Norma.uz
СБХ / 2016 йил / № 44 / Тадқиқот

Солиқ тўлашдан бўйин товлашга қарши курашиш механизмлари: назорат қилинувчи чет эл компаниялари қоидаси

 

«Солиқ ва божхона хабарлари» газетасининг 13.09.2016 йилдаги 37, 20.09.2016 йилдаги 38-сонларида солиқ тўлашдан бўйин товлашга қарши курашишнинг ҳуқуқий механизмларидан бири бўлган трансферт нархларни назорат қилиш қоидалари билан танишиб чиққан эдик. Газетанинг бугунги сонида жаҳон амалиётида солиқ тўлашдан бўйин товлашга қарши курашишнинг муҳим ҳуқуқий механизмларидан бири сифатида анча йиллардан буён қўллаб келинаётган назорат қилинувчи чет эл компаниялари қоидаси (controlled foreign company rules) билан газетхонларимизни таништирамиз ва ушбу қоидалар тўғрисида фикр юритамиз.

 

Халқаро иқтисодий муносабатларда турли чизмалардан фойдаланган ҳолда корхоналар солиқ базасини камайтириш ёки корхона фойдасини солиқлар даражаси паст бўлган ҳудудларга ўтказиш йўли билан солиқларни тўлашдан бўйин товлаш амалиёти мавжудлиги ҳаммага маълум. Бу эса ўз навбатида мамлакатлар бюджетига келиб тушиши зарур бўлган даромадлар чет элга олиб чиқиб кетилишига сабабчи бўлади.

Масалан, Россия Банки берган маълумотларга кўра, Россия Федерацияси компаниялари томонидан 2007 йил давомида чет элга 46,3 млрд АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритилган бўлса, уларнинг аксар қисми оффшор ҳудудларга, масалан, 15,3 млрд АҚШ доллари Кипрга, 2,7 млрд АҚШ доллари Бермуд оролларига, 12,7 млрд АҚШ доллари эса Нидерландия Қироллигига, яъни мамлакатдан олиб чиқиб кетилган капиталнинг 71%ига тўғри келган1.

Бир вақтлар оммавий ахборот воситаларида Панаманинг «Mossack Fonseca» фирмаси орқали оффшор зоналарда рўйхатга олинган ҳамда машҳур давлат арбобларига тегишли компаниялар тўғрисида маълумотларнинг ошкор қилиниши анча шов-шувга сабаб бўлган эди. «The Guardian» газетасида Россия давлат арбобларига яқин шахсларнинг оффшор ҳудудлардаги маблағлари тўғрисида маълумотлар берилиши шулар жумласидандир2.

Оффшор ҳудудлардаги бизнес фаолияти бўйича тадқиқот юритган К.Г.Татуловнинг ҳисоб-китобларига кўра, оффшор ҳудудларга даромадлар олиб чиқиб кетилиши натижасида «катта еттилик» сирасига кирувчи давлатлар бюджети кейинги 10 йил ичида 1,2 трлн АҚШ доллари миқдорида зарар кўрган3.

 

Оффшор (offshore — соҳилдан ташқарида) — норезидент жисмоний ва юридик шахслар учун бизнес юритишнинг қулай шарт-шароитларига эга мамлакат ёки мамлакат ҳудуди. Оффшор зоналарда асосан паст даражадаги солиқлар бўлиши ёки умуман мавжуд бўлмаслиги, корхоналарни давлат рўйхатига олиш ва ҳисобот юритишнинг соддалаштирилган қоидалари мавжудлиги ҳамда бизнеснинг ҳақиқий эгалари ошкор қилинмаслиги каби қоидаларнинг мавжуд бўлиши асосий аҳамият касб этади.

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 12.06.2013 йилда 2467-сон билан рўйхатдан ўтказилган Юридик ва жисмоний шахслар томонидан валюта операциялари амалга оширилишининг асосланганлиги юзасидан мониторинг олиб бориш тартиби тўғрисидаги низомнинг 1-иловаси билан Имтиёзли солиқ режими бериладиган ва (ёки) молиявий операциялар амалга оширилганда ошкор этиш ва ахборот бериш назарда тутилмайдиган давлат ва ҳудудлар (оффшор ҳудудлар) рўйхати тасдиқланган. Мазкур рўйхат Ўзбекистон қонунчилигига кўра оффшор ҳудуд деб тан олинган 46 та ҳудудни ўз ичига олади.

 

Юқоридагига ўхшаш дунёдаги кўплаб давлатларга зарар келтирадиган солиқ тўлашдан бўйин товлаш ҳамда фойдани бошқа давлатларга ўтказиш ҳолати анча ташвишли кўриниш олган. 2012 йил ноябрь ойида G20 раҳбарлари йиғилишида Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилотидан (ИҲТТ) Солиқ базасини камайтириш ва фойдани бошқа давлатларга ўтказишга қарши курашиш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқишни сўради.

2013 йилда ИҲТТ Солиқ базасини камайтириш ва фойдани солиқ солишдан олиб қочишга қарши курашиш чора-тадбирлари режасини (Action Plan on Base Erosion and Profit Shifting (BEPS) ишлаб чиқди. ИҲТТ BEPS чора-тадбирлари режаси бўйича аниқланган муаммоларга қарши курашишнинг 15 та асосий йўналишлари тасдиқланди. Умуман олганда, ИҲТТ BEPS чора-тадбирлари режаси агрессив солиқни режалаштириш, солиқ базасини камайтириш ва фойда олинган мамлакат ҳудудидан уни олиб чиқиб кетиш ҳолатларини аниқлаш ва уларга қарши курашиш бўйича давлатлараро тавсиялардан иборатдир. Юқоридаги чора-тадбирлар режасида назорат қилинувчи чет эл компаниялари қоидаси бўйича ИҲТТ томонидан унчалик кўп ишлар амалга оширилмагани таъкидлаб ўтилган, чора-тадбирларнинг 3-бандида назорат қилинувчи чет эл компаниялари қоидаларини кучайтириш бўйича тавсиялар берилган4. Бу ҳолат ўз навбатида назорат қилинувчи чет эл компаниялари қоидаси солиқ солишдан бўйин товлашга қарши курашишнинг асосий усулларидан бири эканлигини яна бир бор кўрсатади.

Назорат қилинувчи чет эл компаниялари қоидаси 1962 йилда илк бора АҚШ солиқ қонунчилигига ўзгартириш киритиш орқали амал қила бошлаганига ва дунёнинг кўплаб ривожланган давлатлари томонидан қабул қилинганига қарамай, ҳали ҳам кўп давлатлар учун долзарб масалалардан бири бўлиб қолмоқда.

Солиқлар даражаси юқори бўлган мамлакатларда фаолият юритувчи компаниялар, асосан компаниялар гуруҳлари мазкур компаниялар гуруҳига тушадиган умумий солиқ юкини пасайтириш мақсадида оффшор зонада яна бир корхона очиб, компаниялар гуруҳи томонидан олинган даромадларни, асосан пассив даромадларни тўплашга, ўзи резиденти бўлган давлатга мазкур даромадлардан солиқ тўлашдан иложи борича қочишга ҳаракат қиладилар. Бундай хатти-ҳаракатлар асосан ўзининг бир қанча компаниялар тармоқларига эга бўлган компаниялар гуруҳи томонидан амалга оширилади.

 

Компаниялар гуруҳлари томонидан фойда солиғини тўлашдан бўйин товлаш бўйича амалда қўлланиладиган чизмалар мисоли

Германия резиденти бўлган «А» компанияси электрон буюмлар ишлаб чиқариш билан шуғулланади. Ушбу маҳсулот сотилишидан тушадиган даромаддан солиқни Германияда тўлашдан қочиб, уларни оффшор ҳудуд ҳисобланувчи Бермуд оролларидаги ўзининг 100% акцияларига эгалик қилувчи «А–Bermuda» шуъба корхонасига ўз таннархида сотади. Албатта, маҳсулотни ўз таннархида сотгандан сўнг фойда олмайди ва компания ушбу битим юзасидан Германияда солиқ тўламайди. «А–Bermuda» ушбу маҳсулотни ўзининг шуъба корхонаси ҳисобланувчи Ҳиндистондаги «А–India» компаниясига бозор нархида сотади, энди мазкур компания маҳсулотни бозор нархида сотса ҳам даромад олмайди ва даромад солиғини тўламайди. Фақатгина Бермуд оролларида жойлашган «А–Bermuda» даромад олади, аммо ушбу ҳудуд оффшор ҳудуд бўлгани учун у фойда солиғини тўламайди. Агар худди ўша Германия компанияси Бермуд оролларидаги ўзининг шуъба корхонасига интеллектуал мулк объектига олган патентни ўтказса, мазкур шуъба корхона патентдан фойдаланиш натижасида олинадиган роялтидан ҳам Бермуд оролларида солиқ тўламайди, натижада Германиянинг солиқ резиденти олиши мумкин бўлган даромад оффшор ҳудудда тўпланади.

Шунга ўхшаш солиқларни режалаштириш чизмалари натижасида ўзаро боғлиқ компаниялар занжиридаги битимлардан олинадиган фойда солиғи суммаси оффшор ҳудудда тўпланиб қолади.

 

Юқорида кўриб ўтилган солиқ солишдан бўйин товлаш бўйича ҳаракатларни чеклаш мақсадида жаҳоннинг кўпгина давлатларида резидент солиқ тўловчилар томонидан солиқ тўловлари паст даражада бўлган ёки умуман солиқ олинмайдиган ҳудудларда, яъни оффшор ҳудудларда компаниялар ташкил этиб, ўз мамлакатида солиқларни тўлашдан бўйин товлашнинг олдини олишга қаратилган назорат қилинувчи чет эл компаниялари қоидаси ишлаб чиқилган ва амалиётга киритилган. Назорат қилинувчи чет эл компаниялари қоидаси асосан компаниянинг пассив даромадлари чет элда, асосан оффшор ҳудудларда тўпланиши ҳамда мазкур даромадлардан солиқ тўлашдан бўйин товлаш ҳолатларига қарши курашишга қаратилган.

Номидан ҳам кўриниб турганидек, мазкур қоидалар муайян давлат резиденти бўлган жисмоний ёки юридик шахснинг чет эл компаниясини бевосита ёки билвосита назорат қилиши билан боғлиқдир. Назорат эса ўз навбатида мазкур солиқ резидентининг чет эл компанияси устав капиталида улушларга эгалик қилишига ёки назорат қилувчи овозга эга бўлишига асосланган. Мазкур қоидалар оффшор ҳудудда рўйхатга олинган ва мамлакат резиденти ҳисобланувчи жисмоний ёки юридик шахсга тегишли бўлган корхона даромадини мазкур шахс жами даромади таркибига киритиш ва унга тегишлича солиқ солишни назарда тутади. Шунингдек, мазкур қоидалар одатда жисмоний ва юридик шахсларга оффшор ҳудудларда улар билвосита ёки бевосита эгалик қилувчи компаниялар тўғрисида маълумот тақдим этиш мажбуриятини юклайди.

Мазкур қоидалар ва қонунларнинг асосий моҳияти мамлакат иқтисодиётини деоффшоризациялаш, яъни даромадларнинг солиқлар даражаси паст бўлган ёки умуман солиқ тўланмайдиган ҳудудларга ўтказилишига тўсқинлик қилиш ҳамда оффшор ҳудудларда рўйхатга олинган компаниялар орқали солиқ солишдан бўйин товлашга қарши курашишга қаратилган. Шуни таъкидлаб ўтиш зарурки, баъзи мамлакатларнинг қонунчилиги нафақат оффшор ҳудудларда, балки дунёнинг барча давлатларида ташкил этилган компаниялар оладиган даромадга солиқ солишни назарда тутади. Демак, назорат қилинувчи чет эл компаниялари қоидаси мамлакат резиденти ҳисобланувчи компаниянинг оффшор ҳудудларда жойлашган компаниялар даромадига солиқ солиш механизмини белгилаб беради. Шунинг учун назорат қилинувчи компаниялар қоидаси деоффшоризация қонунчилиги деган яна бир номга ҳам эгадир.

 

Ихтиёржон ТЎРАБОЕВ,

Тошкент Давлат юридик университетининг

«Молия, банк ва солиқ ҳуқуқи» кафедраси ўқитувчиси.

 


1Л.Н.Старженецкая. «Правила налогообложения контролируемых иностранных компаний: опыт зарубежных стран и возможность применения в России» – «Налоговед» журнали, 2013 йилдаги 9-сони.

2https://www.theguardian.com/news/2016/apr/03/panama-papers-money-hidden-offshore.

3К.Г.Татулов. «Оффшорный бизнес в деятельности российских инвесторов» (автореферат на соискание кандидата экономических наук) – Москва, 2014 йил, 3-бет.

4Action 3, OECD (2013), Action Plan on Base Erosion and Profit Shifting, OECD Publishing.

Прочитано: 1950 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика