Мамлакатимиз фаунасини оққуйруқ, яъни сайғоқсиз тасаввур қилиш қийин. Ўзбекистон ушбу ноёб жониворлар сақланиб қолган дунёнинг атиги бешта мамлакатидан бири ҳисобланади.
Саҳро кенгликларида яшашга мослашган бу жониворлар табиат инжиқликларидан эмас, балки одамзоднинг ҳакалак отган нафси туфайли қирилиб кетаётгани аянчлидир. Улар нафақат лаззатли гўшти, энг аввало, қимматбаҳо шохлари учун браконьерларнинг ўлжасига айланмоқда. Хитой ва Жанубий-Шарқий Осиё мамлакатлари табобатида ҳозирга қадар кенг қўлланилаётгани боис сайғоқ шохлари мўмай даромад орттириш воситасига айланиб улгурган.
Афсуски Ўзбекистонда сайғоқларни асраш, улар яшаб, кўпаядиган ҳудудларни муҳофаза қилишга алоҳида эътибор берилаётганига қарамасдан, қонунга хилоф тарзда овланган сайғоқларнинг шохларини яширин равишда олиб чиқишга бўлган уринишлар кўзга ташланмоқда.
Яқинда Фарғона вилояти божхона бошқармаси ва Миллий хавфсизлик хизмати ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбир давомида йирик миқдордаги сайғоқ шохларининг контрабандаси фош қилинди. Фарғона шаҳридаги омборлардан бири амалдаги тартибларга мувофиқ холислар иштирокида кўздан кечирилганда, ушбу омборда 468 дона сайғоқ шохлари ҳамда 72 дона мазкур турдаги шохлар бўлаклари, бундан ташқари 170 дона терилар яширин равишда сақланаётганлиги маълум бўлди.
Суриштирувлар давомида аниқланишича, ноқонуний равишда олиб чиқишга мўлжалланган ушбу ноёб маҳсулотлар ва терилар Сўх туманида истиқомат қилувчи Фарҳод Амуровга (исм-шарифи ўзгартирилган) тегишли бўлиб, дастлабки маълумотларга кўра, уларнинг нархи салкам 148 млн. сўмни ташкил қилар экан.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан божхона текширувлари ва суриштирув жараёнлари давом эттирилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, сайғоқ миллий ва халқаро «Қизил китоб»га киритилган бўлиб, уни овлаш 1992 йилдан бошлаб қатъиян ман қилинган. Сайғоқлар қисқариш тезлиги жиҳатидан сут эмизувчилар орасида ўзига хос «рекордчи» ҳисобланади – сўнгги 25 йил давомида улар 95 фоизгача қисқарган.
Амалдаги тартибларга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Қизил китобига киритилган камёб ва йўқолиб кетиш хавфи остидаги ёввойи ҳайвонларни табиий муҳитдан олиш Вазирлар Маҳкамасининг розилигига биноан, Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси томонидан бериладиган рухсатномалар асосида амалга оширилади.
Фарғона вилояти божхона бошқармаси Ахборот хизмати.