Буюртмачи кабель сотиб олди, пудрат ташкилоти уни қайта ишлашга бериладиган хом ашё сифатида беришни сўраяпти.
Буюртмачи бундай шарт асосида сотиб олган кабелни бош пудратчи орқали ёрдамчи пудратчига беришга ҳақлими? Агар ҳақли бўлса, ушбу кабелга пудратчининг бошқа харажатлари ҳисоблаб ёзиладими?
З.Норбоев,
МЧЖ директори.
– Ҳа, бундай операцияни бажариш мумкин. Буюртмачининг материалларидан фойдаланган ҳолда ишларни бажариш қонун ҳужжатларида назарда тутилган (ФКнинг 640, 672-моддалари). Буюртмачининг ишларни бажариш учун материалларни тақдим этиш мажбурияти пудрат шартномасида назарда тутилган бўлиши керак. Ишлар якунлангач, пудратчи буюртмачига материаллар сарфи ҳақида ҳисоботни тақдим этиши, шунингдек унинг қолдиғини қайтариши шарт. Буюртмачининг розилиги билан пудратчи ўзида қолган ишлатилмаган материал қийматини ҳисобга олган ҳолда ишнинг баҳосини камайтиришга ҳам ҳақли. Агар буюртмачи материалларни бош пудратчига, бош пудратчи эса ёрдамчи пудратчига берса, бундай бериш ёрдамчи пудрат шартномасида ҳам назарда тутилади. Тегишинча, ишлар якунлангач, ёрдамчи пудратчи бош пудратчига сарфланган материаллар ва уларнинг қолдиғи ҳақида ҳисоботни тақдим этади.
Бош пудратчи (ёрдамчи пудратчи) Бажарилган ишлар (қилинган харажатлар) ҳақида маълумотнома-ҳисобварақ-фактурани (ВМнинг 21.05.2004 йилдаги 02-5-56-сон протокол қарори) расмийлаштираётганда буюртмачи (бош пудратчи) берган материаллар қиймати уларга пудратчининг бошқа харажатларини ҳисоблаб ёзган ҳолда бажарилган ишлар ҳажмларига киритилади. Бажарилган ишларнинг якуний суммасидан кейин маблағларнинг қайтарилиши – буюртмачи материалларининг қиймати, фақат уларга пудратчининг бошқа харажатларини ҳисоблаб ёзмаган ҳолда кўрсатилади (Кўрсатмаларнинг 7-банди, Қурилиш соҳасида ислоҳотларнинг амалга оширилиши ва фаолиятни лицензиялаш мониторинги бўйича республика комиссиясининг 2.02.2009 йилдаги 1-сон баённомасига 2-илова).
Ирина АХМЕТОВА,
«Norma Online» эксперти.