, қонун ҳужжатларида белгиланган ҳолатлар бундан мустасно (ВМнинг 18.10.2012 йилдаги 297-сон қарори билан тасдиқланган Низом).
Шу тариқа, агар корхонангиз давлат бошқаруви органи ёки бюджет ташкилоти ҳисобланмаса, бош бухгалтер ўринбосари ўз ишини ва кадрлар бўйича инспектор ишини бирга бажариши мумкин. Бюджет ташкилотида буни Молия вазирлиги ва Меҳнат вазирлиги билан келишиш зарур бўлади.
Абдусалом Рисқуллаев,
«Norma Online» етакчи эксперти.