Norma.uz
СБХ / 2016 йил / № 44 / Мутахассис жавоб беради

Толлинг шартномаси: қоидалар ва афзалликлар

 

ЯСТ тўловчиси бўлган жамиятимиз чет эл корхонаси билан тузилган толлинг шартномаси асосида у томонидан харид қилинган ва Ўзбекистонга олиб кирилган хом ашё ҳамда маҳаллий хом ашё ҳисобидан божхона ҳудудида қайта ишлаш режимида тайёр маҳсулот (вафли) ишлаб чиқармоқчи. Шу муносабат билан жамиятимиз сиздан қуйидаги саволларга жавоб беришингизни сўрайди:

1. Жамиятимиз чет эл корхонаси билан толлинг шартномаси асосида тайёр маҳсулот ишлаб чиқарса бўладими?

2. Жамиятимиз бажарган ишлар учун хизмат ҳақи ҳамда тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришга ишлатган маҳаллий хом ашё қиймати эвазига чет эл корхонаси тайёр маҳсулот қолдирса, ушбу маҳсулотни жамиятимиз экспорт қилса, бунда тушган валюта тушумидан мажбурий сотиш амалга ошириладими? Амалга оширилcа, қайси ставкада ва қандай тартибда? Агар хорижий ҳамкор корхона ишлаб чиқарган тайёр маҳсулотнинг ҳаммасини сотиб олиш шарти билан 100% тўловни ЭАВда амалга оширса, жамиятимиз тушган валюта тушумидан мажбурий сотишни амалга оширадими?

 

1

Ҳа, жамиятингиз тегишли рухсатнома асосида чет эл корхонаси билан тузилган толлинг шартномаси асосида тайёр маҳсулот ишлаб чиқариши мумкин.

Толлинг шартномаси ёки, бошқача айтганда, берилган хом ашёни қайта ишлаш шартномаси бўйича қайта ишловчи буюртмачининг топшириғига биноан белгиланган муддатда унга тегишли хом ашёни (материалларни) қайта ишлаб, маҳсулот тайёрлаб бериш мажбуриятини олади, буюртмачи эса унинг учун ҳақ тўлаш мажбуриятини олади.

Божхона ҳудудида қайта ишлаш божхона режимларининг турларидан бири ҳисобланади (Божхона кодексининг 25‑моддаси 8‑банди). Бу режимда товар божхона ҳудудига қайта ишлаш ва уни қайта ишлаш маҳсулотлари тарзида олиб чиқиш мақсадида, божхона божлари ва солиқлар тўлашдан шартли озод этилган ҳолда олиб кирилади (БКнинг 70‑моддаси 1‑қисми).

Чет эл товарлари билан бир қаторда қайта ишлашда божхона ҳудудида қайта ишлаш божхона режимига жойлаштирмаган ҳолда Ўзбекистон товарларидан (шу жумладан чет эллик шахс томонидан сотиб олинган) фойдаланишга йўл қўйилади ­(БКнинг 70‑моддаси 3‑қисми).

Товар ушбу режимга божхона органи томонидан бериладиган уни қайта ишлаш рухсатномаси асосида жойлаштирилади (БКнинг 21‑боби).

Умуман олганда, толлинг шартномаси қатор афзалликларга эга. Масалан, ишлаб чиқарувчи корхонада ўзининг асбоб-ускуналари ёки тегишли мутахассислари бўлмаслиги мумкин. Шунда ишлаб чиқаришга ихтисослашган бошқа ташкилот билан қайта ишлаш ҳақида битим тузади. Қайта ишловчи эса ишлаб чиқариш қувватларидан фойдаланилиши ва шу боис унга иш ҳақи тўланиши кафолатланганидан наф олади. Шунингдек, у ишлаб чиқарилаётган маҳсулот учун харидорларни топиш ҳақида ўйламайди, рекламага ва бошқа харажатларни сарфламайди.

Толлинг шартномасини тузишда унинг тарафлари ФКнинг айрим умумий ва махсус нормалари билан бир қаторда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қайта ишлаш (толлинг) бўйича операцияларни амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низомнинг (АВ томонидан 29.11.2000 йилда 987-сон билан рўйхатдан ўтказилган, бундан кейин – Низом) 2-бобини қўллашлари шарт. Унга биноан контрактларда қуйидагилар кўзда тутилади:

қайта ишлаш учун хорижий товарнинг қиймати ва миқдори;

қайта ишлашда фойдаланиладиган мамлакатимиз хом ашёси, материалларнинг қиймати ва миқдори;

тайёр маҳсулотнинг қиймати ва миқдори;

қайта ишлаш қиймати;

қайта ишлаш муддатлари;

тайёр маҳсулотни олиб чиқиш муддатлари;

валюта тушумининг бир қисмини ваколатли банкка мажбурий равишда сотишнинг шартлари, шакллари, тўлаш ва амалга ошириш муддатлари;

эркин алмаштириладиган валюта (ЭАВ)да белгиланадиган контракт суммаси;

қайта ишлаш маҳсулотларини олиб чиқиш миқдори;

тарафларнинг хоҳишига қараб бошқа шартлар.

Пул маблағларидан ташқари, қайта ишлаш хизматлари учун ҳақ сифатида буюртмачи қайта ишловчига тайёр маҳсулотнинг бир қисмини қолдириши мумкин (АВ томонидан 16.02.2011 йилда 2195-сон билан рўйхатдан ўтказилган Эркин алмаштириладиган валютага экспорт қилишда имтиёзлар ва преференцияларни қўллаш мақсадида ўзи ишлаб чиқарган товарларни (ишларни, хизматларни) аниқлаш қоидаларининг 5‑банди 4‑хатбошиси, бундан кейин – Қоидалар).

 

2

Қайта ишлаш контрактлари бўйича хорижий валютада келиб тушган тушумдан белгиланган тартибда мажбурий сотиш амалга оширилади. Қайта ишлаш чоғида калькуляцияга биноан, контрактда назарда тутилган бундай ишлаш қиймати даромад ҳисобланади. Мажбурий сотиш миқдори қайта ишлаш қийматидан келиб чиқиб, ҳисоб-китобларни амалга ошириш шаклидан қатъи назар, ҳисобланади (Низомнинг 8-боби).

Хўжалик юритувчи субъектлар томонидан хорижий валютадаги тушумни мажбурий сотиш тартибига (ВМнинг 29.06.2000 йилдаги 245-сон қарорига 1-илова билан тасдиқланган, бундан кейин – Тартиб) мувофиқ:

Ўзбекистон Республикаси божхона ҳудудида қайта ишлаш юзасидан контрактлар бўйича хорижий валютадаги тушум деганда резидентлар томонидан хом ашёни қайта ишлаш бўйича норезидентларга кўрсатиладиган хизматлар қиймати тушунилади (2-банднинг «ж» кичик банди);

марказлаштирилмаган валюта тушуми корхонанинг транзит валюта ҳисобрақамига тушум тушган санадан бошлаб 5 банк кунидан кечикмай сотилади. Бунда 500 АҚШ долларига тенг бўлган миқдордан ошмайдиган тушумни ҳар 10 кунда сотишга рухсат берилади. Олдиндан тўланган тўлов (аванс) экспорт қилувчиларнинг транзит ҳисобрақамига тушганда, ушбу маблағлар уларнинг буюртманомалари бўйича экспорт ҳақиқатда амалга оширилгандан кейин сотилган ҳолда валюта ҳисобрақамларига ўтказилиши мумкин. Сотилган хорижий валютанинг сўмга тенг қиймати сотилган санадан бошлаб 1 кундан кечикмай корхоналарнинг ҳисобрақамларига ўтказилади. Валютани сотиш учун корхоналар ўз ваколатли банкларига Тартибнинг 3-иловасига мувофиқ шакл бўйича валютадаги маблағларни ўтказишга топшириқни тақдим этадилар. Корхоналар белгиланган муддатда топшириқни тақдим этмаган ҳолларда ваколатли банклар валюта маблағларини мустақил сотишга ҳақлидирлар (7-банд);

марказлаштирилмаган экспортдан олинган хорижий валютадаги тушумнинг 50%и ваколатли банкларга сотилиши керак (10-банд).

Айрим хўжалик юритувчи субъектлар хорижий валютадаги тушумни мажбурий сотишдан озод қилинганлар. Масалан, микрофирма ёки кичик корхона ҳисоблансангиз, уларнинг орасида сиз ҳам бўлишингиз мумкин (Тартибнинг 3-банди «е» кичик банди). Чунки сизга ҳақ сифатида қолдирилган тайёр маҳсулотнинг бир қисми ўзингиз ишлаб чиқарган товар деб ҳисобланади (Қоидаларнинг 5‑банди 2 ва 4‑хатбошилари).

Агар хорижий ҳамкорингиз сиз ишлаб чиқарган тайёр маҳсулот учун тўловни ЭАВда тўлиқ (100 фоиз) миқдорда амалга оширса ҳам, микрофирма ёки кичик корхона сифатида тушумни мажбурий сотишдан озод этиласиз. Чунки норезидент буюртмачингизга ўз кучингиз билан қайта ишлов берган хом ашё ўзингиз ишлаб чиқарган хизмат деб ҳисобланади (Тартибнинг 3-банди «е» кичик банди, Қоидаларнинг 5‑банди 5‑хатбошиси).

 

Камол МУЗАФФАРОВ,

«Norma Online» етакчи эксперти.

Прочитано: 3325 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика