Norma.uz
СБХ / 2016 йил / № 51 / Бизнес-хатарлар

Мен сизни судга бераман!

Ёки бухгалтернинг жинояти ҳақида қаерга ва нега арз қилиш керак

 

Бухгалтерўта масъулиятли касб, зеро бозор иқтисодиётида пулдан кўра жиддийроқ масала йўқ. Ўзаро молиявий манфаат ҳатто рақибларни бирлаштиришга, моддий зиддиятлар эса дўстликка барҳам беришга қодир. Шу сабабли ташкилот раҳбариятида бухгалтер фаолияти юзасидан жиддий даъволар юзага келганда, улар эса одатда молия масаласи билан боғлиқ бўлади, вазиятни ҳал этиш учун ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари жалб этилиши мумкин. Ушбу материалда ўз бухгалтерининг ҳуқуққа зид хатти-ҳаракатлари устидан қандай ва қаерга шикоят қилиш, асосийси эса – буни қилиш ўринли ёки ўринсизлиги ҳақида сўз юритамиз.

 

Жиноят ҳақида арз қилиш мумкинми ёки зарурми?

Аввалига ташкилот раҳбарияти ўз бухгалтерининг жинояти ҳақида ариза билан ваколатли органларга мурожаат қилишга ҳақлими ёки бу унинг мажбуриятими деган саволга ойдинлик киритамиз. Жиноят-процессуал кодексининг 325-моддаси 2-қисмига мувофиқ, Жиноят кодексининг 167-«Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш», 170-«Алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан мулкий зарар етказиш», 172-«Мулкни қўриқлашга виждонсиз муносабатда бўлиш», 173-«Мулкни қасддан нобуд қилиш ёки унга зарар етказиш» моддаларида назарда тутилган ва устав фондида давлат улуши бўлмаган юридик шахсга нисбатан унинг ходими томонидан содир этилган жиноятлар тўғрисидаги жиноят ишлари фақат мазкур юридик шахс раҳбарининг, мулкдорининг ёки ваколатли бошқарув органининг аризасига кўра қўзғатилади.

Бунда ҳаммаси очиқ-ойдин қайд этилган ва бундай нозик масала ечими ташкилот хоҳишига боғлиқдек кўринади. Бироқ бу ерда кўзга кўринмас муаммолар мавжуд.

Биринчидан, кўпинча, битта жиноят, айтайлик, ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилишга (ЖКнинг 167-моддаси) йўл қўйган бухгалтер бошқа жиноятларни ҳам содир этади. Ҳужжатларни қалбакилаштириш ҳоллари жуда кўп учрайди.

 

МИСОЛ. Ишонувчан директор ўз бухгалтерига электрон рақамли имзо калитини топширди, шунингдек «Банк-мижоз» тизимига назоратсиз киришига имкон берди (амалиётда анча кенг тарқалган вазият). Бухгалтер ўзига ишониб топширилган ташкилот муҳри билан тасдиқланган сохта шартномалар асосида (директор имзоси қалбакилаштирилган) мавжуд бўлмаган товарлар, майда хизматлар ва ҳ.к. учун пулни оз-оздан мунтазам равишда қариндошига тегишли фирмалар ҳисобрақамларига ўтказган. Бу ҳолатда нафақат ЖКнинг 167-моддасида, балки 228-«Ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш» моддасида ҳам назарда тутилган жиноят содир этилган.

 

Бироқ ЖПКнинг 325-моддаси ­2-қисмидаги норма ЖКнинг 228-моддасига татбиқ этилмайди, бир нечта модда бузилганда нима қилиш кераклиги ҳақида эса қонунда ҳеч нима дейилмаган. Тегишинча, ҳар бир раҳбар бундай «йўл-йўлакай» жиноят ҳақида хабар бериши шарт.

Иккинчидан, ўзлаштириш ёки растрата қилиш йўли билан талон-торож қилиш жуда кўп миқдорда (ЭКИҲнинг 500 баравари ва ундан ортиқ), уюшган гуруҳ томонидан ёки унинг манфаатларини кўзлаб ёхуд компьютер техникаси воситаларидан фойдаланиб содир этилган бўлса (ЖКнинг 167-моддаси 3-қисми), 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади, яъни бу оғир жиноят саналади (ЖКнинг 15-моддаси). Бугунги кунда биронта ҳужжат қўлда ёзиш усулида тайёрланмай, ­компью­терда босилишини ҳисобга олсак, бунинг устига «Банк-мижоз» тизими кенг жорий этилиши натижасида қоғоздаги тўлов топшириқномаларига ўрин қолмаётганлиги сабабли ҳатто майда ўғирлик ҳам оғир жиноят деб баҳоланиши мумкин.

Буни қуйидаги сабабга кўра ҳисобга олиш муҳимдир. Гап шундаки, ЖКнинг 31 ва 241-моддаларида жиноятга дахлдорлик учун, айнан оғир ва ўта оғир жиноятларни олдиндан ваъда бермасдан яширганлик учун жавобгарлик назарда тутилган. Бунда жиноят қонунчилиги шундай хусусиятга эга – у фақат Жиноят кодексидан ташкил топган, яъни жиноий жавобгарликдан озод қилишга доир барча нормалар унинг ўзида бўлиши керак. Демак, ЖПКнинг ­325-моддаси 2-қисмида (бошқа Кодексда) назарда тутилган норма ЖКнинг 241-моддаси бўйича жиноий жавобгарликдан ҳеч кимни озод қила олмайди. ЖПКнинг 325-моддаси 2-қисмида ҳам жиноят иши фақат мазкур юридик шахс раҳбарининг, мулкдорининг ёки ваколатли бошқарув органининг аризасига кўра қўзғатилиши қайд этилган. Бироқ Кодекс матнида улар ушбу аризани бермасликка ҳақли эканлиги тўғридан-тўғри айтилмаган.

Хулоса – оғир ёки ўта оғир жиноятлар ҳақида албатта хабар бериш керак.

 

Ўзи учун қимматга тушмайдими?

Жиноятни тергов қилиш – хоҳласа – ариза бериб, хоҳласа – уни қайтиб оладиган ҳазил иш эмас. Жиноят иши очилгандан кейин уни шунчаки ёпиб бўлмайди. Собиқ бухгалтернинг муаммоси фақат унинг бош оғриғи дейиш мумкин, албатта. Бироқ бу билан иш битмайди.

2017 йил 1 январдан бошлаб тадбиркорлик субъектлари фаолиятини режадан ташқари текширишларнинг кўпгина турлари бекор қилиниши назарда тутилган. Юридик шахс тугатилаётганида, шунингдек жисмоний ва юридик шахсларнинг қонунчилик бузилганлиги ҳолатлари бўйича берган мурожаатлари асосида фақатгина Назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи Республика кенгаши қарорига мувофиқ ўтказиладиган қисқа муддатли текширувлар қолади. Бундан ташқари, тадбиркорлик субъектлари фаолиятини, шу жумладан, жиноят ишлари доирасидаги муқобил текширишларнинг барча турлари бекор қилинади (5.10.2016 йилдаги ПФ-4848-сон).

Бироқ қўзғатилган жиноий иш мавжудлигида прокуратура, ички ишлар ва миллий хавфсизлик хизмати органлари томонидан хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини текширишларни бекор қилиш ҳақида сўз бормаяпти («Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини давлат томонидан назорат қилиш тўғрисида»ги Қонуннинг 9-моддаси 2-қисми). Шу сабабли 99% эҳтимоли билан текширув ўтказилади. Нима текширилади деган савол туғилади. Қонунга кўра бундай текширув хўжалик юритувчи субъектнинг фақат қўзғатилган жиноят иши билан боғлиқ фаолиятини қамраб олиши мумкин бўлиб, бу ҳақда текширувни тайинлаш тўғрисидаги қарорда кўрсатилган бўлиши лозим. Бухгалтер фаолиятини текширишларини ва унинг фаолиятидаги бошқа эҳтимолий ҳуқуқбузарликларни (бошқа эпизодларни) излашларини ҳисобга олсак, деярли ҳамма нарсани ўрганиб чиқадилар. Бухгалтериянинг фаолиятини ўрганмай туриб, бухгалтер фаолиятининг қонунийлигини қандай қилиб текшириш мумкин? Агар тайинланган тафтиш чоғида биронта қонунга зид хатти-ҳаракат аниқланса, директорнинг ўзи жавоб беришига тўғри келади.

 

АМАЛИЁТДАН МИСОЛ. Ташкилотнинг янги раҳбари бўйсунувига ўтган бухгалтерияда тартиб ўрнатиш истагида талон-торож қилиш далилини аниқлади. Адолатли мақсадни кўзлаган ҳолда жиноятчи бухгалтер жавобгарликка тортилиши учун ҳуқуқни муҳофаза қилиш органига жиноят ҳақида хабар берди. Иш юзасидан тайинланган ташкилот молия-хўжалик фаолияти тафтиши белгиланган бутун даврни бухгалтер ишлаган охирги кунгача текширди, унинг бир қисми янги раҳбар ишлаётган вақтга тўғри келгани тайин. Текширувчилар айни шу оралиқда яна битта жиноят содир этилганлигини аниқладилар. Оқибатда икковлари – ҳам бухгалтер, ҳам раҳбар айбланди.

 

Бир жиҳатни англаш муҳим: тафтишчилар ҳуқуқбузарликни атайин топишга уринмасалар ҳам, уни аниқлаганда яширишга ҳақли бўлмайдилар. Тегишинча, арздордан айбланувчига айланиб қолиш мумкин.

 

Нима қилмоқ керак?

Наҳотки виждонсиз бухгалтер қилмишини жазосиз қолдириш маъқул бўлса? Албатта, йўқ. Бу жиҳатдан айрим тавсиялар берамиз.

1. Ҳар бир аниқ вазиятда ўз юрисконсультингиз ёки адвокатингизга мурожаат қилишингиз зарур, у бухгалтернинг аниқланган ҳуқуқбузарлигини баҳолаб, бу ҳолатда жиноят ҳақида хабар беришга қанчалик мажбурлигингизни белгилайди. Буни мустақил равишда қилишни маслаҳат бермаймиз, сабаби қилмишни баҳолаш – тайёргарлик кўрмаган киши деярли бажара олмайдиган масала. 

2. Вақт ва маблағни аямай, ташкилотингизда текширув ўтказиш учун аудиторларни таклиф қилинг. Ушбу тадбир бухгалтерингизнинг ноқонуний хатти-ҳаракатлари миқёсини тўла англаш, шунингдек шахсан сизни жавобгарликка тортишлари мумкин бўлган «нозик жойларни» топиш имконини беради.

3. Аудиторлар аниқлаган барча қонунбузарликларни, давлат органлари буни талаб қилишини кутиб ўтирмай, ўзингиз бартараф этинг. Бу билан юридик жиҳатдан ҳимояланган бўласиз.

Масалан, биринчи марта жиноят содир этган шахс, агар у солиқ текшируви материалларини кўриб чиқиш натижалари бўйича солиқ органининг қарорини олган кундан эътиборан 30 кун ичида солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар, шу жумладан, пенялар ва бошқа молиявий санкциялар тарзида давлатга етказилган зарарнинг ўрнини тўлиқ қопласа, жавобгарликдан озод қилинади (ЖКнинг 184-моддаси 5-қисми).

ПФ-4848-сон Фармонга мувофиқ, 2017 йил 1 январдан бошлаб молия-хўжалик фаолиятини амалга оширишда биринчи марта ҳуқуқбузарликлар содир этган тадбиркорлик субъектлари ва уларнинг ходимлари йўл қўйилган қонунбузарликларни қонун ҳужжатларида белгиланган муддатларда ихтиёрий равишда бартараф этган ва етказилган моддий зарарни қоплаган тақдирда, инсоннинг соғлиғи ва ҳаётига зарар етказилган ҳолатлар бундан мустасно, уларга нисбатан шунга ўхшаш қоида қўлланади.

4. Ташкилот номидан расмий хат билан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ваколатли органга мурожаат қилинг. Чунончи, прокуратура, ички ишлар ва миллий хавфсизлик органлари жиноятларни текширадилар, уларнинг ваколати эса ЖПКнинг 345-моддасига мувофиқ тақсимланади.

Масалан, ЖКнинг 170-«Алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан мулкий зарар етказиш», 172-«Мулкни қўриқлашга виждонсиз муносабатда бўлиш», 173-«Мулкни қасддан нобуд қилиш ёки унга зарар етказиш» моддаларида назарда тутилган жиноятларни ички ишлар органлари текширадилар. Ўз навбатида ЖКнинг 167-«Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш» моддаси бўйича текширувни жиноят ишини қўзғатган учта органдан бири юритади. Мурожаат қилишда хато қилмаслик учун прокуратурага ариза тақдим этган мақсадга мувофиқ, у бошқа иккита тергов органини назорат қилиш ваколатига эга орган сифатида аризани тегишлилигига қараб йўллайди.

 

Самир ЛАТИПОВ,

«Norma Online» эксперти.

Прочитано: 2262 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика