Жисмоний шахснинг 3 ой аввал сотиб олинган мол-мулки (квартира, машина) қайта сотилганда қандай солиқ оқибатлари юзага келади? 20 000 минг сўмга сотиб олганман, 25 000 минг сўмга сотяпман?
С.Бистрова,
МЧЖ бухгалтери ёрдамчиси.
– Жисмоний шахсларнинг уларга хусусий мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлган мол-мулкни реализация қилишдан олинган даромадлари мулкий даромадларга киради (Солиқ кодексининг 176-моддаси) ва уларга суғурта бадаллари солинмайди (Солиқ кодексининг 306-моддаси), бироқ айрим ҳолларда ЖШДС солинади.
1 |
Кетма-кет келадиган 12 ойлик давр ичида 1 мартадан ортиқ бўлмаган битим тузилган тақдирда, квартирани (турар жойни) реализация қилишдан олинадиган даромадларга ЖШДС солинмайди. Яшаш учун мўлжалланган кўчмас мулк 12 ой давомида 1 мартадан ортиқ реализация қилинган тақдирда, солиқ солинадиган даромадлар турар жой фондининг барча объектлари реализация қилинишини ҳисобга олган ҳолда аниқланади (Солиқ кодексининг 179-моддаси 11-банди).
Бинобарин, агар охирги 12 ой давомида бошқа турар жойларни сотмаган бўлсангиз, квартирани реализация қилишда ЖШДС тўлаш мажбурияти юзага келмайди.
2 |
Квартирани реализация қилишдан олинган даромадларга, агар у нотурар жой сифатида расмийлаштирилган бўлса, олди-сотди битимлари сонидан қатъи назар, ЖШДС солинади. Нотурар жойни реализация қилишдан олинган даромадларга ЖШДС бўйича имтиёзлар татбиқ этилмайди (Солиқ кодексининг 179-моддаси 11-банди).
Имтиёзлар назарда тутилмаган мол-мулкни реализация қилишдан олинган даромадларга энг кам ставкада ЖШДС солинади (Солиқ кодексининг 181-моддаси). 2016 йил учун ЖШДСнинг энг кам ставкаси 7,5% миқдорида тасдиқланган (22.12.2015 йилдаги ПҚ-2455-сон қарорга 9-илова).
Квартирани реализация қилишдан олинган даромад мазкур мол-мулкни реализация қилиш суммасининг ҳужжатлар (сотиб олиш шартномаси) билан тасдиқланган уни олиш қийматидан ошган қисми сифатида аниқланади. Мол-мулкни олиш қийматини тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд бўлмаган тақдирда, мол-мулкни реализация қилиш қиймати, кўчмас мулк бўйича эса, инвентаризация қиймати ҳамда реализация қилиш нархи ўртасидаги фарқ даромад деб эътироф этилади (Солиқ кодексининг 176-моддаси 4-банди).
Сизнинг ҳолатда реализация қилинаётган жой нотурар жой бўлса, ЖШДС 375 минг сўмни ((25 000 – 20 000) х 7,5%) ташкил этади.
3 |
Шахсий автомобилларни реализация қилишдан олинган даромадларга, уларни реализация қилиш бўйича битимлар сони ва даврийлигидан қатъи назар, ЖШДС солинмайди (Солиқ кодексининг 179-моддаси 11-банди).
Шунга эътибор қаратингки, даромад олиш билан боғлиқ автомобилларнинг кўп сонли олди-сотди битимларига тадбиркорлик фаолияти сифатида қаралиши мумкин. Автомобилларнинг (янги импорт қилинганларидан ташқари) реализация қилиниши ноозиқ-овқат товарлари билан чакана савдо қилиш ҳисобланади ва Хусусий тадбиркорлар юридик шахс ташкил этмасдан шуғулланиши мумкин бўлган фаолият турлари рўйхатига (ВМнинг 7.01.2011 йилдаги 6-сон қарорига 1-илова) киради. Жисмоний шахслар якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтмай туриб ушбу Рўйхатга киритилган фаолият турларини амалга ошира олмайдилар.
Дарина АБУХОВИЧ,
«Norma Online» эксперти.