DAP-Москва шартларида Тошкентдан экспорт режимида олиб чиқилаётган товарнинг божхона ва статистика қийматини қандай аниқлаш мумкин?
Декларант.
– Олиб чиқиладиган товарнинг божхона қийматини аниқлаш тартиби, олиб чиқиладиган товарга доир битимнинг нархига киритиладиган харажатлар, шунингдек ундан чиқариб ташланадиган тўловлар ва харажатлар Божхона кодексининг 315, 316, 317-моддаларида ҳамда Ўзбекистон Республикасининг божхона ҳудудидан олиб чиқиладиган товарларнинг божхона қийматини белгилаш ва декларациялаш тартиби тўғрисидаги низомда (ВМнинг 19.09.2007 йилдаги 198-сон қарори билан тасдиқланган) кўрсатилган.
Олиб чиқилаётган товарнинг божхона қиймати товарни экспортга сотишда товар Ўзбекистон Республикасининг божхона чегараси орқали ўтказилаётган вақтда олиб чиқилаётган товар учун амалда тўланган ёки тўланиши керак бўлган нархдан келиб чиққан ҳолда белгиланади.
МИСОЛ. DAP-Москва шартларида олди-сотди шартномасига кўра ЎзРдан экспорт қилинаётган товар қиймати 10 175 АҚШ долларини ташкил этади. Унга Тошкентдан Москвагача ташиш қиймати – 2 000 АҚШ доллари, шу жумладан Тошкентдан Ўзбекистон божхона чегарасигача – 300 АҚШ доллари киритилган ва ҳужжатлар билан тасдиқланган.
Ташишнинг умумий қийматидан унинг 300 АҚШ долларидаги қисми товарни божхона ҳудудидан олиб чиқиладиган жойгача етказиб бериш харажатларига тўғри келади, БКнинг 316-моддасига мувофиқ у божхона қийматини аниқлашда битим нархига киритилади. Қолган қисми – 1 700 АҚШ доллари (2 000 – 300) товар божхона ҳудудидан олиб чиқилгандан кейин уни етказиб бериш харажатларини ташкил этади.
Товарнинг божхона қийматини аниқлаш учун олиб чиқиладиган товарга доир битимнинг нархидан товар божхона ҳудудидан олиб чиқилгандан кейинги уни етказиб бериш харажатлари чиқариб ташланади (БКнинг 317-моддаси 1-қисми 3-хатбошиси).
Шу тариқа, олиб чиқилаётган товарнинг экспортга сотишда унинг учун амалда тўланган ёки тўланиши керак бўлган битим нархидан келиб чиқиб белгиланган божхона қиймати 8 475 АҚШ долларини (10 175 – 1 700) ташкил этади.
Товарлар экспорт қилинаётганда БЮДнинг 46-устунида божхона қиймати асосида ҳисобланган ва математик қоидаларга кўра вергулдан сўнг 3 белгигача аниқликда яхлитланган товарларнинг статистик қиймати (минг АҚШ долларидаги) кўрсатилади. Бу ҳолда статистик қиймат 8,475 минг АҚШ долларига тенг бўлади (АВ томонидан 6.04.2016 йилда 2773-сон билан рўйхатдан ўтказилган Йўриқноманинг 22-банди).
Саволга жавобни Божхона брокерлари уюшмаси тайёрлаган.